Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Швейцарияда Гулнора Каримова устидан суд бошланмоқда
27 апрел, душанба куни Швейцария Федерал жиноят судида Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова ва бошқалар устидан суд бошланади. Бу жиноят иши бундан 14 йил олдин, 2012 йилда қўзғатилган эди.
Фото: instagram.com/real.googoosha
Судланувчилар қаторида жисмоний шахслардан ташқари, Швейцария банклари ҳам корпоратив жавобгар сифатида қатнашади. Бу ҳақда finews хабар бермоқда.
Швейцарияда Гулнора Каримова ва унинг бизнес ҳамкорига нисбатан жиноят иши 2012 йилда очилган. Улар коррупция, жиноий ташкилот фаолиятида иштирок этиш ва пул ювишда айбланмоқда. Кўп ўтмай, 2013 йилда Каримова Ўзбекистонда ҳам терговга тортилган.
Швейцария Бош прокуратураси айбловида назарда тутилган жиноий тузилма “Офис” деб аталади. Айбловга кўра, Каримова “Офис” орқали Ўзбекистон бозорига кирмоқчи бўлган телекоммуникация компанияларидан пора ундирган.
Каримовадан ташқари иккинчи асосий судланувчининг шахси очиқланмаган. Шуниси маълумки, у муқаддам Россия телекоммуникация компаниясининг Ўзбекистондаги шўбасига раҳбарлик қилган.
2015 йилда Женевадаги Lombard Odier хусусий банкининг собиқ ходими ҳам мазкур жиноят иши доирасида терговга тортилган. У 2008–2012 йилларда “Офис”га алоқадор шахсларнинг банк хизматларига оид талабларини қондириб, маблағлар манбайини яширишга кўмаклашганликда айбланмоқда.
Прокурорлар Lombard Odier'ни пул ювишда айблаётгани йўқ, лекин банк пул ювиш занжирида иштирокчига айланиб қолишдан сақланиш учун барча зарурий чораларни кўрганми? Бу савол банкни “корпоратив жиноий масъулият” тушунчаси доирасида суд жараёнида жавобгарлар қаторига киришига сабаб бўлган.
Эътиборлиси, Швейцария Федерал жиноят суди айни шу иш доирасида ўз тарихида илк марта мамлакатдан ташқарига чиқиб сўроқ ўтказган. 2026 йил бошида Тошкентда Каримова билан иккинчи марта суд сўроғи бўлиб ўтган (у ҳозир Ўзбекистон қонунчилиги бўйича жазо муддатини ўтамоқда).
Кўрсатма олиш жараёнига Ўзбекистон томони чекловлар жорий этгани айтиляпти: Швейцария судялари саволларни фақат Ўзбекистон Бош прокуратураси орқали йўллаган, уларнинг ўзи судланувчига бевосита савол беришига имкон берилмаган. Қолаверса, Ўзбекистон томонининг махфийлик талаблари ва бу талабларга риоя этилмаган тақдирда жиноий санкциялар қўлланиши ҳақидаги огоҳлантириши туфайли, ҳимоячилар кўрсатма олиш жараёнида қатнашишдан бош тортган. Натижада мазкур кўрсатмалар Швейцариянинг далил тўплаш стандартларига жавоб бериши ва судда қанчалик кучга эга бўлиши савол остида қолмоқда.
Асосий судланувчилар суд мажлисларида бевосита иштирок этиши эҳтимоли кам: 53 ёшли Гулнора Каримова Тошкентда қамоқда, бизнес ҳамкори қаердалиги эса номаълум. Шу сабабли судялар судловни сиртдан олиб бориш ёки ишни қисмларга бўлиш заруратини кўриб чиқишига тўғри келиши мумкин.
Мавзуга оид
19:32 / 01.04.2026
Швейцария Марказий Осиё учун 200 млн долларлик дастурни ишга туширди
12:43 / 13.02.2026
Швейцария аҳоли сони чегараси бўйича референдум тайёрламоқда
21:32 / 12.02.2026
Швейцарияда мамлакат аҳолиси сонини чеклаш бўйича референдум ўтказилади
08:23 / 22.01.2026