Ўзбекистон | 05:32
6577
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ЙПХ мотоцикллари иштирокида авария рўй берди

Тошкент шаҳрининг Дўрмон йўли кўчасида патруллик мотоцикллари ва учта енгил автомобил иштирокида ЙТҲ рўй берди. ЙПХ ходимларидан бири ҳалок бўлган, яна бир неча киши шифохонага ётқизилган.

Фото: Видеодан кадр

16 июл куни кечга яқин Тошкент шаҳрининг Дўрмон йўли ва Ғазалкент кўчалари кесишмасида учта хизмат мотоцикли иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.

Авария ҳолати автомобиллардан бирининг видеорегистраторига ёзиб олинган.

Видеоёзувда кўриш мумкинки, чорраҳада автомобиллар ва пиёдалар ҳаракати ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тартибга солиб турилган. Қора рангли фургон ва яна битта шу рангдаги автомобил катта тезликда ўтиб кетгандан сўнг, йўл очилиб, ҳаракатланишга рухсат берилган. Светофорда яшил чироқ ёнган ва енгил автомобиллар ҳаракатланишни бошлаган.

Оnix русумли автомобил чорраҳага чиқиши билан ёнма-ён келаётган иккита мотоцикл, уларнинг ортидан яна биттаси катта тезликда келиб унга урилган. Тўқнашув оқибатида енгил автомобил ёниб кетган ва қарама-қарши йўлда келаётган бошқа автомобиллар билан тўқнашган.

Тармоқда тўқнашув оқибатлари акс этган видеолар ҳам тарқалган.

ЙТҲ содир бўлган ҳудудда ҳаракат вақтинча тўхтатилган, оқибатлар бартараф этилгач, йўл очилган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди. Унга кўра, патруллик мотоциклини бошқариб келган ЙПХ ходимларидан бири воқеа жойида вафот этган.

Шунингдек, тан жароҳати олганларга тиббий ёрдам кўрсатилаётгани айтилган, аммо уларнинг сонига аниқлик киритилмаган.

Видеолардан кўриш мумкинки, ЙТҲ оқибатида камида учта енгил автомобил шикастланган  ушбу автомобилларда бўлганларнинг аҳволи бўйича аниқ маълумот йўқ.

Шу билан бирга, баёнотда мазкур авария кортеж кузатуви вақтида содир бўлгани тўғрисидаги хабарлар ёлғон экани таъкидланган.

«Ижтимоий тармоқларда мазкур ЙТҲ кортеж кузатуви вақтида содир бўлгани тўғрисида нотўғри талқин кузатилмоқда. Тармоқ вакилларида асослантирилмаган хабарларни тарқатмасликларини сўраймиз», – дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов олди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид