Ўзбекистон | 11:25 / 07.07.2020
25629
9 дақиқада ўқилади

«Статистика ёмонлашса ҳам, барча жиноятларни қайд этиш керак» – Дониёр Тошхўжаев Фарғонадаги ишлаш услублари ҳақида

Шу йилнинг 22 январидан Фарғона вилоят ИИБга Дониёр Тошхўжаев бошлиқ этиб тайинланганди. Пойтахтдаги журналистлар уни матбуот анжуманларидан жуда яхши танишади. Унга исталган саволни бериш ва тўғридан тўғри жавоб олиш мумкин эди, деб ёзади у билан Фарғонада интервью уюштирган Insider.uz Телеграм канали.

Фото: t.me/insider_uz

Иш юкламаси кўплиги, вақти тиғизлигига қарамасдан Дониёр Бахтиёрович биз билан учрашиш учун фурсат ажратди. Албатта, бир муддат кутиб қолдик, раҳбарнинг ҳаёти шунақа, бир учрашувга бора туриб, йўл-йўлакай бошқаларига ҳам дуч келади.

— Сизнинг Фарғонага тайинланганингиз худди сургунга ўхшаган эди. Нима бўлганди?

— Йўқ, бу сургун эмас, — кулиб жавоб берди Дониёр Бахтиёрович. — Кадрлар ротацияси. Мени қаерга жўнатишмасин, оддий терговчи сифатида бўлса ҳам ишлаб бераман. Фарғонага келганимда бу нақадар замонавий шаҳар эканлигини кўрганимдан сўнг таажжубланган ва қувонган эдим. Одамлари ҳам ўқимишли, ақлли, ишчан, хушмуомала, ҳаттоки болаларини ҳам «сиз»лашар экан. Мен бу шаҳарга болалагимда отам билан келган эдим, энди ўзим учун Фарғонани қайтадан кашф этдим. Биз бу ерга Тошкентдан кўплаб ғояларни олиб келганмиз, август ойида 102 рақамига қўнғироқ қилинганида инсон омили нолга тенг бўлган, жавоб бериш мобил тарзда, ходимлар реал вақт режимида қаердан қўнғироқ бўлаётгани-ю, ким ўша жойга энг яқин бўлса етиб борувчи тизимни тақдим этамиз. Бу ҳақда уни ишга туширганимиздан сўнг батафсил гаплашамиз.

Жиноятчилик даражаси эса чиндан ҳам ошган. Янги бошлиқ ва унинг жамоаси энг кичик жиноят, ҳаттоки мобил телефон ўғирланиши ҳам қайд этилиши приниципи билан иш кўришмоқда.

— Кимлардир учун бу катта кўнгилсизлик бўлди. Биз гарчи статистика оқсай бошласа ҳам ҳар қандай сигнал қайд этилишига эришдик. Аммо реал манзарага эга бўламиз. Энг асосийси — одамлар уларни катта ва кичик муаммолари эътиборсиз қолмаслигини билишади.

Масалан, Олтиариқда ваҳшиёна воқеа рўй берган. Собиқ эр собиқ хотинига мулозамат қилиб, СМСлар жўнатган, хуллас, жувонни безовта қила бошлаган. Унинг аллақачон бошқа турмушидан икки фарзанди бор, лекин айрим эркаклар уларнинг хушомади аёллар эътиборини жалб қилади, деб ўйлашади. Аёл ундан чарчаб, эрига ҳаммасини айтиб беради. Бояги йигит иззат-нафсли экан, маданият билан, тинчгина гаплашиб олиш учун боради. «Агар ўрталарингда илгари қандайдир ҳис-туйғулар бўлган бўлса ҳам, шу ондан унутайлик, менинг оиламни бошқа безовта қилма», дейди.

Собиқ эр тушунмайди чоғи, бошидан тош билан зарба ейди ва ўлиб қолади. Оқибатда, бири — ўтирибди, иккинчисини кўмиб келишди. Мана сизга, кўринишидан беғараз шилқимлик…

Тошхўжаевлар оиласида хотин-қизлар ўзлари танлов қилишади. Масалан, унинг аёли ва тўрт қизи отаси ортидан Фарғонага тўртинчи куниёқ келиб олишган, гарчи Тошкентда қолаверишлари ҳам мумкин эди, лекин шундай қарорга келишган. Яна бир «манфаатлар тўқнашуви» — полковникнинг тўнғич қизи терговчи бўлишга қатъий аҳд қилган, юридик факультетга ўқишга кирган. Бу тизимда ҳатто эркак киши учун ҳам юклама қанчалик улкан эканлиниги билган отаси қарши, албатта. Лекин қизи танловини қилиб бўлган.

— Кўндира олмадингизми?

— Йўқ. 

Сўнгги вақтларда полковник аёлларни бирор ишга кўндиришда омади чопмаяпти. У ИИБ бошлиғи лавозимини эгаллагач, унинг молиявий масалалар бўйича ўринбосари лавозими бўшаб қолди. Аввалгиси кўтарилиб кетди. Ўнлаб номзодларнинг шахсий иш жилдларини ўрганиб, молия бўлими бошлиғи ўринбосари бўлган ягона аёл номзодида тўхталади. Билимли, ақлли, масъулиятли ва профессионал. Улкан тажрибаси бор, собиқ раҳбарининг ўрнини эгаллаш учун барча шартларга жавоб беради.

— Мен унинг номзодини тасдиқлаб, унинг хурсанд бўлишини 99,9 фоизга кутган ҳолда ҳузуримга чақирдим. У эса рад этди. Оиласи биринчи ўриндалигини айтиб, кўнмади. Гарчи ортиқча юклама, ортиқча масъулият ҳам йўқ эди, фақат имтиёзлар: бошқача маош, ҳайдовчиси бор хизмат автомобили. Йўқ, у аввалги ишида қолди. Ҳалигача негалигини билмайман. Балким бу аёлларга хос доноларча иш тутиш бўлгандир.

Ҳа, чиндан ҳам аламли. Аёллар карьерасидан воз кечиши ҳақида иккинчи ҳолат, ҳар сафар Дониёр Бахтиёровичга уларни кўндиришга сўз топилмаган.

— Лекин президент топшириғига кўра ёшлар билан учрашувларга борганимизда хурсанд бўлдим. Ўз ишини очиш учун маблағ керак бўлган фаол қизлар жуда кўп экан. Бири ўрта мактабни тугатиб, ўз бизнесини очган ва қўлида ўн саккиз аёлни ишлатмоқда. Баракалла. Балким шу биз кутаётган авлодлар алмашинувидир, бошқа давр, бошқача хотин-қизлар.

Улар бошқача бўлишлари, эркинроқ, кучлироқ ва ўзига ишонган бўлишлари учун ҳозирданоқ ишга киришишлари керак.

Водий вилоятида 198та ҳимоя ордери берилган, уларнинг ўнтаси аванс тариқасида зўравонликка мойиллар учун ажратилган.

Улардан 38таси ажрашган жуфтликлар, қолганлари ҳозирча бирга турмуш кечиришмоқда.

47 ҳолат бўйича алоқа буткул тақиқланган, 4тасига бир хонада бўлиш тақиқланган.

18 кишига моддий ва маънавий зарарни қоплаш юклатилган.

198 кишининг барчаси хулқни тўғрилаш бўйича дастурни ўташи керак. Бундай дастур қўшниларда ҳам йўқ, биз уни Европа давлатларидан олганмиз. Ҳар бир ҳолат ўзига хос, фақат намуна бор, унга қараб инспектор ҳар бир инсон учун дастурни шахсан ёзиб беради. «Жаҳлни жиловлаш»ни эслайсизми?

Республика бўйича май ойидан июлгача 1451та ҳимоя ордери берилган. Турли важлар бўйича — жисмоний ва руҳий зўравонлик учун. Ордерга риоя этмаслик 194-модда «ички ишлар органининг қонуний талабларини бажармаслик» бўйича жавобгарликка тортилади. Яқинда бу моддага яна бир сатр қўшилади — ҳимоя ордерига риоя қилмаганлик учун.

Аёлларни ордердан фойдаланишга кўндиришга тўғри келмоқда. Бу профилактика инспекторига ўзини боса олмайдиган фуқароларни кузатиш имконини берувчи расмий ҳужжатдир. У нафақат эрлардан, аёллар — қайнона, қўшни, ҳаттоки оналардан ҳимоя қилиш учун ҳам берилади.

Умуман айтганда, тизим ишлаб кетди, энди статистикани йиғиб, услубларни қайта ишлаш қолди, холос. Ўзини оқлай олмаган нарсаларни олиб ташлаб, иш берадиганларини қўшиб туриш керак.

— Ғаниев ҳақида гапириб берасизми?

— Ўткир хотирага эга, кўп ўқиган, билимли, ақлли, тарихни билади ва нафақат Ўзбекистон тарихини. Рус тилини жуда яхши билади, саводли раҳбар, ниҳоятда ишчан.

— Ўҳ-ҳу… Сиздирилаётган овозлардан ундайлиги билинмайди. Уларга кўра, ҳақоратсиз гаплаша олмайдиган безорига ўхшайди-ку?

— Бу фикр қандай пайдо бўляпти, билмадим. Ҳоким бемалол гапирган чоғда ҳеч ким унинг овозини телефонига ёзиб олмаганидан бўлса керак. У жаҳлланиб, ўзидан чиққан пайтдагиси қизиқ, Интернет учун материал бор. Мен ўзим кўрганимни айтаяпман. Мен ҳам бошида бу одам билан ишлаш қийин бўлади, деб ўйлагандим. Хато қилган эканман. Мен бу ерга келганимда бир факт мени жуда ҳайрон қолдирган — вилоятдаги жуда кўп инсонларда унинг қўл телефони рақами бор, афтидан, одамлар бир-бирларига тарқатиб юборишган. Одамлар унга тўғридан тўғри қўнғироқ қилишади, ҳоким уларни эшитади, қандайдир муаммосини ҳал қилади.

— Водийни қаттиқ сўзсиз бошқариб бўлмайдими?

— Эҳтимол, кимларгадир яхши гап етиб бормас. Мен ҳеч кимга овозимни баландлатмайман, лекин бу асло қатъий оқибатлар бўлмаслигини билдирмайди, лекин шундайлар ҳам борки, биринчи марта айтганингизда дарҳол илғаб ололмайди, одамлар ҳар хил. Лекин мен ҳар қандай зўравонлик, хоҳ у жисмоний, хоҳ сўз кўринишида бўлсин, оқлай олмайман. Аффект ҳолати бўлишини эътибордан қочирмайман, лекин бу кейинчалик хижолат чекишга сабаб бўлиши мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид