Ўзбекистон | 11:05 / 22.03.2021
11123
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга шампун идишда 12 кг героин олиб кирмоқчи бўлган шахслар ушланди

Республикага гиёҳвандлик воситаларини божхона чегаралари орқали олиб ўтишга уринган 4 нафар қўшни давлат фуқароси қўлга олинди.

Сурхондарё вилояти «Айритом» чегара божхона постидан шампун қутиларда героин олиб ўтмоқчи бўлган 4 нафар қўшни давлат фуқароси ушланди.

Божхона қўмитасининг маълум қилишича, улар жами 53 дона шампун қутида 12 кг 355 гр наркотик модда олиб ўтаётганда қўлга олинган.

Дастлаб постга пиёда кириб келган қўшни давлат фуқаросининг қўл юклари белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, сумка ичидаги 14 дона шампун қутида 3 кг 149 гр суюқ шаклдаги героин гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

Қисқа фурсатда галдаги, 12 дона шампун олиб ўтаётган яна бир хорижий фуқаро тўхтатиб қолинган. Унинг шампун қутиларига жойланган суюқ героиннинг оғирлиги 2 кг 532 гр бўлган.

Сўнгра яна икки нафар хорижлик шахслар божхона постига салкам 7 кг оғирликдаги суюқ героинни олиб киришга уринган вақтда тўхтатиб қолинди.

Қайд этилишича, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ ҳам Сурхондарёнинг мазкур постида 1,8 кг героинни куртка астари ва гиламга шимдириб, чегарадан ўтмоқчи бўлган шахслар ушлангани хабар қилинганди.

Шунингдек, ушбу вилоятда 172 кг.дан ортиқ гиёҳвандлик воситаларини Ўзбекистон ҳудудидан олиб ўтишга чек қўйилгани айтилган.

Мавзуга оид