Фойдали | 09:29
4323
1 дақиқада ўқилади

Электрни тежаш учун кондиционерни қандай ишлатиш керак?

Энергетиклар юқори электр истеъмоли кузатилаётган кунларда аҳолидан кондиционерлардан оқилона фойдаланишни сўрамоқда. Мутахассислар қурилмани 24–26°C ҳароратда ишлатиш ҳамда филтрларини мунтазам тозалаш электр энергияси сарфини камайтириш ва тармоқларга тушадиган юкламани пасайтиришини таъкидлади.

Фото: princetonfuel.com

Энергетика соҳаси мутасаддиларига кўра, кондиционерни ҳаддан ташқари паст ҳароратда ишлатиш электр сарфини оширади ва қурилманинг ортиқча юклама билан ишлашига олиб келади.

Шу боис кондиционерни 24–26°C ҳароратда ишлатиш тавсия этилмоқда. Бу нафақат электр энергиясини тежашга, балки хонада инсон саломатлиги учун ҳам қулай муҳит яратишга хизмат қилади.

Мутахассислар, шунингдек, кондиционер филтрларини мунтазам тозалаб туриш муҳимлигини эслатди. Тоза филтр қурилманинг самарали ишлашини таъминлайди, электр сарфини камайтиради ҳамда электр тармоқларининг ортиқча қизиб кетиши хавфини пасайтиради.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда электр энергияси истеъмоли рекорд даражага етган бир пайтда электрдан тежамкорлик билан фойдаланиш энергия тизими барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан аҳолидан иссиқ кунларда электр жиҳозларидан оқилона фойдаланиш, кондиционерларни тавсия этилган ҳароратда ишлатиш ва имкони борича электр энергиясини тежаш сўралмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид