Спорт | 14:50
3610
7 дақиқада ўқилади

ЖЧ анонси. Ҳоланд Кейнга қарши, Аргентинада илк жиддий рақиб

Бразилияни турнирдан чиқариб юборган скандинавлар турнир ғолиблиги учун фаворитлардан бирига ҳам муаммо туғдира оладими? Кабо-Верде ва Миср каби камтарона рақибларга қарши ўйинларда ҳам қийналган Аргентина устози Европа жамоасига қарши ўйин учун янги нарса ўйлаб топадими?

Фото: Global Look Press, Getty Images

Бугун тунда жаҳон чемпионатида чоракфинал босқичи якунланади. Дастлаб Ҳарри Кейн бошчилигидаги Англия ва турнир кашфиётига айланган Норвегияга қарши баҳс олиб боради, тунда амалдаги чемпион Аргентина Швейцарияга қарши ўйнайди. Ушбу жуфтлик ғолиблари яримфиналда ўзаро рақиб бўлади.

Норвегия – Англия
12 июл, 02:00. Hard Rock Stadium (Майами)

Турнир стартида кўпчилик Норвегияни бир футболчига таяниб қолган жамоа сифатида кўраётганди. Аммо гуруҳ босқичи ва плей-оффдаги дастлабки ўйинлар Столе Солбаккен яхши жамоа шакллантирганини кўрсатди. Турнир давомида норвегларга муносабат ўзгариб борди. Бразилия устидан қозонилган ғалабадан кейин эса шу қадар ишончли чиқдики, Эрлинг Ҳоланд икки гол урган бўлса-да, бу ғалаба биргина унинг даҳоси маҳсули эмасди. Бу ўйинда жамоа таркибидаги барча футболчилар яхши таассурот қолдиришди. Скандинавлар ўшанда ўйин борасида ҳам устунлик қилди ва номдор рақибни фақат қарши ҳужумларга таянишга мажбур қилди, ўз имкониятларидан эса совуққонлик билан фойдаланди, бунга параллел равишда бразилларнинг асосий футболчиси Винисиус тўлиқ зарарсизлантирилди.

Столе Солбаккен ўйин якунланганидан кейинги интервюсида Норвегия аввалбошдан тўпга эгалик қилиш ва ўйинни назорат қилиш учун майдонга тушганини айтиб ўтди. Амалда ҳам жамоа марказий ҳимоячилар орқали ҳужум бошлади ва узоқ вақт босим остида тўпга эгалик қилишдан чўчимади. Шунинг учун навбатдаги ўйинда ким биринчи рақам остида ўйнашини олдиндан айтиб бўлмайди. Қоғозда Англия фаворит, аммо Норвегия амалда буни йўққа чиқара олиш салоҳиятига эга.

Ўйинга кўпчилик Ҳоланд ва Кейн дуэли призмаси орқали ҳам қарамоқда. Икки форвард ҳам турнирни юқори даражада ўтказмоқда: Эрлинг тўрт ўйинда 7 гол уриб ташлади, Ҳаррининг ҳисобида 6 та гол бор. Сайёранинг айни вақтдаги энг кучли ҳужумчиларининг тўқнашувини кузатиш қизиқ, аммо ўйин фақат уларнинг қарама-қаршилигидан иборат эмас.

Англиянинг ҳозирги авлоди сўнгги икки Европа чемпионатида финалга чиққан, 4 йил олдинги жаҳон чемпионатида бўлажак финалчилар Францияга ютқазиб, турнирни тарк этганди. Бу сафар Томас Тухел жамоаси ўз олдига мундиалда юқори натижаларга эришишни кўзлаган ва чоракфиналда тўхтамоқчи эмас. Инглизлар деярли ҳар бир ўйинда матонат кўрсатишига тўғри келмоқда (гуруҳда Хорватия, плей-оффда Конго ДР ва Мексика билан ўйинлар жуда қийин кечди). Бу ўйинларда ҳимоя чизиғига саволлар туғилган бўлса-да, жамоа тонусни сақлаб қолмоқда.

Норвегияга қарши ўйин олдидан эса ўнг қанот ҳимоясида муаммолар юзага келган: бу қанот учун асосий номзод ҳисобланган Жеймс жароҳатланди, унинг ўрнини эгаллаган Спенсда ҳам муаммо пайдо бўлди, учинчи номзод ҳисобланган Куанса эса Мексика билан ўйинда қизил карточка олиб, икки ўйинга дисквалификация қилинди. Томас Туҳел энди бу позицияни таянч яримҳимоячиларидан бири билан ёпишгача бўлган радикал чораларга қўл уришга мажбур бўлиши мумкин.

У Норвегияга қарши ўйин учун биринчи галда Ҳоландни жамоадошларидан узиб қўйишга қаратилган режа тайёрлагани тайин, бунинг учун бирданига икки яримҳимоячи ушбу ҳужумчига узатмалар йўлини тўсишга жалб этилиши керак бўлади. Аммо Эрлинг бутун ўйин давомида пайт пойлаб юриб, кутилмаганда портлаши ва дарвозани ишғол қилиши мумкин. Шунинг учун инглизлар жамоаси ҳимоячиларидан ҳушёрликни бир сонияга бўлса-да йўқотмаслик талаб этилади.

Аргентина – Швейцария
12 июл, 06:00. Arrowhead Stadium (Канзас-Сити)

Кўпчилик бу турнирда Аргентина учун осон гуруҳ ва плей-оффда осон йўлак тайёрлаб берилгани ҳақидаги назарияларни тарқатиш билан банд. Жамоа чиндан ҳам гуруҳда Жазоир, Австрия ва Иордания каби рақибларга қарши ўйинларда ҳеч қандай муаммога учрамади ва 100 фоизлик натижа билан гуруҳдан чиқди.

Аммо 1/16 финалда турнир дебютанти Кабо-Верде билан ўйин кутилмаганда амалдаги чемпионлар учун илк жиддий синовга айланди. Возиня бошчилигидаги оролликлар ўйиннинг асосий вақтида номдор рақибга туриб бера олди ва фақат қўшимча бўлимларда мағлуб бўлди (2:3).

1/8 финалда Мисрга қарши кечган ўйин эса аллақачон жаҳон чемпионати ва Аргентина футболи тарихига кирди. «Албиселесте» 79-дақиқага қадар икки тўп фарқи билан ортда борди, фақат ўйин охирида учта гол уриб, иродали ғалабага эришди.

Бир томондан, бундай камбэк Аргентина футболчиларида ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаши мумкин. Бошқа томондан – жамоа ўйинидаги муаммолар яна бир бор кўзга ташланиб қолди. Скалони шогирдлари бу турнирда очиқ ўйин намойиш этиб, рақибларга кўп нарсага рухсат бермоқда, юқори жойлашган ҳимоя чизиғи жамоа жарима майдони томон хавфли рейдларга сабаб бўлмоқда. Агар Месси юқори спорт формасини сақлаб қолмаганида, бу жамоа турнир фаворитлари қаторида саналмаётган бўларди.

Швейцария эса, аксинча, ҳимоядаги тартибли ўйин орқали чоракфиналгача етиб келди. 1/8 финалда европаликлар қарийб икки соат мобайнида Колумбияни тийиб турди ва унинг тезкор ҳужумчиларига одатий ўйинини кўрсатишга имкон бермасдан, пеналтилар сериясига етиб борди ва 1954 йилдан буён илк бор жаҳон чемпионатларида чоракфиналга йўл олди.

Швейцария азалдан фаворитлар учун ноқулай рақиб бўлиб келган. Бу жамоа ёрқин таассурот қолдирмаслиги мумкин, лекин рақибнинг устунликларини йўққа чиқара олади. Шу ўринда 2014 йилги чемпионатини ёдга олиш мумкин, ўшанда Аргентина швейцарлар тўсиғидан фақат Ди Мариянинг 118-дақиқада урган голи орқали ўта олганди. Ўшанда ҳам европаликлар майдон марказини бетонлаб ташлаган ва рақибни фақат индивидуал маҳоратга таянишга мажбур қилганди.

Аргентина қарама-қарши курсларда кечувчи ўйинларда ўзини яхши ҳис қилади, аммо тўпни бутунлай топшириб, иккинчи рақамда ҳаракат қилишга рози бўлувчи жамоалар билан доимо катта муаммоларга дуч келади. Швейцария эса худди шундай рақиблардан бири. Аргентина бу турнирда икки марта ҳалокат ёқасидан қайтди: Кабо-Верде ва Мисрга қарши ўйинларда фақат савия борасидаги фарқ қўл келди. Энди эса йўлдан фаворитларга қарши қандай ўйнашни биладиган рақиб чиққан.

1/8 финалдаги камбэк драма нуқтайи назаридан ажойиб чиқди, шу билан бирга, бу ўйин Скалони жамоасининг мустаҳкамлик захираси унчалик катта эмаслигини кўрсатиб қўйди. Швейцария бу сафар ҳам
ўйинни узоқ давом этадиган позицион курашга айлантириши аниқ, бундай ўйинда биргина хато ҳам қимматга тушиши мумкин. Аммо Аргентинада Месси бор ва бу қурол ушбу турнирда ҳали отмай қолмади.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид