Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«МЮ» юқориламоқда, «Барса»да йирик ғалаба. Кун ўйинлари
«Ливерпул» сўнгги дақиқада ғалабани қўлдан чиқарди ва тўртинчи ўринга кўтарила олмади; «Барселона» «Реал» билан орадаги тўрт очколик фарқни тиклади.
Фото: Gettyimages/Lewis Storey
Англия: Фернандеш ва Каземиронинг рекордлари
«Манчестер Юнайтед» – «Астон Вилла» 3:1
Голлар: Каземиро, 53 (1:0). Баркли, 64 (1:1). Куня, 71 (2:1). Шешко, 81 (3:1)
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, Магуайр, Йоро, Шоу, Далот, Каземиро (Угарте, 90+1), Майну, Бруну Фернандеш, Куня, Диалло, Мбемо (Шешко, 75)
«Астон Вилла»: Мартинес, Конса, Мингс, Дин (Матсен, 82), Богард, Баркли (Дуглас Луис, 82), Онана, Макгинн (Бэйли, 61), Буэндия (Гарсия, 86), Роджерс, Уоткинс (Абраҳам, 60)
Огоҳлантиришлар: Каземиро, 60. Йоро, 72. Магуайр, 90 – Уоткинс, 41. Буэндия, 69
Англияда «Ливерпул» ва «Тоттенҳэм» тўқнашуви кўпчилик томонидан якшанба оқшомидаги марказий баҳс сифатида қаралган бўлса-да, турнир жадвалидаги вазият жиҳатидан «Олд Траффорд»даги ўйинга ҳам эътибор катта эди. Учинчи ва тўртинчи ўриндаги бу жамоалар «Челси»нинг шанба кунги йўқотишидан фойдаланиб, олдинга чиқиб кетиш имкониятига эга эди. Аммо масъулият юқорилиги ўйиннинг томошабоплигига зарар етказди, айниқса «Астон Вилла» анча эҳтиёткорлик билан ўйнади.
Бирмингҳэмликлар жамоаси биринчи бўлимда бирорта хавфли вазият яратмади. «МЮ» эса тахминан 20-дақиқалардан ташаббусни қўлга олди ва муваффақиятли прессинг эвазига босимни оширди. Бунинг ортидан мезбонлар иккита хавфли вазиятларга ҳам эга бўлди. Биринчи ҳолатда стандарт вазиятда Магуайр тўпни Диаллога қулай қилиб ташлаб берди, аммо Мартинес бош билан узоқ бурчагига йўллаган мураккаб зарбани қайтариб қолди. Иккинчи ҳолатда эса Диогу Далотнинг қулай нуқтадан йўллаган зарбасидан кейин тўп юқорига кетиб қолди.
«Қизил иблислар» танаффусдан кейин босимни янада кучайтирди, 53-дақиқада Фернандешнинг бурчакдан узатмасини Каземиро голга айлантирди. Бразилиялик яримҳимоячи учун бу жорий мавсумдаги еттинчи гол бўлди ва у «Реал»даги фаолиятида қайд этган энг яхши натижасини яхшилади, эътиборли жиҳати бу голлардан бештасида унга Фернандеш ассистентлик қилган.
Португалиялик сардор бу орқали мавсумдаги голли узатмалари сонини 15 тага етказди ва бу борада клуб рекордини такрорлади (Бекҳэмда ҳам 1999/2000 йиллар мавсумида 15 та ассист бўлган).
Лекин ўтказиб юборилган гол «Вилла»ни уйғотиб юборди. Меҳмонлар диққатни жамлаб олди ва жиддий кураш таклиф эта бошлади. Аввалига Онана хавфли зарба берганида Ламменс ўзини кўрсатишига тўғри келди. Кейин эса узоқ чўзилган ҳужумлардан бири Баркли Диннинг қанотдан узатмасини голга айлантириши билан якунланди – 1:1.
Меҳмонлар муваффақиятни ривожлантиришга уриниб, яна кетма-кет ҳужумлар уюштиришди. Аммо бу ўз навбатида жамоа ҳимоясида бўшлиқлар юзага келишига олиб келди ва мезбонлар бундан фойдаланди. Фернандеш ҳимоячилар ортига очилаётган Куняни ўз вақтида тўп билан таъминлади ва голли ассистлар сони бўйича клуб рекордини янгилаб қўйди. Энди унинг қаршисида АПЛ рекордини янгилаш (бу борадаги рекорд Анри ва Де Брюйнега тегишли – 20 тадан ассист) вазифаси турибди.
Захирадан ўйинга қўшилган Шешко эса навбатдаги голини урди ва якуний натижани ўрнатди. Бу ғалабадан кейин Майкл Кэррик жамоаси учинчи ўринни мустаҳкамлади ва иккинчи ўрин учун курашга қўшилди. Энди «Сити» билан орадаги фарқ 7 очкони ташкил этмоқда. Қаторасига учинчи мағлубиятдан кейин учинчи ўриндан уч очкога ортда қолаётган «Вилла» эса «Челси» ва «Ливерпул»ни ўзига яқинлаштириб олди.
«Ливерпул» – «Тоттенҳэм» 1:1
Голлар: Собослаи, 18 (1:0). Ришарлисон, 90 (1:1)
«Ливерпул»: Алиссон, Гомес, ван Дейк, Робертсон, Собослаи, Макаллистер (Киеза, 90+1), Гравенберҳ, Вирц (Жонс, 64), Нгумоҳа (Салоҳ, 64), Фримпонг (Экитике, 64), Гакпо (Ниони, 83)
«Тоттенҳэм Ҳотспур»: Викарио, Дрэгушин, Дансо, Спенс (Олусеси, 76), Порро, Грэй, Сарр, Тел (Коло Муани, 75), Соуза (Симонс, 56), Ришарлисон (Роузвелл, 90+6), Соланке
«Тоттенҳэм»да кадрлар муаммоси давом этмоқда. Бу ўйиндан олдин жамоа хизматларидан фойдалана олмайдиган футболчилар сони 12 нафарга етганди. Натижада 19 ёшли Соуза асосий таркибда дебют қилиш имконига эга бўлди. Бундан ташқари, «Тоттенҳэм» қайдномасида бир неча бўш жой қолиб кетди. Жамоа захира ўриндиғидаги майдон футболчилари сони «Ливерпул»никига қараганда учта кам эди. Ва бу беш киши Коло Муани, Симонс ва 19 ёшли юниорлар эди.
Лекин бунгача қаторасига олти ўйинда ютқазган «Тоттенҳэм» таркибдаги муаммоларига қарамай «Энфилд»да муносиб ўйин кўрсатди. Меҳмонлар биринчи бўлимда рақибга қараганда фаолроқ ҳаракат қилишди ва бир неча хавфли вазиятлар яратишди. Соузанинг ўзи икки гол уриши мумкин эди – у аввалига Соланкенинг қанотдан узатмасини дарвозага тўғрилаб юбора олмади, кейин эса унинг олис масофадан йўллаган зарбасидан кейин тўсин остига кириб кетаётган тўпни Алиссон қайтариб қолди.
Аммо 20-дақиқада айнан Соуза жарима майдони яқинида фол ишлатди ва тўпга Собослаи яқинлашди. Венгриялик яримҳимоячи бу мавсумда жарима зарбаларини ажойиб ижро этиши билан ажралиб турибди. У бу сафар ҳам тўпни тўғри дарвоза тўрига йиғлади ва бу унинг АПЛ жорий мавсумида жарима зарбасидан урилган тўртинчи голи бўлди – бу «Ливерпул» учун рекорд кўрсаткич.

Собослаи АПЛ рекордини такрорлаши учун яна битта шундай гол керак – лигада бир мавсумда жаримадан бешта голни фақат Давид Бекҳэм ва Лаурен Роберт уришган.
Шундан кейин «Ливерпул» иккинчи голни уриб, ўйин тақдирини ҳал қилишга уринди, чап қанотда бошланғич таркибда тушган 17 ёшли Нгумоҳа фаоллик кўрсатди, 36-дақиқада эса Гакпо олис масофадан ерлатиб кучли зарба берди, Викарио бу сафар ишончли ҳаракат қилди ва тўпни устун томон буриб юборди.
Бўлим охирида эса яна меҳмонлар фаоллашди, Ришарлисон икки бор бошда зарба йўллади, аммо унга бироз аниқлик етишмади. Ушбу бразилиялик ҳужумчи иккинчи бўлим бошида ҳисобни тенглаштиришга яқин келди, аммо яна Алиссон ўзини кўрсатди.
Иккинчи бўлим ўрталарига бориб жамоалар майдон марказини унутган ҳолда ўйнашга ўтишди ва икки дарвоза олдида навбати билан хавфли вазиятлар юзага келди. Слот Экитике ва Салоҳни жангга ташлади: «Ливерпул» вазиятлар яратишда давом этди, аммо тўп дарвозага киришни хоҳламади.
«Тоттенҳэм» ҳам таслим бўлишни истамади ва ўйин охирида тўлиқ куч билан ҳужумга ўтди. 90-дақиқада рақиб жарима майдонида бўш қолдирилган Ришарлисон барибир ўз мақсадига эришди ва ҳисобни тенглаштирди. «Ливерпул» эса 90+5-дақиқада барибир ғалабани ўз томонига оғдириши мумкин эди, аммо Экитике «тўртга икки» нисбатидаги қарши ҳужумни аниқ зарба билан якунлай олмади.
«Ливерпул» бу муваффақиятсизликдан кейин тўртинчи ўринга чиқа олмади, лекин «Челси»нинг бир кун олдинги мағлубияти туфайли бешинчи ўринни ўзида сақлаб қолди. «Тоттенҳэм» эса узоқ кутилган очко эвазига хавфли зонага тушиб кетмайдиган бўлди.

Испания: Гавининг қайтиши
«Барселона» – «Севиля» 5:2
Голлар: Рафиня, 9 – пеналти (1:0). Рафиня, 21 – пеналти (2:0). Олмо, 38 (3:0). Осо, 45 (3:1). Рафиня, 51 (4:1). Жоау Канселу, 60 (5:1). Соу, 90 (5:2)
«Барселона»: Гарсия, Кубарси, Мартин, Жоау Канселу (Араухо, 66), Эспарт, Бернал (Ямал, 67), Олмо, Педри (Фермин Лопес, 46), Рафиня (Гави, 82), Баржи (Касадо, 67), Левандовски
«Севиля»: Влаҳодимос, Нянзу (Кастрин, 70), Гудел, Суасо (Варгас, 46), Х. Санчес, Агуме (Ману Буэно, 78), Соу, А. Санчес, Осо, Кармона (Мопе, 46), Адамс (Эджуке, 46)
Огоҳлантириш: Суасо, 37
Биринчи даврада «Севиля»дан учралган мағлубият (1:4) «Барселона» учун жорий мавсумдаги энг оғриқлиси бўлганди. «Камп Ноу»даги ўйинда каталонияликлар ўша зарбани унутмаганини кўрсатиб қўйишди. Ўйин стартидаёқ ҳужумга қўшилган Жоау Канселу жарима майдони ичида Агумени ўзига нисбатан фол ишлатишга мажбур қилди ва белгиланган пеналтини Рафиня аниқ ижро этди.
Ҳанси Флик жамоаси Ямалнинг майдонда йўқлигини сездирмади ва бўлим ўрталарида Канселу иккинчи бор пеналти ишлади – унга алданиб, газонга ётган ҳимоячи тўпни қўли билан тўхтатиб қолди.

Рафиня бу сафар ҳам 11 метрлик нуқтадан аниқ зарба йўллади. Бўлим охирида эса андалусияликлар Олмога қулай нуқтадан зарба беришга тўсқинлик қила олишмади ва ҳисоб йирик кўриниш олди. Шундан кейин амалда «Барса» бу турни ҳам турнир жадвалида тўрт очколик фарқ билан якунлашига ҳеч кимда шубҳа қолмади.
Ҳанси Флик шогирдлари икки бўлим охирида биттадан гол ўтказиб юборган бўлса-да, ўйинни тўлиқ назорат қилди ва йирик ҳисобда ғалаба қозонишни уддалади. Иккинчи бўлим бошида Рафиня «Барса» сафида учинчи ҳет-тригини нишонлади. Кейин эса Канселу ҳам ўз номига гол ёздириб қўйди. Ўйин охирларида каталониялик мухлисларни хурсанд қилган яна бир воқеа рўй берди: оғир жароҳат туфайли 204 кундан буён ўйнамаган Гави олқишлар остида майдонга тушиб келди ва Арауходан сардорлик боғичини қабул қилиб олди.
