Жаҳон | 23:15 / 14.07.2026
878
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Давлат котиби Ҳаага трибуналини тугатишга ваъда берди

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Ҳаагадаги Халқаро жиноий судни (ХЖС) демонтаж қилиш кампанияси бошланганини эълон қилди.

Фото: AFP

Рубио судни Америка суверенитетига тажовуз қилишда айблади ва трибунални қўллаб-қувватлашни давом эттирган мамлакатларга санкциялар билан таҳдид қилди.

«Ҳукуматимиз ихтиёридаги барча воситалардан фойдаланиб, иттифоқчилар билан ҳамкорликда, агар керак бўлса, ХЖСни ғиштма-ғишт бузамиз», деб ёзди Рубио The Wall Street Journal газетасидаги мақоласида.

Рубионинг айтишича, ХЖС АҚШга қарши «ўқ ва ракеталар билан эмас, балки халқаро ҳуқуқ кучи билан уруш олиб бормоқда».

Унинг сўзларига кўра, америкалик ҳарбий хизматчилар ва сиёсатчилар ўз мамлакатини ҳимоя қилгани учун доимий равишда жиноий таъқиб ва ҳатто қамоқ жазосига тортилиш хавфи остида чет эл судьялари ҳукмига тушиб қолиши мумкин.

Давлат департаменти раҳбарининг таъкидлашича, ХЖС «АҚШга нафрат билан бирлашган сўл ноҳукумат ташкилотлари, ўзбилармон глобалистлар ва учинчи дунё душманлари тармоғи» томонидан қўллаб-қувватланади.

Давлат департаменти мамлакатларни Рим статутида иштирок этишдан воз кечишга ва ХЖСни молиялаштиришни тўхтатишга ишонтирмоқчи. Давлат департаментининг номи ошкор этилмаган вакили CNN телеканалига маълум қилишича, ХЖС юрисдикциясини тан олган мамлакатлар санкциялар, кириш тақиқлари ва визаларнинг бекор қилинишига дуч келиши мумкин. Давлат департаменти, шунингдек, АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қиладиган, ўз ҳудудида Америка базаларини жойлаштирадиган ёки АҚШ ҳимоясидан фойдаланадиган давлатлардан ёрдам кутишини огоҳлантирди.

Кампания Доналд Трамп маъмуриятининг Ҳаага судига тазйиқининг янги босқичи бўлди. Февраль ойида АҚШ президенти суд бош прокурори Карим Хон, унинг икки ўринбосари ва олти судьясига Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари ва Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар билан боғлиқ терговлар учун санкциялар киритган эди. Вашингтон ХЖС янги терговларни бошлаши мумкинлигидан хавотирда.

Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида жойлашган Халқаро жиноят суди 2002 йилда Рим статути асосида ташкил этилган. АҚШ бу шартномани ратификация қилмади. Сўнгги йилларда суд Россия президенти Владимир Путин, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва Исроилнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид