Бугун тунда Испания ва Белгия ўртасидаги учрашув билан жаҳон чемпионатида чоракфинал босқичи давом эттирилади. Ушбу жамоалар катта турнирларда тез-тез тўқнаш келишади ва бу борада устунлик Пиреней яримороли вакилларида.
Лекин Белгия АҚШга қарши ўйини билан ўзини ҳисобдан чиқаришга ҳали эрта эканини намойиш этиб қўйди.
Ушбу баҳс ғолиби яримфиналда Францияга қарши ўйнайди.
Испания – Белгия
11 июлга ўтар кечаси, 00:00. SoFi Stadium (Лос-Анжелес)
Жамоаларнинг турнирдаги йўли
Луис де ла Фуэнте шогирдлари турнир стартида кутилмаганда Кабо-Верде билан ўйинда очко йўқотганди, аммо кейинги рақибларнинг барчаси мағлуб этилди: гуруҳда Саудия Арабистони (4:0) ва Уругвай (1:0), плей-оффда – Австрия (3:0) ва Португалия (1:0).
Пиреней яриморолидаги қўшнилари билан ўйинни захирадан тушган футболчилар ҳал қилишди: 91-дақиқада Ферран Торрес Микел Меринони дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборди, «Арсенал» яримҳимоячиси ўз имкониятидан фойдаланди.
«Қизил фурия» 2010 йилдан буён илк бор ЖЧ чоракфиналига чиқди ва қаторасига олти ўйинда гол ўтказмаган илк жамоа сифатида турнир тарихига кирди – бу серия 2022 йилги мундиал нимчоракфиналида Марокашга қарши ўйиндаги голсиз дуранг (ўшанда пеналтилар сериясида Африка вакиллари устун келишган) билан бошланганди.
Испанлар дарвозабони Унаи Симон эса жаҳон чемпионатида 609 дақиқадан буён дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган дарвозабон сифатида янги рекорд ўрнатди, бунгача энг яхши натижа 1990 йилги турнирда 517 дақиқа мобайнида гол ўтказмаган италиялик Валтер Дзенгага тегишли бўлиб турганди.
Белгия эса 1/4 финалгача йўлда катта қийинчиликларга учради: Руди Гарсия шогирдлари гуруҳ босқичидаги биринчи ўйинда Эрон дарвозасини ишғол эта олмади (0:0), Миср билан ҳам очколарни бўлишиб олди (1:1), учинчи турда эса бор аламини Янги Зеландиядан олди (5:1), 1/16 финалда Сенегалга қарши ўйинда ақл бовар қилмас камбэк амалга оширишга тўғри келди – жамоа сўнгги дақиқаларда 0:2 ҳисобидан чиқиб кетиб, ўйинни қўшимча бўлимларга олиб ўтди ва у ерда ғалаба голини урди (3:2). 1/8 финалда АҚШга кечган можароли ўйинда эса йирик ҳисобда ғалаба қозонди (4:1).
Мезбонларга қарши ўйинда Шарл де Кетеларе дубл қайд этди, бундан ташқари, яна бир голга ҳаммуаллифлик қилди, Ҳанс Ванакен гол+пас бўйича 1+1 кўрсаткичини қайд этди, Ромелу Лукаку яна захирадан тушиб, гол урди, турнирни жуда кучли ўтказаётган Леандро Троссар эса навбатдаги ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди.








