Иқтисодиёт | 20:26 / 09.10.2024
3761
3 дақиқада ўқилади

“ЖСТга аъзоликдан кейин йирик корхоналарга 2-3 йиллик ўтиш даври берилади” – Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари

Ўзбекистон 2026 йилгача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни режалаштиряпти. Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг маълум қилишича, ташкилотга аъзоликдан кейин ҳам турли хил имтиёзлардан фойдаланиб келаётган йирик корхоналарга 2-3 йиллик ўтиш даври берилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлса, айни пайтда солиқ имтиёзларидан фойдаланиб келаётган йирик корхоналарга 2-3 йиллик ўтиш даври берилади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди.

«Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлгандан кейин импортда ҳам, ички бозорда ҳам ҚҚС бир хил бўлиши ва солиқ имтиёзлари бўлмаслиги керак. Агар импортда ҚҚС бўлса, ички бозорда имтиёз бўлмаслиги шарт, яъни ҚҚС тўланиши керак. Бу биринчи талаб. Акциз солиғи билан ҳам худди шундай - импорт ва ички бозор ставкалари бир хил бўлиши керак. Шунингдек, божхона божлари ҳам аъзо мамлакатлар билан келишилган ҳолда бирхиллаштирилиши лозим. Асосан, мана шу 3 та талаб бор», деди Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари.

Мубин Мирзаевнинг таъкидлашича, бу кичик бизнес учун яхши, чунки тенг шароит яратилади, аммо солиқ имтиёзлари бекор қилиниши туфайли йирик компанияларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

«Солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши 2-3 йилда босқичма босқич тўғриланиб борилади. Бу ишлаб чиқарувчи корхоналарга катта таъсир кўрсатмаслиги керак. Чунки у ерда ҳам ишчилар ишлайди, молиявий ҳолати оғирлашмаслиги лозим. Шунинг учун 2-3 йиллик режа ишлаб чиқилган», деди у.

Солиқ қўмитаси расмийсининг қўшимча қилишича, ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистон маҳсулотларининг рақобатбардошлигини таъминлайди. Чунки бошқа давлатлар ҳам Ўзбекистоннинг экспорт товарларига нисбатан юқори божхона божларини ўрнатган. Бу эса уларнинг чет элда сотиш имкониятларини чегаралайди.

Аввалроқ, Ўзбекистон ЖСТга кириш доирасида 18 давлат билан музокараларни якунлагани, улардан 14 таси билан бозорга кириш бўйича музокараларни якунлаш тўғрисидаги протоколлар имзолангани хабар қилинганди.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш сари қадамлари

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни 2005 йилда тўхтаб қолган, 2020 йил июл ойига келиб жараён ишчи гуруҳнинг 4-учрашуви билан расман қайта бошланган эди. Ундан кейин 2022 йил июн, 2023 йил март ва 2023 йил ноябр ойларида, шунингдек, 2024 йил май ойида ишчи гуруҳ йиғилишлари бўлиб ўтди. Шу билан жами Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш бўйича 8 та йиғилиш ўтказди.

Май ойидаги йиғилишда Ўзбекистонда илк бор ташкилотга аъзо бўлиш муддати борасидаги мақсадини эълон қилди. 2026 йил Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотининг 2026 йил Камерунда бўлиб ўтадиган вазирлар конференциясига қадар ушбу ташкилотга аъзо бўлиб киришни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид