Жаҳон | 13:30 / 13.04.2026
7058
5 дақиқада ўқилади

АҚШ чекинса, Исроил ядровий вариантни танлайдими?

Сиёсатшуносларга кўра, АҚШ ва Эрон ўртасида келишувга эришилса, минтақадаги кучлар мувозанати кескин ўзгаради. Бундай вазиятда Исроил стратегик жиҳатдан ёлғиз қолиб, Эрон билан қарама-қаршиликда анча мураккаб ҳолатга тушади. Айнан шундай шароитда энг хавфли сценарий — ядровий қуролдан фойдаланиш эҳтимоли ҳам тилга олинмоқда. Мутахассислар буни эҳтимолдан холи эмас деб баҳоламоқда. Бу эса бутун минтақа учун оғир ва қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин.

Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар шу ҳақда сўз юритади.

АҚШ-Эрон билан келишувга эришса, Исроил ҳарбий ҳаракатларни ёлғиз амалга оширадими?

Шавкат Икромов: Уруш бошида айрим давлатлар — жумладан, Туркия, Покистон, Озарбойжон ва Миср каби давлатлар Эронга нисбатан эътирозлар билдира бошлади. Айрим араб давлатлари Эроннинг АҚШ ҳарбий базаларига берган зарбалари ўз ҳудудларига ҳам хавф туғдираётганини таъкидлади. Экспертлар эса бу ҳолатни Эроннинг агрессив сиёсати сифатида баҳолади.

Вазият ривожланиб боргани сари, айниқса сўнгги воқеалар фонида, муҳим савол пайдо бўлди: Саудия Арабистони ҳақиқатан ҳам Эронга нисбатан самимий муносабатдами?! У уруш тугашини ва минтақада тинчлик ўрнатилишини хоҳлаяптими ёки Эрон масаласини кескин тарзда ҳал қилиш тарафдорими?!

Бу савол бежиз пайдо бўлгани йўқ. 2025 йилда Саудия Арабистони ва Покистон ўртасида мудофаа соҳасида келишув имзоланган эди. Аслида, Покистон узоқ йиллардан бери Саудия Арабистонини ҳарбий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келади: армияни модернизация қилишда иштирок этади, кадрлар тайёрлашда ёрдам беради. Шундай шароитда, музокаралар учун имконият пайдо бўлаётган бир пайтда, Эронни норози қилиши аниқ бўлган қадам ташланди. Покистондан Саудия Арабистонига қурол-яроғ етказиб берилди.

Бу, айниқса, мудофаа тизимлари ва ракета технологияларига тааллуқли бўлиб, Эрон томонидан салбий қабул қилиниши табиий эди. Европа нашрлари ҳам бу ҳолатни савол остига қўймоқда: бу ҳаракат музокараларга халақит бериш учун қилиндими ёки оддийгина мавжуд шартномалар ижросими? Афсуски, айрим сигналлар бу жараёнларга тўсқинлик қилиш эҳтимолини кучайтиради.

Бугунги кунда кўплаб таҳлиллар шуни кўрсатадики, АҚШ яқин келажакда чекинишга мажбур бўлиши мумкин. Чунки қуруқликдаги кенг кўламли операция эҳтимоли паст, унинг оқибатлари жуда оғир бўлиши мумкин. Агар АҚШ ички сиёсий омиллар, жумладан сайлов жараёнлари сабаб чекинса ва Исроилни ёлғиз қолдирса, Исроилнинг имкониятлари чекланган бўлади. У асосан рамзий ёки чекланган ҳарбий амалиётлар билан кифояланиши мумкин.

Шу билан бирга, айрим ҳарбий экспертлар хавотирли прогнозларни ҳам илгари сурмоқда: Исроил ўз хавфсизлигини таъминлаш ва минтақадаги позициясини сақлаб қолиш учун тактик ядро қуролларидан фойдаланиш эҳтимоли истисно этилмаяпти (Исроил ўзида ядро қуролига эга эканлигини расман тан олмаган). Албатта бу энг ёмон сценарий ҳисобланади.

Умуман олганда, ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, АҚШсиз Исроилнинг ҳарбий салоҳияти узоқ муддатли уруш учун етарли эмас. Бундай шароитда Эрон учун кучлар мувозанати нисбатан тенглашади ва Исроил жиддий устунликка эга бўлмайди. Шу сабабли экспертлар Исроилни кескин қарорлардан, хусусан ядро қуролларидан фойдаланишдан тийиш учун халқаро босим зарурлигини таъкидлашмоқда.

Шуҳрат Расул: Бу можаро қисқа муддатли бўлмайди. Аксинча, у узоққа чўзиладиган ва эпизодик характерга эга бўлиши мумкин. Томонлар тўлиқ келишувга эришмасдан, вақти-вақти билан бир-бирига ракета зарбалари бериб, қарама-қаршиликни давом эттириши эҳтимоли юқори.

Эроннинг араб монархияларига нисбатан ҳаракатлари нафақат экспертлар, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам баҳоланган. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияси ва Кўрфаз ҳамда унга қўшни давлатларнинг позицияси бу ҳолатни очиқ агрессия сифатида баҳолаган. Покистон ва Мисрни ҳам ўз ичига олган 12 та мусулмон давлати бу ҳаракатларни шартсиз агрессия деб атаган.

Бу ерда гап фақат ҳарбий базалар ҳақида кетмаяпти.

Оммавий ахборот воситаларида ҳам кўрсатилаётганидек, зарбалар нефт ва газ инфратузилмасига ҳам йўналтирилмоқда. Бундан ташқари, Эрон томони агар ҳужумлар давом этса, Кўрфаз ҳудудидаги 12 та кўприкка зарба бериши мумкинлигини очиқ баён қилган. Мазкур кўприклар ва бошқа объектлар, жумладан газ омборлари ва газни суюлтириш заводлари фуқаролик инфратузилмаси ҳисобланади. Бу объектлар асосан араб монархияларига тегишли бўлиб, иқтисодий тизим учун муҳим аҳамиятга эга.

Шу сабабли Эрон зарбалари фақат ҳарбий эмас, балки фуқаролик ва иқтисодий объектларга ҳам қаратилаётгани таъкидланмоқда. Бу эса нафақат қўшни давлатлар, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ҳам алоҳида резолюция даражасида муҳокама қилинган.

Тўлиқ суҳбатни YouTubeʼдаги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид