Ўзбекистон | 08:35
2709
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда жорий йил 12 та янги масжид давлат рўйхатидан ўтказилди

Дин ишлари бўйича қўмита маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 2 160 та масжид ва 199 та ноисломий диний ташкилот фаолият юритмоқда. 2026 йил биринчи ярмида 12 та янги масжид давлат рўйхатидан ўтказилди.

Фото: Kun.uz

Дин ишлари бўйича қўмита 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида ташкилот томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди. Маълум қилинишича, ҳисобот даврида «фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний соҳадаги давлат сиёсати ва жамиятда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, экстремизм ва терроризм ғояларига қарши кураш»га эътибор қаратилди.

Ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, диний бағрикенглик ва миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон бўйлаб «Жаҳолатга қарши маърифат» шиори остида маърифий тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, 6 ой давомида «223 мингдан ортиқ тарғибот, учрашув ва суҳбатлар» кўринишида профилактик тадбирлар ўтказилган.

Маълум қилинишича, 2026 йил июль ойи ҳолатига Ўзбекистонда 2 160 та масжид фаолият юритмоқда. Шунингдек, 14 та ислом таълим муассасаси – 4 таси олий ва 10 таси ўрта махсус ҳамда 5 та илмий-тадқиқот маркази фаолият юритмоқда.

2026 йил биринчи ярим йиллиги давомида 12 та янги масжид давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, 41 та масжидда реконструкция ишлари, 10 та масжидда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти томонидан 3 575 нафар тингловчи – имом-хатиб ва ноиблар, отинойилар, давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари учун малака ошириш курслари ташкил этилди.

Хориждаги ўзбекистонлик муҳожирлар билан тарғибот тадбирларини ўтказиш учун 35 нафар диний соҳа ходимлари АҚШ, Канада, Россия, Жанубий Корея ва Европа давлатларига бориб келди.

Қўмита маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 199 та ноисломий диний ташкилот фаолият юритмоқда. «Ҳисобот даврида уларнинг қонунчилик талаблари асосида эркин фаолият олиб бориши учун зарур ташкилий ва ҳуқуқий кўмак кўрсатилди», дейилади ахборотда.

Шунингдек, биринчи ярим йилликда «ноисломий диний ташкилотлар раҳбарлари иштирокида 5 та ҳудудий семинар ташкил қилинган, уларнинг 7 та диний байрами уюшқоқлик билан ўтказилган».

Маълумот учун, бутун 2025 йил давомида Ўзбекистон бўйлаб атиги 3 та янги масжид ва битта черков рўйхатдан ўтказилган эди.

2026 йилда аҳолининг диний-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда интернетдаги ёт ғояларга қарши профилактик ишларни кучайтириш мақсадида ДХХ, ИИВ ва Диний қўмита ҳамкорлигида «Хавфсиз бот» ахборот платформаси ишга туширилди.

2026 йилнинг I ярмида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 15 минг фуқаро учун Ҳаж зиёрати ва 10 минг 650 нафар фуқаролар учун Умра зиёрати ташкил этилди. 100 киши «Президент ҳожилари» сифатида ҳаж амалларини бажарди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид