Жаҳон | 09:13
2147
2 дақиқада ўқилади

Москва илк марта ёқилғи инқирозининг ҳақиқий сабабини очиқлади

Россия ҳукумати биринчи марта мамлакатда кузатилаётган ёнилғи танқислиги Украина томонидан нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚЗ)га уюштирилган дрон ҳужумлари оқибати эканини тан олди. Бош вазир ўринбосари Александр Новакнинг айтишича, айрим заводларнинг қисман ишдан чиқиши бензин ва дизел таъминотида узилишларга ҳамда айрим ҳудудларда навбатлар юзага келишига сабаб бўлган.

Фото: Анатолий Жданов, Коммерсантъ

Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак 10 июл куни журналистлар билан мулоқотда мамлакатда ёнилғи таъминоти билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини очиқ тан олди.

«Биз муаммолар борлигини ва танқислик мавжудлигини тан олишимиз керак. Ана шу танқислик туфайли айрим жойларда навбатларни кузатяпмиз», — деди у.

Новакнинг таъкидлашича, бу ҳолатнинг асосий сабаби нефтни қайта ишлаш заводларининг Украина дронлари ҳужумлари натижасида қисман ишдан чиққани ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, бу ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига ва ички бозорда ёнилғи етишмовчилигига олиб келган.

Бунга қадар Россия федерал ҳукумати мамлакатдаги ёқилғи танқислигини НҚЗга қилинган ҳужумлар билан очиқ боғлашдан тийилиб келган эди. Масалан, 8 июл куни президент Владимир Путин иштирокида ўтган ҳукумат йиғилишида Новак фақат Украина қуролли кучлари ҳужумлари оқибатида бензин ва дизел ишлаб чиқариш ҳажми қисқарганини қайд этган, аммо танқислик ҳақида тўғридан тўғри гапирмаган.

Ёнилғи инқирозини юмшатиш мақсадида Россия ҳукумати бир қатор чеклов чораларини ҳам жорий қилди. Хусусан, мамлакатдан бензин ва дизел ёнилғисини экспорт қилиш вақтинча тақиқланди. Расмийлар бу орқали ички бозорни ёнилғи билан таъминлашни барқарорлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Financial Times нашри баҳолашича, Россиядаги ёнилғи танқислиги мамлакатнинг тахминан 50 миллион аҳолисига, яъни умумий аҳолининг қарийб 35 фоизига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Бу эса муаммонинг маҳаллий эмас, балки кенг кўламли тус олганини кўрсатади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид