Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Раҳбар кадрлар сунъий интеллект асосида сараланади
Ўзбекистонда истиқболли раҳбар кадрларни саралаш ва баҳолаш тизими тубдан янгиланиши режалаштирилмоқда. Янги тартибга кўра, номзодлар сунъий интеллект ва рақамли технологиялар асосида 100 баллик мезон бўйича баҳоланиб, улар учун индивидуал касбий ривожланиш режалари ишлаб чиқилади.
Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевга иқтидорли бошқарувчилар, лидерлар ва янги авлод раҳбарларини аниқлаш ҳамда тайёрлашга қаратилган таклифлар тақдим этилди.
Тақдимотда қайд этилишича, Ўзбекистон интеллектуал салоҳият ва юқори технологияларга асосланган янги ривожланиш босқичига қадам қўймоқда. Мамлакатга ҳар йили 50 миллиард доллардан зиёд инвестициялар жалб қилиниши, экспорт ҳажмининг 40 миллиард долларга яқинлашиши ҳамда янги замонавий корхоналарнинг ишга туширилиши малакали бошқарув кадрларига бўлган эҳтиёжни оширмоқда.

Сунъий интеллект ёрдамида тармоқлар ва ҳудудлар таҳлил қилиниб, 50 дан ортиқ замонавий касб бўйича бошқарув кадрларига эҳтиёж мавжудлиги аниқланган. Энергетика ва «яшил» технологиялар, қурилиш ва урбанизация, қишлоқ ва сув хўжалиги, рақамлаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида юқори малакали мутахассисларга талаб юқори экани таъкидланди.
Президент кадрларни баҳолашда анъанавий «объективка» усулидан воз кечиб, номзоднинг билими, касбий тажрибаси, психологик хусусиятлари, стратегик фикрлаши ва лидерлик салоҳиятини қамраб оладиган портфолио тизимига ўтиш зарурлигини қайд этди.
Янги тизимга мувофиқ, катта маълумотлар (Big Data) ва бизнес-таҳлил воситалари орқали юқори салоҳиятли кадрлар аниқланади. Улар учун сунъий интеллект ёрдамида шахсий касбий ривожланиш дастурлари ишлаб чиқилади. Мазкур механизм дастлаб қишлоқ хўжалиги, олий таълим ва қурилиш соҳаларида синов тариқасида жорий этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, ҳар икки йилда 500 нафар истиқболли бошқарувчини саралаб олиш ва 2030 йилга қадар 1,5 минг нафар юқори салоҳиятли мутахассисдан иборат миллий раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш режалаштирилмоқда.
Тақдимотда раҳбарлик лавозимлари учун миллий кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида «Топ-100» очиқ танловини йўлга қўйиш таклифи ҳам билдирилди. Танлов ғолиблари махсус ўқув дастурлари асосида тайёрланиб, уларнинг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши ва касбий ўсиши учун манзилли чоралар кўрилади.
Йиғилишда, шунингдек, «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш, хорижда таҳсил олаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятидан мамлакат тараққиёти йўлида самарали фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Президент мутасаддиларга кадрларни саралашда очиқлик ва холисликни таъминлаш ҳамда иқтидорли мутахассисларни тизимли қўллаб-қувватлаш юзасидан тегишли топшириқлар берди.
Мавзуга оид
20:52 / 15.07.2026
Президент 2030 йилгача 1,5 минг раҳбар кадр захирасини шакллантиришни буюрди
17:37 / 15.07.2026
Тадбиркорларга Беларусдаги шериклар билан қўшма ташаббусларни бошлаш вазифаси юклатилди
20:15 / 13.07.2026
Ўзбекистонликлар Беларусда рўйхатдан ўтмасдан 10 кунгача қолиши мумкин бўлади
18:19 / 13.07.2026