Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Одессадаги порт ўққа тутилди: савдо кемаси денгизчилари ҳалок бўлган
Украина эса РФ яширин флоти танкерларига мунтазам равишда зарба бермоқда.
Россия армияси 13 июл куни Одесса областининг Черноморск шаҳридаги порт инфратузилмасини ўққа тутди, деб хабар берди регион раҳбари Олег Кипер.
Ҳужум оқибатида портда турган, Того байроғи остида сузувчи савдо кемасида ёнғин чиққан. Кипернинг маълумотига кўра, кемага минерал ўғит юкланганди. Экипажнинг беш аъзоси ҳалок бўлган, яна ўн киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар қайси давлат фуқаролари эканига аниқлик киритилмаган.
Бу сўнгги бир ой ичида Россия зарбаси оқибатида савдо кемалари экипажи аъзолари ҳалок бўлиши билан боғлиқ учинчи ҳолат. 22 июнга ўтар кечаси дронлар ҳужуми туфайли туркларнинг Панама байроғи остида Украина томон сузаётган юк кемасида ёнғин чиққанди. Натижада кема ошпази ҳалок бўлган, саккиз денгизчи эвакуация қилинганди.
Ундан уч кун олдин эса Россия дронлари Панама ҳамда Сент-Китс ва Невис байроқлари остида ҳаракатланган кемаларга урилганди. Биринчи кемада бир киши ҳалок бўлиб, яна икки киши яраланган, иккинчисида уч киши жароҳат олганди.
Ўз навбатида, украиналик ҳарбийлар сўнгги вақтларда Азов денгизи акваториясида Россиянинг ғалла ортилган танкерлари ва кемаларига зарба беришни сезиларли даражада кучайтирди.
Украина қуролли кучлари Пилотсиз тизимлар кучлари қўмондони Роберт Бровди («Мадяр») 12 июл кунги баёнотида ўтган ҳафта давомида дронлар Россиянинг 90 дан ортиқ савдо кемаларига зарба берганини маълум қилди – унинг таъкидлашича, бу кемаларнинг барчаси РФ яширин флоти таркибига кирган.
Бу давомли зарбалар оқибатида камида бир киши ҳалок бўлгани маълум – 10 июл куни Таганрог кўрфазида дронларнинг «турли мақсадлардаги» тўртта кемага ҳужуми оқибатида матрос ҳалок бўлди, деб хабар берган Ростов области раҳбари Юрий Слюсар.
Ёз бошидан буён Украина қуролли кучлари зарбалари оқибатида энг кўп қурбонлар сони 5 июн куни қайд этилган: ўшанда украин дронлари Туркиядан Ростов-Донга келаётган икки кемага ҳужум қилганди. Беш денгизчи ҳалок бўлган, уларнинг барчаси Озарбойжон фуқаролари эди.
Фуқаролик кемаларига ҳужум қилиш жиноят сифатида баҳоланиши мумкин. «Савдо кемалари фуқаролик объектлари ҳисобланади ва агар улар ҳарбий нишон сифатида белгиланган мезонларга мос келмаса, ҳужумдан ҳимояланган бўлади», – деганди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси апрель ойида, Россия юк кемаси экипажининг уч нафар Украина қуролли кучлари ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганидан сўнг.
Ўшанда БМТ денгизчилар тинч аҳоли вакиллари экани ва «қасддан қилинган ҳужумлар нишони бўла олмаслиги»ни маълум қилиб, урушаётган томонлар уларга зарар етказмаслик учун «барча зарур эҳтиёт чоралари»ни кўриши кераклигини эслатганди.
Украина қуролли кучлари бош штаби танкерлар ва паромлар қонуний нишонлар эканини таъкидламоқда, бу танкерлар санкцияларни четлаб ўтган ҳолда нефт ташиш учун фойдаланилиши, паромлар эса «РФ қуролли кучлари манфаатлари йўлида юк ташиши» билан изоҳланади. Россия ҳарбийлари Украина кемаларига берган зарбалари юзасидан изоҳ бермаяпти.
Мавзуга оид
23:00 / 13.07.2026
«Қўлимга қурол олгандан кўра, ўрмонда ўлишга тайёр эдим» - 14 кунлик хавфли йўл
21:57 / 13.07.2026
Украина ва Европа давлатлари ракетага қарши мудофаа коалициясини тузди
16:29 / 13.07.2026
Россия нефти нишонда: зарбалар натижа берадими?
08:56 / 11.07.2026