Жаҳон | 01:04 / 31.12.2024
7401
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонга қулаган AZAL самолёти бўйича дастлабки тергов маълумотлари 30 кун ичида тақдим этилади

Оқтов шаҳри яқинига қулаган Azerbaijan Airlines самолётининг ҳалокати бўйича Қозоғистон ҳукумати комиссияси тергов олиб бормоқда. Маълумотларга кўра, ҳаво кемаси бортида икки соатлик хотирага эга ўзиёзар ускуна бўлган.

Фото: AP

Оқтов шаҳри яқинида ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines самолётини тергов қилаётган Қозоғистон ҳукумати комиссияси терговнинг дастлабки ёки оралиқ натижаларини 30 кун ичида тақдим этади. 

Мамлакат транспорт вазири ўринбосари Талғат Ластаевнинг маълум қилишича, ҳозирда терговнинг «дала босқичи» давом этмоқда: самолёт қолдиқлари, ҳалокат жойида бармоқ излари тўпланяпти.

Ластаевнинг сўзларига кўра, ҳалокатга учраган самолётга икки соатлик хотирага эга ўзиёзар ускуна ўрнатилган бўлган. «Ушбу ҳаво кемасига экипаж ва кеманинг техник параметлари фаолиятини қайд этиб борадиган ўзиёзар ускунаси ўрнатилган. Тергов давомида воқеанинг деярли бутун картинаси аён бўлади», — дейди у.

Қозоғистон Оқтов яқинида ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines самолётининг «қора қути»ларини Бразилиянинг Авиация ҳодисаларини текшириш ва олдини олиш марказига (CENIPA) юбориши айтилган эди.

Илҳом Алиев Озарбойжон телевидениесига берган интервюсида ҳалокат сабабларининг дастлабки версиялари самолётга Россия ҳудудида «ташқи таъсир бўлганини» кўрсатганини, шикастланган самолёт нега Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрига парвоз қилгани ҳақидаги фикрларини, Боку Москвадан «кечирим сўрашни, айбига иқрор бўлишни, айбдорларни жазолаб, товон тўлашни» талаб қилганини ҳам айтган эди. 

25 декабр куни Бокудан Грознийга учган Azerbaijan Airlines самолёти Оқтов яқинида ҳалокатга учради. Самолёт бортида 67 киши, жумладан беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳалокатда 38 киши нобуд бўлди.

Мавзуга оид