Жаҳон | 09:30
1851
3 дақиқада ўқилади

Россия армияси Украинанинг бир нечта вилоятини ўққа тутди

Россия Қуролли кучлари 17 июл куни Украинанинг Харкив, Днипропетровск ва Черниҳив вилоятлари, шунингдек Одесса ва Миколайив шаҳарларига ракета, бошқариладиган авиация бомбалари ҳамда дронлар билан ҳужум қилди. Украина расмийларига кўра, ҳужумлар натижасида камида беш киши ҳалок бўлган, яна 35 нафардан ортиқ фуқаро турли даражада жароҳат олган.

Фото: Carlo Bravo/Anadolu/picture alliance

Украина расмийларининг маълум қилишича, Россия Қуролли кучлари 17 июл куни мамлакатнинг бир қатор ҳудудларига оммавий зарбалар берди. Ҳужумлар Харкив, Днипропетровск ва Черниҳив вилоятлари ҳамда Одесса ва Миколайив шаҳарларини қамраб олди.

Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг билдиришича, Харкив шаҳри ракета зарбасига учраши оқибатида 40 ёшли эркак ҳалок бўлган. Тўққиз киши, жумладан 2 ва 7 ёшли икки нафар бола жароҳат олган. Ҳужум туфайли шаҳар марказидаги турар жой биноларига ҳам зарар етган.

Шунингдек, Харкив вилоятининг Изюм шаҳрига Россия авиацияси томонидан бошқариладиган авиация бомбаси ташланган. Бу ҳужум оқибатида етти киши, жумладан уч нафар вояга етмаган бола жароҳатланган.

Днипропетровск вилояти ҳам бир сутка давомида кучли ҳужумларга дуч келди. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжанинг маълум қилишича, Россия ҳарбийлари ҳудудга қарийб 40 марта дрон ва авиация бомбалари билан зарба берган. Ҳужумлар натижасида 48 ёшли эркак ҳалок бўлган, яна ўн киши жароҳатланган.

Черниҳив вилоятининг Новгород-Северский шаҳрида эса дрон турар жой биносига урилган. Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотига кўра, бир оиланинг беш нафар аъзоси, жумладан 2009, 2014 ва 2019 йилларда туғилган уч нафар бола жабрланган.

Одесса шаҳри ҳам 17 июл куни ҳужумга учради. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипернинг билдиришича, зарбалар оқибатида 77 ёшли пенсионер ҳалок бўлган. Шунингдек, шаҳар порт инфратузилмаси ракета зарбаларига учраган, тўрт киши жароҳатланган. Ҳужумлар натижасида саноат объектлари ва бир нечта автомашинага ҳам зарар етган.

Миколайив шаҳрида эса дронлар порт инфратузилмасига ҳужум қилган. Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган. Шунингдек, хорижий байроқ остида қатновчи учта фуқаролик кемасига зарар етган.

17 июлга ўтар кечаси Россия авиацияси Суми шаҳрига ҳам камида беш марта бошқариладиган авиация бомбалари билан ҳужум қилган. Зарбалар шаҳарнинг бир нечта туманидаги фуқаролик инфратузилмасига тўғри келган. Жумладан, шаҳар марказидаги объектлар, кўп қаватли нотурар бино ҳамда атрофдаги иншоотларга зарар етган, кўплаб биноларнинг ойнаси синган.

Украина расмийларининг таъкидлашича, сўнгги вақтларда Суми шаҳри ва унинг атрофи деярли ҳар куни Россия зарбаларига учрамоқда. 15 июл куни ҳам шаҳарга олтита бошқариладиган авиация бомбаси ташланган эди. Ўшанда уч киши ҳалок бўлиб, 21 киши жароҳатланган, тиббиёт муассасалари, турар жойлар, инфратузилма ва маъмурий биноларга катта зарар етган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид