Жамият | 09:20
836
2 дақиқада ўқилади

Россиядан юборилган посилкадаги гашиш фош этилди

«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ДХХ, ИИВ ва Божхона қўмитаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Россиядан юборилган почта жўнатмасида яширилган ҳамда мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кирилган жами 1,2 килодан ортиқ гашиш моддаси мусодара қилиниб, икки нафар шахс ушланди.

Фото: Видеодан кадр

«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши қатор тезкор тадбирлар амалга оширилди.

Хоразм вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Урганч шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган ва муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят учун судланган шахс Урганч халқаро аэропортида Россиядан юборилган почта жўнатмасини қабул қилиб олган вақтида қўлга олинди.

Текширув давомида жўнатма ичидаги турли хил ширинликлар орасига шоколад қадоғи кўринишида яширилган 538 грамм «гашиш» гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.

Яна бир тезкор тадбир Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида ўтказилди. Унда Тошкент шаҳрида яшовчи 45 ёшли фуқаро наркокурерлар томонидан мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кирилиб, хуфиёна жойга яшириб қолдирилган 700 грамм «гашиш» моддасини қабул қилиб олаётган вақтида ушланди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари доирасида ушбу жиноятларга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.

Мутасадди идоралар фуқароларни наркожиноятларга аралашмасликка чақириб, бу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартишлар билан янада кучайтирилганини эслатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид