Жаҳон | 13:57 / 03.02.2025
2646
9 дақиқада ўқилади

Ғазо уруши қурбонлари, Вашингтонда давом этадиган музокара ва қўшниларига бож жорий қилган Трамп — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги уруш қурбонлари

Исроилнинг Ғазодаги 15 ойлик ҳужумларида ҳалок бўлганлар сони 61 минг 709 нафарга етди. Бу ҳақда Ғазо ҳукумати медиа-бюроси раҳбари Салом Маъруф хабар берган.

Сўнгги аниқлаштирилган маълумотларга кўра, Исроилнинг 471 кун давом этган ҳужумлари натижасида ҳалок бўлган 61 минг 709 фаластинликларнинг 17 минг 881 нафари болалардир. Бу ҳисобга қўйилган 14 минг кишининг жасади вайроналар остида қолиб, ҳозирча бедарак йўқолган.

Марказий «Шифо» касалхонаси ҳовлисида ўтказилган матбуот анжуманида Маъруф 111 минг 588 нафар киши жароҳатланганини таъкидлади. Шунингдек, 1155 тиббиёт ходими, 205 журналист ва 194 фуқаролик мудофааси ходими ҳалок бўлгани айтилди.

Унга кўра, Исроил ҳужумлари сабабли 2 млн киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Уларнинг айримлари камида 25 марта бошпанасини алмаштирган. Ғазода 9268 та оила бутунлай йўқ қилинган, 292 оиланинг барча аъзолари ҳалок бўлган.

Вашингтонда Ғазо бўйича музокаралар

Исроил ва Қатар ўртасида Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва маҳбуслар алмашинуви бўйича иккинчи босқич музокаралари 3 феврал куни Вашингтонда бошланади. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг девонхонаси маълум қилди.

Нетаняҳу кеча, 2 феврал куни Вашингтонга учиб кетиши олдидан АҚШ президенти Доналд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Виткофф билан учрашди. Томонлар Исроил позициясини муҳокама қилиш ҳамда Қатар ва Миср делегациялари билан маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олдилар.

Музокаралардан аввал Виткофф Қатар бош вазири ва ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний ҳамда Миср расмийлари билан учрашиб, жараённи илгари суриш учун зарур бўлган қадамларни муҳокама қилади.

Яқин Шарққа беқарорлик келтираётган АҚШ

ҲАМАС раҳбарларидан бири Сами Абу Зуҳрий АҚШнинг фаластинликларни Ғазодан кўчириб юбориш ҳақидаги доимий баёнотлари Исроилнинг жиноятларига шерик эканини тасдиқлашини билдирди.

«Фаластинликларни Ғазодан мажбурий кўчириш лойиҳалари ақлга зид ва ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга эмас. Босқинчи Исроил бунга зўравонлик билан эришолмади ва сиёсий найранглар билан ҳам ўз мақсадларига ета олмайди», — деди у.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Иордания, Миср ва бошқа араб давлатларини фаластинлик қочқинларни қабул қилиш ва улар учун махсус турар жойлар барпо этишга чақирган эди. Бироқ ташаббус кескин қаршиликка учради. Иордания, Миср, Араб давлатлари лигаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва БМТ Трамп режасини рад этди.

Шу билан бирга, Трамп ўз позициясини яна бир бор тиқиштириб, ҳатто Иордания ва Миср ғазоликларни қабул қилишга тайёр эканини таъкидлади.

«Улар бунга рози бўлади ва албатта шундай йўл тутади. Биз улар учун кўп иш қилдик ва улар бунга рози бўлади», – деди Трамп журналистларга, Қоҳира ва Аммонга унинг режасини қабул қилиш учун босим ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан.

Зеленский музокаралар ҳақида

Украина президенти Володимир Зеленский Украина иштирокисиз Россия билан ўтказилаётган музокаралар хавфли эканини, урушни тугатиш бўйича ҳар қандай келишувда Украина иштирок этиши шартлигини таъкидлади.

Бу билан у Трампнинг Россия билан «жуда жиддий» музокаралар олиб бораётгани ҳақидаги сўзларига жавоб қайтарди. «Украина тўғрисида бизсиз гапириш ҳамма учун хавфли», — деди Зеленский.

Зеленский, шунингдек, Россия билан мулоқотдан олдин у шахсан Трамп билан учрашиши кераклигини таъкидлади. «Бу жуда муҳим ва бутун Европа хоҳлайдиган нарса», — деди у.

Унинг фикрича, шундан кейингина Россия билан музокаралар ҳақида гапириш мумкин бўлади. Украина ҳозирча Трамп маъмурияти билан умумий даражада мулоқот қилиб келмоқда, бироқ яқин орада бевосита учрашувлар режалаштирилган.

Зеленский шунингдек, музокараларда АҚШ ва Россия билан бир қаторда Европа Иттифоқи ҳам иштирок этиши лозимлигини таъкидлади. У Россия урушни ҳақиқатан тўхтатишга ёки бирон йўлдан қайтишга тайёр эмаслигини таъкидлаб, Кремл ҳар қандай тисарилишни мағлубият деб ҳисоблашини айтди. Шу сабабли у Трамп Россия энергетика ва банк тизимига санкциялар қўллаш орқали Путинни музокараларга мажбур қилиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Вашингтон Киевни сайловларга ундамоқда

АҚШ президентининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог Киевга президентлик ва парламент сайловларини ўтказиш кераклигини таъкидлади.

«Кўплаб демократик давлатлар ҳатто уруш даврида ҳам сайлов ўтказади. Бир нечта номзод сайловда иштирок эта олиши — бу демократиянинг асосий жиҳати: бир эмас», — деди у Reuters агентлигига.

Оқ уй Украинада Трамп маъмурияти умид қилаётган Россия билан эҳтимолий сулҳ жараёни пайтида сайлов ўтказиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Агар овоз бериш амалга ошса, ғолиб тараф кейинги тинчлик музокаралари учун жавобгарликни ўз зиммасига олади.

Украина ҳукуматига бу ҳақда расмий таклиф берилмаган, Зеленский эса олдин ҳам уруш даврида сайлов ўтказиш мумкин эмаслигини бир неча марта таъкидлаган.

Украина қонунчилигига кўра, ҳарбий ҳолат даврида сайловлар бекор қилинади. Шу сабаб 2023 йилда парламент, 2024 йилда эса президентлик сайловлари ўтказилмаган. Россия бу ҳолатдан фойдаланиб, Зеленскийни «нолегитим» деб атаётган бўлса, Украина раҳбари Путинни тинчлик музокараларини чўзишда айблади.

Путин: «Европа Трамп олдида думини ликиллатади»

Россия президенти Владимир Путинга кўра, Европа етакчилари янги воқеликка тезда мослашади. «Ҳаммаси эгасининг оёғи этагига тиз чўкади ва мулойимгина думини ликиллатади», — деди Путин.

Путин Европа элиталари Жо Байден маъмурияти даврида ҳам Вашингтон кўрсатмаларини сўзсиз бажарганини қўшимча қилди.

Путин айни пайтдаги европалик сиёсатчиларни ўтган асрдаги етакчилар билан таққослаб, ҳозиргилари мустақиллик ва жасоратдан йироқлигини таъкидлади.

Освенцим озод қилинганининг 80 йиллиги муносабати билан Россия расмийларининг чақирилмагани ҳақидаги саволга Путин бундан ажабланганини айтди ва бу қарорни «шармандали» деб атади.

АҚШдан Мексика ва Канада импортига бож

АҚШ президенти Доналд Трамп 1 февралдан бошлаб Мексика ва Канададан келадиган барча товарларга 25 фоизлик импорт божи жорий қилди. Хитой товарларига эса қўшимча 10 фоизлик бож киритилди. Бу қарор Америка бозорида нархларни кескин ошириш хавфини туғдирмоқда.

Қонунчилик органларида бу қарорга қарши чиқишлар бўлди. Чунки Трампнинг импорт божлари авокадо, помидор, автомобил қисмлари, юк машиналари, нефт ва маиший техникалар нархини оширишга олиб келади.

Трамп бу чорани савдо балансидаги мувозанатни тиклаш ва ноқонуний муҳожирликка қарши курашиш деб баҳолади. Бироқ таҳлилчилар божлар айнан Америка истеъмолчилари зиммасига тушиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Канада ва Мексиканинг раҳбарлари Трампнинг бу қарорни адолатсиз, деб баҳолашди. Жастин Трюдо ва Клаудия Шейнбаум Трампнинг бу каби қарорига жавоб қайтарилишини маълум қилди. Хитой эса Жаҳон савдо ташкилотига шикоят қилишини билдирди.

Трампнинг Мексика ва Канадага 25 фоизлик бож жорий қилиши фонд бозорларига ҳам ўз таъсирини ўтказган.

Жаҳон можаролари янги даврга ўтмоқда

Жаҳондаги урушларда йирик корпорациялар роли ошиб бормоқда. Foreign Affairs журналига кўра, Украинадаги уруш рақамли инфратузилма ҳимояси хусусий компаниялар қўлида эканини кўрсатди.

Украина ҳукумати Starlink, Microsoft, Amazon Web Services, Capella Space ва Maxar Technologies билан ҳамкорликда ахборот узатиш ва сунъий йўлдош орқали кузатувни йўлга қўйди. Microsoft Киевга 500 млн долларлик ёрдам кўрсатди, SpaceX эса Starlink хизмати учун 80 млн доллар сарфлаган.

Журнал мутахассислари бу моделнинг Тайван можаросида қандай ишлашини таҳлил қилмоқда. Маск Тайванни «Хитойнинг ажралмас қисми», деб атагани унинг Starlink’ни Тайбэйда ишлатишга қанчалик тайёрлигига шубҳа уйғотмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид