Ўзбекистон | 15:30
4920
2 дақиқада ўқилади

Китоб туманида қутуриш касаллиги қайд этилдими? Расмий изоҳ берилди

Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборотига кўра, 10 июл куни Китоб туманида 47 ёшли ватандош хавфли юқумли касаллик гумони билан шифохонага ётқизилган ва эртасига вафот этган. Уни тахминан бир ой олдин тулки боласи тирнагани маълум. Ўлим сабабига аниқлик киритиш учун тиббий экспертиза тайинланган.

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёнинг Китоб тумани Варганза маҳалласида бир оиланинг уч аъзосида қутуриш касаллиги аниқлангани ҳақида миш-миш тарқалди. Вилоят cоғлиқни сақлаш бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Бошқармага кўра, жорий йилнинг 10 июл куни Китоб туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқаро хавфли юқумли касаллик гумони билан шифохонага ётқизилган.

Эпидемиологик суриштирув давомида беморни тахминан бир ой аввал тулки боласи тирнагани аниқланган. Афсуски, у жорий йил 11 июл куни вафот этган.

Ҳозирги вақтда вафот этган фуқаронинг ўлим сабаби юзасидан суд-тиббий экспертиза тайинланган.

“Мазкур ҳудудда яшовчи уч нафар фуқаро эҳтиёт чораси сифатида тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларда қутуриш касаллигининг клиник белгилари аниқланмади. Айни пайтда ушбу фуқаролар шифокорлар назоратига олиниб, зарур профилактик эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Қолаверса, Китоб туманида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ветеринария мутахассислари ҳамкорлигида эпидемиологик вазият тўлиқ назоратга олинган”, – дейилади ССВ ахборотида.

Вазирлик ватандошлардан ортиқча хавотирга берилмасликни, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан эса асоссиз ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликни сўради.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид