Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Швейцария аҳоли сони чегараси бўйича референдум тайёрламоқда
Швейцария Халқ партияси мамлакатга мигрантлар оқимини чеклашни истаяпти. Шу мақсадда 2050 йилдан кейин Швейцария аҳолиси сонини 10 миллион киши даражасида чеклаш ҳақида референдум ташаббуси илгари сурилди.
Фото: picture alliance
Швейцарияда 14 июн куни ўта ўнг қарашларга эга Швейцария Халқ партияси (ШХП)нинг мамлакат аҳолиси сонини 10 миллион киши билан чеклаш таклифи бўйича референдум бўлиб ўтади. Бу ҳақда Швейцария Федерал кенгаши (ҳукумати)нинг тегишли қарорига таяниб Swiss Info онлайн-нашри чоршанба, 11 феврал куни хабар берди.
ШХП ташаббуси мамлакатга мигрантлар оқимини чеклашга қаратилган. Аниқроғи, партия 2050 йилдан кейин Швейцариянинг доимий аҳолиси 10 миллион чегарасидан ошмаслигига эришмоқчи. Фақат битта истисно кўзда тутилмоқда: агар бу даража туғилишлар сони сабаб ошса.
Агар 2050 йилга қадар Швейцария аҳолиси сони 9,5 миллион кишидан ошиб кетса, Федерал кенгаш ва парламент аҳоли сонини чеклаш талабини бажаришга қаратилган чораларни қабул қилишга мажбур бўлади — “айниқса бошпана бериш соҳасида ва оила бирлашиши мақсадида қариндошларни Швейцарияга кўчириб келиш масаласида”.
Swiss Info келтирган ташаббус матнига кўра, бундай вазиятда Швейцария “аҳоли ўсишига кўмаклашадиган халқаро келишувларни қайта кўриб чиқиши” керак бўлади — айниқса истиснолар назарда тутилган ва танқидий ҳолатларда айрим мажбуриятларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш имконини берадиган қоидаларни инобатга олган ҳолда.
Агар бу чоралар ҳам аҳоли сонининг 10 миллион бўйича юқори чегара талабини таъминлаш учун етарли бўлмаса, ҳужжатга кўра, фавқулодда чора сифатида Швейцария ЕИ билан эркин ҳаракатланиш ҳақидаги келишувни бекор қилишга мажбур бўлади.
Швейцария Федерал йиғилиши ва парламент депутатларининг кўпчилиги фикрича, ушбу ташаббус “ҳеч қандай муаммони ҳал қилмайди” ва фақат янги муаммоларни юзага келтиради. Шу билан бирга, референдум тарафдорлари бундай қарор миграцияни назорат қилиш ва уни чеклаш учун оқилона восита бўлишини таъкидламоқда.
Айни пайтда Швейцария аҳолиси сони тахминан 9 миллион кишини ташкил қилади.
Мавзуга оид
21:32 / 12.02.2026
Швейцарияда мамлакат аҳолиси сонини чеклаш бўйича референдум ўтказилади
08:23 / 22.01.2026
Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Цюрих шаҳрига келди
16:03 / 10.01.2026
Швейцария Кран-Монтанеда ёнғин қурбонлари хотирасини ёд этди
22:04 / 05.01.2026