Ўзбекистон | 08:12 / 05.01.2019
6780
3 дақиқада ўқилади

Президент қарори: Ўзбекистон электротехника саноати корхоналари уюшмаси ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси президенти “Электротехника саноатининг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш ва ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарорда қайд этилишича, 2017 йилда электротехника саноатига киритилган инвестицияларнинг салмоғи республика бўйича умумий инвестицияларнинг атиги 0,8 фоизини, ЯИМ таркибида электротехника маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми эса 1,5 фоизни ташкил этди.

Саноатда хомашё базасининг чегараланганлиги хорижий аналоглари билан солиштирганда унинг таннархи ошишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, хомашё, материаллар ва бутловчи буюмларнинг импортида қўшилган қиймат солиғи муддатини кечиктиришга имкон яратиш ва ҳисобга олиш механизмининг мавжуд эмаслиги экспорт қилувчи ташкилотларнинг айланма маблағлари бошқа мақсадларга жалб қилинишига ва харажатларнинг ошишига олиб келмоқда.

Ҳужжат билан электротехника саноати корхоналари, “Ўзэлтехсаноат” АК акциядорларининг умумий йиғилиши, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:

“Ўзэлтехсаноат” АК негизида унинг мол-мулки ва давлатга тегишли бошқа воситаларни, шунингдек, дебитор ва кредитор қарздорлигини (“Ўзэлтехсаноат” АКга тегишли хўжалик жамиятларининг кўчмас мулки ва устав капиталидаги акциялар пакети (улуши) бундан мустасно) ўтказган ҳолда Ўзбекистон электротехника саноати корхоналари уюшмасини ташкил этиш;

“Ўзэлтехсаноат” АКга тегишли хўжалик жамиятларининг кўчмас мулки ва устав капиталидаги акциялар пакети (улуши)ни Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Қуйидагилар:

ихтиёрий асосда аъзо бўлган электротехника саноати корхоналари ва ташкилотлари “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси аъзолари ҳисобланиши;

ижро аппаратининг тузилмасини тасдиқлаш “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таъсисчиларининг умумий йиғилиши қарори билан амалга оширилиши;

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси ва унинг ўринбосарлари таъсисчиларнинг умумий йиғилиши қарори билан сайланиши;

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси фаолиятини жорий таъминлаш ва молиялаштириш “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси аъзоларининг бадал ва ажратмалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши маълум қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид