Жамият | 09:40
1397
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метросига яна 3 та замонавий поезд қўшилди

Тошкент метрополитени парки яна учта замонавий тўрт вагонли ҳаракат таркиби билан тўлдирилди. Янги поездлар йўловчиларга янада қулай шароит яратиш, ҳаракат интервалини қисқартириш ва метрополитеннинг ташиш қувватини оширишга хизмат қилади.

Фото: Видеодан кадр

Мамлакатда жамоат транспорти тизимини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш ҳамда йўловчилар учун замонавий ва қулай шароитлар яратиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Тошкент метрополитенининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Йўловчиларнинг талаб ва таклифларини инобатга олган ҳолда метрополитенга яна учта замонавий тўрт вагонли ҳаракат таркиби олиб келинди. Мазкур поездлар ёз ойларида самарали совитиш, қиш мавсумида эса иситиш тизими билан жиҳозланган бўлиб, йўловчилар учун ҳар қандай мавсумда қулай сафар шароитини таъминлайди.

Янги поездларнинг эксплуатацияга топширилиши поездлар ҳаракати интервалини янада қисқартириш, йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини ошириш ҳамда хизмат муддати узоқ бўлган эски турдаги ҳаракат таркибларини босқичма-босқич замонавий поездлар билан алмаштириш имконини беради.

Шунингдек, замонавий ҳаракат таркиблари сонининг ортиши метрополитеннинг ташиш қувватини кенгайтириш, ҳаракат жадвалининг барқарорлигини таъминлаш ва кун сайин ошиб бораётган йўловчилар оқимига сифатли хизмат кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга.

Маълум қилинишича, жорий йил якунига қадар Тошкент метрополитени учун яна 11 та замонавий ҳаракат таркибини олиб келиш режалаштирилган. Янги поездларни босқичма-босқич фойдаланишга топшириш орқали метрополитен инфратузилмасини янада ривожлантириш ва аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид