Жамият | 21:19 / 11.07.2026
1346
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги 200дан ортиқ сув ҳавзаларининг номлари ўзгарди

“Акколь” номи “Оқкўл”, “Рыбацкий залив” — “Балиқчикўл”, “Тубаколь” — “Тубакўл” кўринишида расмийлаштирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатимиздаги айрим дарёлар, сойлар, кўллар, булоқлар, шаршараларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда янги ном бериш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан, қонунчилик талаблари асосида номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилаётган ҳамда янги ном берилган 216 та дарёлар, сойлар, кўллар, булоқлар ва шаршаралар рўйхати тасдиқланди.  

Масалан, “Акколь” номи “Оқкўл”, “Рыбацкий залив” — “Балиқчикўл”, “Тубаколь” — “Тубакўл” кўринишида расмийлаштирилди.

Қарорда Сув хўжалиги вазирлигига икки ой муддатда Кадастр агентлиги, Туризм қўмитаси, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда дарёлар, сойлар, булоқлар, шаршаралар номларининг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилиши ҳамда уларга янги ном берилиши муносабати билан тегишли ҳужжатлар, хариталар, маълумотлар базаларига ўзгартишлар киритиш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, вазирлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Туризм қўмитаси, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда дарёлар, сойлар, кўллар, булоқлар ва шаршараларда ўрнатилган пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларнинг давлат тили қоидалари ва меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилишини таъминлайди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид