Ўзбекистон | 11:41
2261
2 дақиқада ўқилади

Оҳангарон сув омборида чўмилиш тақиқлангани яна бир бор эслатилди

Ижтимоий тармоқларда Оҳангарон сув омборида чўмилишга оид тарқалган хабарлар юзасидан ўтказилган ўрганишда дам олувчилар сув омборида эмас, ҳудудда ташкил этилган махсус бассейнларда чўмилаётгани аниқланди. Мутахассислар ичимлик суви сифати доимий назорат қилинаётганини ҳам маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда Оҳангарон сув омбори бўйича тарқалган хабарлар юзасидан “Ангрен сув таъминоти” АЖ мутахассислари ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси масъуллари иштирокида жойида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш давомида Оҳангарон сув омбори қирғоғида дам олиш маскани ташкил этилгани аниқланди. Бироқ ҳудудда эркаклар ва аёллар учун алоҳида бассейнлар қурилган бўлиб, ташриф буюрувчилар айнан шу бассейнларда чўмилаётгани маълум бўлди.

Расмийларга кўра, Оҳангарон сув омборининг ўзида чўмилиш қатъиян тақиқланган ва мазкур талаб доимий равишда назорат қилинади. Шунингдек, бассейнлардан чиқариладиган сувлар суғориш мақсадларида фойдаланилаётгани қайд этилди.

Мутахассислар Ангрен шаҳрини ичимлик суви билан таъминловчи сув иншоотини ҳам кўздан кечирди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълумотига кўра, ичимлик суви сифати амалдаги санитария талаблари асосида мунтазам лаборатория назоратидан ўтказиб келинмоқда.

Қўмита вакили таъкидлашича, сўнгги уч йил давомида Ангрен шаҳрида ичимлик суви сифати билан боғлиқ салбий ҳолатлар қайд этилмаган. Сув сифати белгиланган график асосида доимий мониторинг қилиниб келинмоқда.

Ўрганиш натижалари ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим даъволар ўз тасдиғини топмаганини кўрсатган.

Мутасаддилар фуқароларни ахборот тарқатишда фақат ишончли ва тасдиқланган манбаларга таянишга чақириб, ёлғон ахборот тарқатганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганини эслатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид