Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон бўйлаб кўчалар совитилмоқда, дарахтлар мунтазам суғорилмоқда
Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқлар муносабати билан республика бўйлаб яшил ҳудудларни асраш ва аҳоли учун қулай муҳит яратишга қаратилган чора-тадбирлар кучайтирилди. Дарахт ва буталар тонг, кечқурун ҳамда тунги соатларда суғорилмоқда, махсус техникалар ёрдамида эса кўчалар совитилмоқда.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилишича, республика ҳудудига ўта иссиқ ҳаво массаларининг кириб келиши ва ҳаво ҳароратининг 44–46 даражагача кўтарилиши муносабати билан ҳудудий бош бошқармалар маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда комплекс тадбирларни амалга оширмоқда.
Мамлакатнинг барча ҳудудларида дарахтлар, буталар ва манзарали ўсимликлар намликнинг буғланиши энг кам бўладиган тонг, кечқурун ва тунги вақтларда суғорилмоқда. Шунингдек, махсус техникалар ёрдамида шаҳар кўчалари ва жамоат жойларини совитиш ишлари ҳам ташкил этилган.
Бухоро вилоятида яшил ҳудудларни парваришлаш ишлари кучайтирилиб, фавворалар ишга туширилган. Марказий кўчалар ва яшил зоналар мунтазам суғорилмоқда. Конимех туманида эса ҳаво ҳароратини пасайтириш ҳамда чанг миқдорини камайтириш мақсадида кўчаларга сув сепилмоқда.
Қашқадарё вилоятида экология ходимлари дарахт ва буталарнинг қуриб қолишининг олдини олиш мақсадида тунги суғориш ишларини амалга оширмоқда.

Хонобод ва Андижон шаҳарларида махсус техникалар ёрдамида кўчалар совитилмоқда. Бу тадбирлар ҳаво сифатини яхшилаш ва чанг кўтарилишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Сурхондарё вилоятида тасдиқланган график асосида кўчалар, дарахтлар ва яшил майдонлар суғорилмоқда. Термиз шаҳрида эса куннинг энг иссиқ вақтларида аҳолига юқори ҳарорат таъсирини юмшатиш мақсадида кўчаларга сув сепилмоқда. Шу билан бирга, вилоятнинг бир қатор ҳудудларида майсазор ва гулзорларни узлуксиз сув билан таъминлайдиган замонавий суғориш тизимлари жорий этилган.

Навоий вилоятида дарахтлар, гулзорлар ва бошқа яшил майдонларни мунтазам суғориш ишлари давом эттирилмоқда. Наманган вилоятида эса аномал иссиқ оқибатларини юмшатиш мақсадида шаҳар кўчаларига қўшимча сув сепиш ва яшил ҳудудларни суғориш ишлари кучайтирилган.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фуқароларни ҳам яшилликни асрашга ҳисса қўшишга чақириб, жазирама кунларда суғорилган ҳар бир дарахт мамлакат экологик барқарорлиги учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.