Жамият | 10:39
1037
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллаларда ижтимоий ёрдамлар кўлами кенгайтирилади

Президент раислигида ўтган йиғилишда маҳаллаларда ижтимоий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий реестрга киритишдаги қонунбузилишларга барҳам бериш ва аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, йил якунигача маҳаллаларда ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва оғир ҳаётий вазиятга тушган болалар учун қатор янги хизматлар йўлга қўйилиши белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда маҳаллаларда ижтимоий реестрни юритишда йўл қўйилаётган камчиликлар танқид қилинди. Қайд этилишича, айрим ҳудудларда фуқароларни ижтимоий реестрга киритиш асоссиз рад этилмоқда ёки улар сунъий равишда реестрдан чиқарилмоқда.

Бунинг оқибатида эҳтиёжманд оилалар ижтимоий нафақалар ва бошқа ёрдам турларини олиш, фарзандларини давлат боғчалари ҳамда тўгаракларга жойлаштириш каби қонун билан кафолатланган хизматлардан фойдалана олмаяпти.

Маълум қилинишича, 184 та маҳаллада бир ой давомида келиб тушган 2 мингта аризанинг барчасига асоссиз равишда рад жавоби берилган.

Бундай ҳолатлар айниқса Бўстон, Олтинкўл, Ховос, Тошлоқ, Шароф Рашидов, Учқудуқ ва Деҳқонобод туманларида кўп учраётгани қайд этилди.

Шу сабабли ижтимоий реестрга киритиш масаласида Президент виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар сони йил бошидан буён 1,5 баробарга ошиб, 30 мингдан 46 мингтага етган.

Йиғилишда Бош прокуратурага ижтимоий реестрнинг қонуний ва тўғри юритилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди. Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага реестрнинг ҳаққонийлиги юзасидан президентга мунтазам ахборот бериб бориш вазифаси юклатилди.

Мутасаддилар олдига йил якунига қадар ногиронликни эрта аниқлаш, турар жойларни мослаштириш, ижтимоий уйларга жойлаштириш каби 25 турдаги ижтимоий хизматни маҳаллалар даражасига тушириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, уч ой ичида деменция ва ақлий заифлиги бўлган шахслар учун 250 та маҳаллада кундузги ва уйда парвариш хизмати, «Мадад» уйлари ташкил этилади. Яна 75 та маҳаллада ўзгалар парваришига муҳтож кексалар учун «Фаол ҳаёт» дастури йўлга қўйилади. Бундан ташқари, қаровсиз қолган ва зўравонликка учраган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус «Қўллаб-қувватлаш марказ»лари ташкил этилиши белгиланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид