Жамият | 10:56
3427
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳайдовчи Америкада оқибати ўлим билан тугаган ЙТҲ содир этди

АҚШнинг Оҳайо штати Колумбус шаҳрида ўзбекистонлик ҳайдовчи ўз бошқарувидаги юк машинасида ЙТҲ содир этди. Авария оқибатида 21 ёшли коллеж ўқувчиси Тоби Форсайт ҳалок бўлди. АҚШ медиаси ҳайдовчи далилларни яширишга уринганини ёзди. Kun.uz гаплашган манбаларга кўра, вазият бошқача. Айни дам биринчи суд мажлиси ҳам ўтказилган.

Америка телеканаллари ўзбекистонлик трак ҳайдовчиси коллеж ўқувчисини уриб ўлдирди, дея хабар тарқатди. Масалан, Fox News’даги репортажда айтилишича, инглиз тилида унча гаплаша олмайдиган ҳайдовчи авариядан сўнг далилларни йўқотишга уринган. Kun.uz вазият юзасидан бирламчи маълумотларни йиғишга уринди. Бизга айтилишича, йўл-транспорт ҳодисасидан кейин ўзбекистонлик ҳайдовчи камера ёзувларини ўзи билан олган, мақсади далилларни йўқ қилиш эмас, балки сақлаш бўлган.

Воқеа ўтган якшанба куни Оҳайо штатининг Колумбус шаҳрида содир бўлган. Афсуски, авария оқибатида 21 ёшли коллеж ўқувчиси ҳалок бўлган. Америка матбуоти уни яхши футболчи, яхши жамоадош деб таърифламоқда. Шунингдек, 42 ёшли ўзбекистонлик Байден маъмурияти даврида АҚШга кирган ва Ню Йоркдан тижорат лицензиясини олган, полиция унинг инглизчани билмаслигини айтмоқда, дейди Америка матбуоти.

Kun.uz вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон элчихонаси, консуллик ҳамда ватандошларга уланди. Маълумотларни аниқлашда Вашингтон штатидаги консуллик ёрдамлашди. Бош консул Аҳрор Бурҳонов орқали гаплашган манбаларимизга кўра, вазият кўринганидек эмас. Ўзбекистонлик ҳайдовчи қочишга уринмаган, ўзининг телефонлари ва видеоёзувларини йўқолиб кетмаслиги учун ўзи билан олган. Буни Цинцинатти шаҳридаги “Ҳамкор Уз” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Зафар Алимов ҳам тасдиқлади.

“Ватандошимиз билишимча, Америкага қонуний келган. Ўзи ҳам авариядан стрессда, видеоёзувларни олишдан мақсади яшириш эмас, балки уларни сақлаб қолиш бўлган. Чунки унинг юк машинаси ёниб кетиши мумкин эди, АҚШ медиасида эса бутунлай бошқача ёритишди”, дейди у.

Алимовнинг қўшимча қилишича, ўзбекистонликлар ҳақидаги хабарларни Америка матбуоти бўрттириб юбормоқда.

“Охирги пайтлар негадир биз ўзбеклар ҳақидаги хабарлар жуда негатив. Улар бошқача ёритади, бизнинг Ўзбекистондаги каналлар эса борича кўчиради, ундай қилмасликларини мен сўраб қолардим. Биргина шу инсон мисолида, у инглизчани унча билмаган, лекин далилларни яширишга уринмаганини айтмоқда”, дейди жамоат ташкилоти раиси.

Маълум бўлишича, аллақачон биринчи суд мажлиси ҳам ўтган ва ҳозир йўл-транспорт ҳодисасини содир этган юртдошимиз Американи тарк этмаслик шарти билан уйига қўйиб юборилди, аммо иш давом этади.

АҚШ матбуотига кўра, магистрал йўлларда иммигрант ҳайдовчилар содир этиб, оқибати ўлим билан тугаган авариявий ҳолатлар сони ўтган бир йилда 30 дан ортиқ. Ҳайдовчиларнинг, айниқса трак ҳайдовчиларининг ҳужжатларини яхшироқ текшириш керак дейилади Fox News репортажида.

АҚШ дан Kun.uz учун махсус тайёрланди.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид