Жаҳон | 16:14 / 21.09.2021
9366
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистондаги портда Афғонистондан келтирилган уч тонна героин мусодара қилинди

Ҳиндистон контрабандага қарши кураш хизмати Гужарот штати портида ўтказилган кенг кўламли амалиёт давомида жами 2,7 миллиард долларлик қарийб уч тонна героинни мусодара қилди.

Фото: Getty Images

Маҳсулот тальк (техника ва тиббиётда ишлатиладиган оқ ёки кўкиш рангли минерал) кўринишида Афғонистондан Эроннинг Бандар-Аббос порти орқали етказилган.

Ҳиндистон солиқ разведкаси бошқармасига (DRI) мамлакатга таркибида наркотик моддалар борлиги тахмин қилинаётган юк йўл олгани ҳақида маълумот келиб тушган.

Разведка хизмати маълумотига кўра, маҳсулот Ҳиндистон жанубидаги Виджаявада шаҳрида жойлашган ҳинд компанияси томонидан импорт қилинган.

Гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмаси иши бўйича икки киши қўлга олинган, яна бир неча киши, жумладан Афғонистон фуқаролари тергов қилинмоқда.

Криминал экспертиза қўлга олинган наркотик моддаларнинг аниқ миқдорини ҳали аниқ ҳисоблаб улгурмаган. Бошқа шаҳарларда ҳам, жумладан Деҳли, Аҳмадобод ва Ченнайда қидирув-тинтув ишлари олиб борилмоқда.

БМТ наркотиклар ва жиноятчилик бошқармаси маълумотига кўра, Афғонистон дунёда героин ва опиумнинг энг йирик етказиб берувчиси ҳисобланади, унинг улуши барча етказмаларнинг 80 фоизини ташкил этади.

Ўтган йили мамлакатда кўкнори етказиладиган майдонлар ҳажми 37 фоизга кенгайган.

Мавзуга оид