Ўзбекистон | 15:21 / 20.08.2024
3992
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳудудий электр тармоқлари бошқарувини хусусий секторга бериш бошланади

Президент ер ости бойликларини ўзлаштиришга тадбиркорларни кенг жалб этиб, ишлаб чиқаришни кўпайтириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг бошқарувини хусусий секторга беришда амалий босқич бошланиши маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда сўнгги йилларда энергетика соҳаси ислоҳ қилиниб, хусусий секторга кенг йўл очиб берилгани, бу орқали 3,5 миллиард долларлик хусусий шериклик лойиҳалари ишга тушди ва яна 31,5 миллиард долларлик 50 та лойиҳа бўйича ишлар жадал давом этаётганини маълум қилди.

Президент “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг бошқарувини хусусий секторга беришда амалий босқич бошланишини айтди.

“Хусусан, октябрда Самарқанд вилоятидаги электр тармоқларига хусусий оператор жалб қилиш бўйича тендер эълон қилинади. Келгуси йил Жиззах ва Сирдарёда ҳам худди шундай ишлар амалга оширилади”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, мулоқотда ер ости бойликларини ўзлаштиришга тадбиркорларни кенг жалб этиб, ишлаб чиқаришни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шу йилнинг ўзидаёқ 150 тадан ортиқ кон ва майдонлар тадбиркорларга сотилди.

“Йил якунигача яна 300 та кон ва майдонлар тадбиркорларга таклиф қилинади. Қурилишда қум-шағалга эҳтиёжни қоплаш мақсадида 110 миллион куб метр захирали 172 та кон ҳам тадбиркорлик учун ажратилади”, - деди президент.

Аввалроқ, тадбиркор аукциондан ер сотиб олганда унга ҚҚС ҳисоблаш бекор қилиниши маълум қилинганди. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида сотилган ер бўйича харид суммасини уч йилгача, қолган ҳудудларда беш йилгача, 4- ва 5-тоифа туманлар учун эса ўн йилгача бўлиб тўлашга рухсат бериляпти.

Мавзуга оид