Жаҳон | 22:21 / 12.07.2026
2228
8 дақиқада ўқилади

Трамп Украинадан мамнун, Россияга Ҳиндистондан бензин – ҳафта дайжести

Ҳафта давомида Эрон ва Америка ўртасида уруш қайталанди. Вазият шунчаликка бордики, Трамп уни ўлдиришса, «Эроннинг кулини кўкка совуриш бўйича» буйруқ чиқарди. Демак, февралдан буён Эрон билан урушиб ётган Америка президенти қандайдир хавфни сезган. Россия – Украина уруши ҳам ҳали-бери тугамайдиган кўринади. Россияда чуқур ёнилғи инқирози кузатилаётгани ҳам Путинга таъсир кўрсатмаган, урушнинг бориши уни тўлиқ қаноатлантирмоқда. Қуйида ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеаларини биргаликда ёдга оламиз.

Уруш қайталанди

Ҳафта давомида Америка ва Эрон яна урушиб кетди. Эрон Али Хоминаий билан видолашув маросимлари давом этаётган, кўчалар одамга тўлган бир вақтда Ҳўрмуз бўғозидаги савдо кемаларига ҳужум қилди. Бунга жавобан Америка Эрон бўйлаб ракета учирди. Яна тинч аҳоли вакиллари ўлди. 60 та тезюрар қайиқ йўқ қилинди. Шунингдек, Эрон нефтидан олиб ташланган санкциялар қайта тикланди. Эрон ҳам «уруғликка асраб қўйган» ракеталарини олиб чиқиб Яқин Шарқдаги Америка базаларига қаратиб отди.

Энди бу уруш кулгили кўриниш олди, тўғриси. Ахир Америкадек қудратли давлат Эрон армиясининг қайиқлари йўқ қилингани ҳақида ҳисобот бериб ўтирибди. Бу кетишда Пентагон Ҳўрмуз бўғозида ноқонуний балиқ овлаётган балиқчиларга қарши рейд ўтказиб, броконерларни қўлида икра билан суратини эълон қилса ҳам, ажабланманг. Уруш бунақа бўлмайди, жуда майдалашиб кетишди. Сабаби оддий, уруш нега бошланганини ҳеч ким тушунтириб беролмайди.

Бу уруш фақат ва фақат Исроил манфаатига мос эди, фақат Исроил Яқин Шарқда нотинчлик бўлишини истар, вазият қанча мужмал бўлса, улар учун шунча яхши эди. Улар орзу қилганидек бўлмоқда барчаси. Футбол ўйинларида ҳисоб 0:0 бўлса, ким яхшироқ ўйнаганини билиш учун статистикага қаралади. Бу борада биргина факт Американи обрўсизлантириш учун етарли: Эрон ярим йилдан буён Америка билан урушмоқда! Бунақа обрўга эришишни эронликлар орзу ҳам қилмаганди.

Эрон 4 ой олдин ўлган диний раҳбарини 20 миллион одамни кўчага чиқариб, тантанали кўмаётган вақтда жавоб зарбасидан қўрқмай Америка базаларига ракета учирмоқда, қатъиятни қаранг! Ва бу қатъиятни Эрон АҚШдан олди. Америка урушда ҳеч қандай мақсадига эриша олмади, чунки мақсаднинг ўзи йўқ эди.

Эрон раҳбарияти тўлиқ таркибда ўлдирилди, уларнинг ўрнига келганлар ҳам ўлди, уриш мумкин бўлган ҳамма ҳарбий объектларга ракета учирилди, лекин Эрон кўчаларида Американи лаънатлаш давом этмоқда, эронликлар дўстлашайлик демаяпти, 1979 йил бостириб кирилган элчихона қайтиб очилмади. Футболчасига айтганда, Американинг ҳамма зарбалари ноаниқ кетяпти, ҳисоб 0:0, статистикада эса устунлик Эронда!

Бензин инқирози давом этади

Россияда бензин инқирози давом этади. Ушбу ҳафта Россия ҳукумати ёнилғи инқирозининг асосий сабаби Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига зарбалари эканини расман тан олди. Бош вазир ўринбосари Новак Украина зарбалари сабаб заводлар ишдан чиқиши айрим ҳудудларда бензин учун навбатлар юзага келишига олиб келганини айтди. Қримдан бошланган инқироз ҳозир бутун Россия бўйлаб тарқалди. Оқибатда Россия Беларусдан бензин сотиб олишни оширди, тасаввур қиляпсизми?

«Заправка»ларда навбат сабаб жанжал юзага келиши оддий ҳолга айланди. Ҳозир Россия ишлаб чиқараётган бензин ички эҳтиёжни фақат 65 фоизга қондирмоқда. Беларусни-ку қўяверинг, Россия Ҳиндистондан бензин сотиб олишни бошлади. Ҳиндлар Россиядан арзонга нефт оларди, мана энди ўша арзон нефтни бензин қилиб қимматга сотади. 2022 йил 24 февралда руслар бунақа бўлишини тасаввур ҳам қилмасди, уларнинг даъволари буткул бошқача эди. Энди эса мана шунақа реаллик.

«Москва хавфли, у ерда украин дронлари бор»

Туркияда НАТО саммити ўтказилди. Катта шов-шув билан ўтказилган саммитда Доналд Трамп ҳам иштирок этди. Алянснинг аввалги йиғилишларида Трамп майдароқ одамларни юбораётганди. Бу гал ўзи борди ва Эрдўған унга султонларга хос қабул уюштирди. Трамп иттифоқчиларини танқид қилди, Эрон билан урушда ёрдам бермаяпсизлар, деди. Лекин умуман олганда, олдинги асабийлик анча камайгани сезилди. Трамп Туркияга самолётлар ваъда қилди, ҳамма билан кулиб гаплашди.

Саммитнинг асосий учрашуви Доналд Трамп ва Володимир Зеленский ўртасида ўтказилди. Трамп Зеленскийга «Патриот» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар ишлаб чиқариш лицензияси берилишини айтди. «Кам қурол беряпсиз деётгандингиз, марҳамат, энди ўзингиз ишлаб чиқаринг», деди Трамп.

Америка президенти қаерда ким билан учрашмасин, журналистларни тўплаб, очиқ мулоқот қилишни яхши кўради. Бу гал ҳам шундай бўлди. Учрашув вақтида Трампдан Зеленский ва Путин Москвада учрашиши мумкинми, деб сўрашди. Трамп Путин шундай учрашув истаётгани, лекин бунга Зеленскийнинг кўзи билан қараш кераклигини айтди-да, «Сиз учрашган бўлармидингиз?» деб Украина президентига юзланди. Зеленский барибир сўз устаси, Трампнинг саволига ўз услубида жавоб берди: «Йўқ, Москва бўлмайди, украин дронлари сабаб у ер хавфсиз эмас». Бу жуда кучли жавоб бўлди.

АҚШ Украина зарбаларидан мамнунми?

НАТО саммити давомида Трампдан Украинанинг Россия ичкарисига бераётган зарбалари ҳақида сўрашди. Америка президенти кутилмаган жавоб берди: «Ҳа, бу эскалация, лекин уруш тугашини тезлатадиган эскалация», деди Трамп. Яъни, Вашингтон Украинанинг Россияни тинчликка ундаш операцияларини қўлламоқда. Ахир Трамп Россиядек нефт давлатида оддий бензин тақчил бўлиб қолганини кўриб турибди.

Йирик нашрларнинг ёзишича, Америка ҳукумати Украинанинг бу тактикасидан мамнун. Улар ҳатто Россия нефтни қайта ишловчи заводларига зарба беришда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини айланиб ўтишда ёрдам бериш мақсадида Украинага разведка маълумотлари ҳам тақдим этмоқда. Натижада Украинанинг нефт объектларига зарбалари аниқроқ, самаралироқ бўла бошлаган.

Украинада можаро

Украинада уруш бошланганидан буён ҳарбий комиссарият ва фуқаролар ўртасида доимий тортишувлар бўлиб туради. Ҳудудий тўлдириш марказлари фронтга эркакларни жалб қилиш билан шуғулланади. Лвивда ўтган ҳафта марказ машинаси фуқаролар ҳужумига учраган. Оломон ҳарбий комиссарият машинасини ағдариб ташлаган, ҳолатни атрофдаги одамлар видеога олиб турган.

Ҳарбийлар ўз ишига аралашаётган фуқаролар билан тортишиб қолган, кейин тортишув жанжалга айланиб кетган. Ҳарбийлар 1996 йилда туғилган эркак ҳарбий рўйхатдан ўтмай қочиб юргани учун текшираётган бўлган, фуқаролар буни шармандалик деб атаб тўполон кўтарган. Кўп ўтмай жанжал иштирокчилари билан тарбиявий суҳбат ўтказилаётгани видеоси тарқалди, улар фронтга боришга, рўйхатга ёзилишга ваъда берган.

Украинада бу ҳолат уруш бошидан буён давом этиб келмоқда. Вазиятга президент девони раҳбари Кирило Буданов муносабат билдирди: «Бугун ўз армиянгиз ҳарбийсини уриб, кийимини йиртяпсиз. Энди ўйлаб кўринг, сизнинг кийимингизни йиртиб, ўзингизни уришаётганда ким сизни ҳимоя қилади?».

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид