Икки қуруқлик ўртасидаги чегарани яққол белгилаш мумкин, аммо сувликда-чи?
Ер куррасида шундай нуқталар борки, у ерда икки сув ҳавзаси ҳеч бир тўсиқсиз учрашади, аммо сувлари аралашиб кетмайди. Бунинг сабаблари эса турлича бўлиши мумкин. Pikabu.ru сайти табиатнинг ана шундай мўжизасига бағишланган фотогалереяни тақдим этди.
Шимолий денгиз ва Болтиқ денгизи
Даниянинг Скаген шаҳри атрофида Шимолий денгиз ва Болтиқ денгизи тўқнашади. Икки денгизнинг суви турли зичликка эгалиги боис ҳам шунчаки тўқнашади – аралашиб кетмайди.

Ўртаер денгизи ва Атлантика океани
Гибралтар бўғози Ўртаер денгизи ва Атлантика океани тўлқинлари учрашадиган нуқта ҳисобланади. Турли сув ҳавзаларининг тўлқинлари ҳар хил зичлик ва шўрлик даражасига эгали туфайли қўшилиб кетмайди.

Кариб денгизи ва Атлантика океани
Антил ороллари бўйида Кариб денгизи ва Атлантика океани суви оралиғидаги чегарани яққол кўриш мумкин.

Баҳама ороллари чегара бўлиб турган ҳудудда ҳам Кариб денгизи (ҳаворанг сув) ва Атлантика океани (кўк рангли сув) орасидаги контрастни кўриш мумкин.

Суринам дарёси ва Атлантика океани
Атлантика океани кўплаб бошқа сув ҳавзалари билан чегарадош бўлиш билан бирга, уларнинг аксарияти билан қўшилиб кетмайди. Шундай тўқнашувлардан бири Жанубий Америкадаги Суринам дарёси билан кузатилади.

У икки денгизни — буниси чучук-ширин, униси шўр-аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва ораларига кўринмас тўсиқ ҳамда очилмас сарҳад қилган Зотдир. (Фурқон сураси, 53-оят).
Маълумки, барча уммонлар ва денгизларнинг суви шўр, дарёларнинг суви чучук ҳисобланади. Дарёлар оқиб бориб сувини денгизларга, уммонларга қуяди. Аммо бу билан денгиз суви чучук бўлиб қолмайди, дарё суви шўр бўлиб қолмайди. Ваҳоланки, дарёларнинг суви ҳам денгиз ва уммонлардан буғланиб кўтарилган сувдан иборат.
























