Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Азов-Дон канали орқали кемалар ҳаракатини чеклади
Украина томонидан Азов денгизидаги кемаларга уюштирилган дрон ҳужумларидан сўнг Россия Азов-Дон денгиз канали орқали кема ҳаракатини номаълум муддатга тўхтатди. Бу ҳақда Reuters агентлиги Россиянинг ғалла экспорти соҳасидаги уч манбасига таяниб хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, Россия ФХХга бўйсунувчи Чегара хизмати кема компанияларига Азов-Дон денгиз канали орқали кемалар ўтиши учун аризалар қабул қилиниши вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабарнома юборган. Чекловлар қанча вақт амал қилиши ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Манбалардан бири, шунингдек, Қора денгиз ва Азов денгизини боғловчи Керч бўғози орқали ҳам кемалар ҳаракати вақтинча тўхтатилганини маълум қилган. Бироқ Россия расмий идоралари бу қарор сабабларини изоҳламаган. Reutersʼнинг қишлоқ хўжалиги ва транспорт вазирликларига юборган сўровлари ҳам жавобсиз қолган.
Бир неча кун аввал Украина Қуролли кучлари Азов денгизидаги Россия кемаларига қарши кенг кўламли дрон амалиётлари ўтказилганини маълум қилган эди. Украина Қуролли кучларининг учувчисиз тизимлар қўшинлари қўмондони Роберт Бровди (“Мадяр“) 9 июл куни ўзининг Telegram саҳифасида тўрт кун ичида камида 25 та кема нишонга олингани ҳақида рўйхат эълон қилди. Унинг қайд этишича, айрим кемалар бир неча марта ҳужумга учраган.
Украина томони маълум қилишича, нишонга олинган кемаларнинг аксарияти нефт танкерлари бўлиб, улар Россиянинг халқаро санкциялар остидаги «яширин флоти» таркибига киради. Шунингдек, бир қатор қуруқ юк кемалари ҳам ҳужумларга учраган.
Россия расмийлари Азов денгизидаги кемаларга ҳужумлар кескин кўпайгани ҳақидаги маълумотларга ҳозирча изоҳ бермаган. Бироқ айрим воқеалар расман тасдиқланган. Хусусан, Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар 8 ва 9 июл кунлари Таганрог қўлтиғида камида тўртта танкер дронлар ҳужумига учраганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, кемалар енгил шикастланган.
Reuters таъкидлашича, Азов денгизи соҳилларида жойлашган Ростов вилояти ва Краснодар ўлкаси Россиянинг асосий ғалла етиштирувчи ҳудудлари ҳисобланади. Шунингдек, мамлакат ғалланинг катта қисмини Азов–Қора денгиз ҳавзаси орқали экспорт қилади. Шу боис мазкур йўналишдаги чекловлар Россиянинг экспорт логистикасига таъсир кўрсатиши мумкин.
Азов денгизидаги ҳужумлар ҳақидаги хабарлар ва кема қатнови тўхтатилиши мумкинлиги тўғрисидаги маълумотлар ортидан Euronext биржасида буғдой нархи бир кун ичида 4 фоиздан ортиқ ошди. 10 июл куни қайд этилган кўрсаткич сўнгги олти ҳафтадаги энг юқори даража бўлди.
Мавзуга оид
10:03
Россияда BMW рухсатсиз йиғилаётгани айтилди
20:34 / 10.07.2026
Россия газининг Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажми ошиши кутилмоқда
11:50 / 10.07.2026
Der Spiegel: Хитой Россия билан ҳарбий-техник ҳамкорликни кенгайтирган
10:10 / 10.07.2026