Бугун тунда Франция ва Марокаш ўртасидаги баҳс билан 2026 йилги жаҳон чемпионатида чоракфинал баҳслари старт олади.
Франция ва Марокаш жуфтлигида қатор интригалар бор. Биринчидан, Марокаш миллий жамоаси таркибидаги футболчиларнинг бир қисми – французлар футбол тизими мевалари ҳисобланади. Иккинчидан, Марокаш узоқ вақт мобайнида Франция мустамлакаси ҳисобланган ва тарихий алоқаларга эга. Учинчидан, 2022 йилги жаҳон чемпионати яримфиналида ушбу жамоалар ўзаро ўйнаган ва ўша ўйин ҳакамлик можароси билан ёдда қолган, финалга эса Европа вакиллари йўл олишганди. Энди марокашликлар ўша мағлубият учун қасос олишга ҳаракат қилишади.
Франция – Марокаш
10 июлга ўтар кечаси, 01:00. Gillette Stadium (Фоксборо)
Жамоаларнинг турнирдаги йўли
Диде Дешам шогирдлари бу турнирда ҳали бирор марта ютқазмади: гуруҳ босқичида Сенегал (3:1), Ироқ (3:0) ва Норвегия (4:1) таслим этилди. Учранглилар плей-оффнинг дастлабки ҳафтасини ҳам бенуқсон ўтказишди: 1/16 финалда Швецияга ҳеч қандай имконият қолдирилмади (3:0), 1/8 финалда Парагвай тўсиғидан ўтилди (1:0).
Жанубий Америка вакиллари номдор рақибга қарши турли йўлларни, жумладан, қоидалардан ташқари усулларни ҳам ишга солишга ҳаракат қилди, аммо шундай қўполликлардан биридан кейин белгиланган пеналти туфайли мағлуб бўлишди. Парагвайликлар деярли ҳужум қилишмади ва вазиятларга эга бўлишмади.
Айнан шу туфайли Франция ҳимояси аслида қанчалик яхши ҳолатда эканини текширишнинг имкони бўлмади. Турнир бошидан буён ушбу жамоага тенгма-тенг ўйин ва кураш кўрсатган рақибнинг ўзи дуч келмади.
Шундай экан, Марокаш – турнир фаворитлиги учун асосий даъвогар сифатида кўрилаётган ушбу жамоа учун илк жиддий синов бўлади. 1/8 финал ўйинларидан кейин Opta суперкомпютери жамоаларнинг турнир ғолиблиги учун имкониятларини қайта баҳолади, унга кўра, Франциянинг жаҳон чемпионлиги учун имконияти 27,32 фоизга баҳоланган, иккинчи ва учинчи ўринларда эса Испания (21,33 фоиз) ва Аргентина (17,28 фоиз) қайд этилган.
Марокашликлар 4 йил олдин Қатардаги мундиалда тарихий натижа қайд этган: Африканинг жаҳон чемпионати яримфинал босқичида ўйнаган илк жамоасига айланганди. Энди эса бу натижани такрорлаб, қитъанинг турнир 1/2 финалида қаторасига икки марта ўйнаган илк жамоасига айланиши мумкин.
«Атлас шерлари» жорий турнирда ҳали ютқазгани йўқ: гуруҳда Бразилия билан дуранг ўйнади (1:1), Шотландия (1:0) ва Ҳаитини (4:2) мағлуб этди. 1/16 финалда Нидерландия тўсиғидан ўтилди: 91-дақиқада ҳисоб тенглаштирилди (1:1), пеналтилар сериясида Буну қаҳрамонлик кўрсатди (3:2). 1/8 финалда эса Канада йирик ҳисобда тор-мор этилди (3:0).








