Жамият | 12:12
4787
2 дақиқада ўқилади

44 даражали иссиқда иш берувчиларга янги талаблар қўйилди

Давлат меҳнат инспекцияси мамлакатда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво муносабати билан иш берувчиларни ходимлар саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатор мажбурий чораларни кўришга чақирди. Жумладан, куннинг энг иссиқ соатларида ташқи ва оғир жисмоний ишларни чеклаш ёки вақтинча тўхтатиш тавсия этилди.

Инспекция маълум қилишича, ҳаво ҳарорати юқори бўлган кунларда иш берувчилар иш жараёнини меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари асосида ташкил этиши шарт.

Хусусан, соат 11:00 дан 16:00 гача бўлган энг иссиқ вақтда ташқи ишлар ҳажмини қисқартириш ёки тўлиқ тўхтатиш, шунингдек, оғир жисмоний меҳнатни чеклаш тавсия этилган.

Бундан ташқари, иш жойларида ходимлар учун етарли миқдорда тоза ва салқин ичимлик суви мавжуд бўлиши, салқин ёки сояли дам олиш жойлари ташкил этилиши ҳамда мунтазам дам олиш имконияти яратилиши лозим.

Инспекция тиббий кўрикдан ўтмаган ходимларни ишга жалб қилмаслик, ишчиларни енгил, ҳаво ўтказувчи ва иссиқдан ҳимоя қилувчи махсус кийимлар билан таъминлаш муҳимлигини ҳам эслатди.

Шунингдек, барча ходимларга иссиқ уриши ва сувсизланиш белгилари, уларнинг олдини олиш усуллари ҳамда биринчи ёрдам кўрсатиш тартиби бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш тавсия этилди.

Давлат меҳнат инспекциясига кўра, агар ходимнинг соғлиғи ёмонлашса, унга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши ва зарур ҳолларда тиббиёт муассасасига мурожаат қилиниши шарт.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид