Ўзбекистон | 10:40
839
2 дақиқада ўқилади

Россияда оғир аҳволда қолган ватандошлар Ўзбекистонга олиб келинди

Россиянинг Владивосток шаҳрида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик оила Ўзбекистон дипломатлари ва Миграция агентлиги кўмагида ватанга қайтарилди. Бахтсиз ҳодиса оқибатида оғир жароҳат олган фуқаро ҳамда унинг турмуш ўртоғи учун авиачипталар ташкил қилиниб, улар Ўзбекистонга хавфсиз олиб келинди.

Фото: Дунё

«Дунё» ахборот агентлиги маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги вакиллари ҳамкорлигида Приморск ўлкасида қийин аҳволга тушиб қолган ватандошларга амалий ёрдам кўрсатилди.

Маълум бўлишича, мазкур ҳудудда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келган Ўзбекистон фуқароси бахтсиз ҳодиса оқибатида бошидан оғир жароҳат олган. Натижада у мустақил ҳаракатланиш имкониятини йўқотиб, тўшакка михланиб қолган.

Унинг турмуш ўртоғи эса беморни доимий парвариш қилишга мажбур бўлгани сабабли меҳнат фаолиятини давом эттира олмаган. Бу эса оиланинг молиявий аҳволини янада оғирлаштирган. Улар тиббий муолажа, дори-дармон ҳамда ижара ҳақини тўлашда қийналиб, Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Мурожаат тезкор тарзда кўриб чиқилиб, беморни Ўзбекистонга хавфсиз олиб келиш чоралари кўрилди. Миграция агентлиги жамғармаси маблағлари ҳисобидан бемор, унинг турмуш ўртоғи ҳамда уларга ҳамроҳлик қилиш учун Ўзбекистондан жалб этилган малакали шифокорга Владивосток–Москва–Тошкент йўналиши бўйича авиачипталар харид қилинди.

Ватандошлар Владивосток халқаро аэропортида Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари томонидан кузатиб қўйилди ва соғ-омон ватанга етиб келди.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан оғир аҳволга тушиб қолган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга тезкор консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид