Жамият | 18:19
1155
3 дақиқада ўқилади

Ҳар бир ҳокимга биттадан маҳаллани ободонлаштириш вазифаси юклатилди

Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллаларда ободонлаштириш ишларини умуммиллий ҳаракатга айлантириш ва энг намунали маҳаллаларни солиқ имтиёзлари билан рағбатлантиришни таклиф этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июль куни “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Таъкидланишича, ҳар бир вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари биттадан туманни, туманлардаги масъуллар эса биттадан маҳаллани олиб, бир ой давомида озодалик ва ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишларни ташкил этади.

Маҳаллада ободончилик ишларини ташкил этиш бўйича Бош вазир бошчилигида республика штаби тузилади. Ҳудудий штабларга ҳокимлар раҳбарлик қилади. Бу ишлар бир ойлик акция эмас, балки йил бўйи ишлайдиган умуммиллий ҳаракатга айлантирилиши зарурлиги таъкидланди.

Меҳнатга яраша рағбат бўлиши кераклиги таъкидланди. Шу боис, йил якуни билан кўп қаватли уйлардаги “Энг ораста хонадон”, маҳалладаги “Энг файзли ҳовли”, ҳудуддаги “Энг обод кўча”, туман ва вилоятдаги “Энг намунали маҳалла” номинациялари жорий этилади.

Танлов ғолиблари бўлган кўп қаватли уйлардаги квартиралар учун мол-мулк солиғидан, ҳовли-жойлар учун эса ер солиғидан имтиёз берилади.

Яхши тажриба яратган “маҳалла еттилиги” мукофотланади, уларнинг иш услуби бошқа ҳудудларга намуна қилиб кўрсатилади. Маҳаллалардаги илғор тажрибаларни кенг ёритиш зарурлиги ҳам қайд этилди.

Ҳудудларда темир йўл атрофини ободонлаштириш ишлари бошланган. Биргина Тошкент – Хива йўналишидаги темир йўл бўйида 285 та маҳалла бор, ушбу йўналиш 45 та тумандан ўтади.

Қолган вилоят ҳокимларига ҳам бир ҳафтада ҳудудидан ўтган магистрал йўллар ва темир йўл бўйлари, улар атрофидаги уй-жой ва тижорат объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш вазифаси қўйилди.

Икки ҳафтада ушбу ҳудудларни намунали қиёфага келтириш бўйича катта дастур ишлаб чиқиб, амалий натижага эришиш топширилди.

“Маҳалла – халққа энг яқин бошқарув бўғини. Одамларнинг кундалик масалалари шу ернинг ўзида, ортиқча оворагарчиликсиз ҳал бўлиши керак”, деди президент.

Ҳозир “еттилик” орқали 100 га яқин хизмат кўрсатилмоқда. Энди барча давлат хизматлари босқичма-босқич маҳаллага туширилади.

Наманган вилоятига ташриф чоғида Норин туманидаги Янги Наманган маҳалласи мисолида самарали тажриба йўлга қўйилган. Бу ерда Ахборот ва хизмат маркази ташкил этилиб, 8 та олис маҳалла аҳолиси учун бир жойда 980 та давлат хизмати кўрсатилмоқда.

Ховос туманидаги Қаҳрамон маҳалласида ҳам Венгриянинг “ақлли қишлоқ” тажрибаси асосида шундай марказ ташкил этилмоқда.

Йил якунигача Норин ва Ховос тажрибаларини Қўнғирот, Конимех, Бойсун, Қамаши, Қўшработ, Тупроққалъа, Ғиждувон, Фориш, Бешариқ, Жалақудуқ ва Оҳангарон туманларида жорий этиш топширилди. Урганч шаҳридаги Олимпия маҳалласида йўлга қўйилган “ақлли маҳалла” тажрибаси эса ҳар бир вилоятнинг 10 тадан маҳалласида татбиқ қилинади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид