Ўзбекистон | 10:34 / 29.05.2026
3292
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева: ҚҚС бўйича чегаранинг оширилиши кичик бизнес учун муҳим енгиллик бўлади

Ўзбекистонда кичик бизнес учун солиқ юкини енгиллаштиришга қаратилган муҳим ўзгаришлар тадбиркорлар томонидан ижобий қарши олинмоқда. Бу ҳақда Саида Мирзиёева маълум қилиб, ҚҚС тўлашга ўтиш бўйича чегаранинг 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмгача оширилиши минглаб тадбиркорлар учун янги имкониятлар очишини таъкидлади.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг қайд этишича, сўнгги йилларда мазкур масала кичик бизнес вакиллари учун энг долзарб муаммолардан бири бўлиб келган. Ҳудудларга сафарлар давомида тадбиркорлар ҚҚС тўлашга ўтиш учун белгиланган 1 миллиард сўмлик чегаранинг пастлиги, солиқ маъмуриятчилигининг мураккаблиги, текширув ва ҳисоботларнинг кўплиги ҳақида мунтазам мурожаат қилиб келишган.

Унинг таъкидлашича, амалдаги тартиб айрим корхоналарни бизнесини эркин ривожлантириш ўрнига сунъий равишда бўлишга мажбур қилаётган эди.

Президент томонидан имзоланган янги фармонга мувофиқ, ҚҚС тўлашга ўтиш бўйича чегара 5 миллиард сўмгача оширилди. Бу ўзгаришлардан, аввало, оилавий корхоналар, кафе ва дўконлар, хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳамда ўз меҳнати билан иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшаётган минглаб фуқаролар манфаат кўради.

Шунингдек, фармонда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган бир қатор қўшимча чора-тадбирлар ҳам назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид