Ўзбекистон | 12:46
5046
1 дақиқада ўқилади

Аномал иссиқ ҳафта

13–19 июл кунлари кутиладиган аномал иссиқ ва қурғоқчилик қишлоқ хўжалиги учун ҳафтанинг асосий хавфи бўлади. Ёғингарчилик деярли кузатилмайди, ҳаво ҳарорати +46...+48 даражагача кўтарилиши ҳамда буғланишнинг кескин ортиши экинларда сув танқислигини кучайтириши мумкин.

Ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво билан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов таништиради.

Ҳафта давомида республикада ҳавонинг қуруқлиги кескин кучаяди. Юқори ҳарорат, паст нисбий намлик ва кучли буғланиш таъсирида тупроқ намлиги тез йўқолади. Айниқса суғорилмайдиган майдонларда ўсимликлар кучли иссиқлик ва нам танқислиги стрессини бошидан кечиради. Пахта, сабзавот-полиз, боғдорчилик ва узумчиликда кундузги юқори ҳарорат фотосинтез самарадорлигини пасайтириши, мева тугиш ва ҳосил шаклланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу боис суғориш ишларини эрталабки ёки тунги соатларга кўчириш, тупроқ намлигини сақлаш чораларини кучайтириш ҳамда чорва молларини куннинг энг иссиқ соатларида сояда сақлаш ва етарли ичимлик суви билан таъминлаш ҳафтанинг энг муҳим агрометеорологик вазифаларидан бири бўлади. Бу ҳафта қишлоқ хўжалиги учун асосий хавф — ёғингарчилик эмас, айнан ҳаво қурғоқчилиги ва экстремал иссиқлик стрессидир.

Шокир Шарипов
Тайёрлаган Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид