Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Озарбойжон Россиянинг Ми-24 вертолётини уриб туширгани учун узр сўради
Аввалроқ Россия қуролли кучларига тегишли Ми-24 вертолёти Арманистон-Озарбойжон чегарасида кўчма зенит-ракета мажмуасидан уриб туширилгани хабар қилинганди.
Фото: Арманистон ФВВ
Арманистонда Россиянинг Ми-24 жанговар вертолёти Озарбойжон томонидан тасодифан уриб туширилди. Боку Россия томонидан узр сўрайди ва компенсация тўлашга тайёр. Бу ҳақда Озарбойжон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилмоқда.
Қайд этилишича, вертолёт Арманистон-Озарбойжон чегарасига жуда яқин ҳудудда, сутканинг қоронғи вақтида, юқори бўлмаган баландликда, радарларнинг аниқлаш ҳудудидан ташқарида парвоз қилган ҳамда ушбу ҳудудда Россия қуролли кучларининг вертолётлари илгари кузатилмаган.
"Юқоридаги омиллар ҳамда минтақадаги кескин вазият ва Арманистон томонидан бўладиган эҳтимолий иғвогарликларга қарши юқори даражадаги тайёргарлик сабабли навбатчи қисм томонидан ўт очиш қарори қабул қилинган", - дейилади баёнотда.
Озарбойжон ушбу ҳодиса муносабати билан Россия томонидан узр сўраган.
"Озарбойжон томони ҳалок бўлган экипаж аъзоларининг оилаларига чуқур таъзия билдиради ва жароҳатланганларнинг тезроқ соғайишларини тилайди. Озарбойжон томони тегишли компенсация тўлашга тайёрлигини маълум қилади", - дея таъкидланади ТИВ баёнотида.
Аввалроқ Россия қуролли кучларига тегишли Ми-24 вертолёти Арманистон-Озарбойжон чегарасида кўчма зенит-ракета мажмуасидан уриб туширилгани хабар қилинганди.
Вертолёт Арманистон ҳудудига қулаган. Икки нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган, яна бир аъзоси ярадор ҳолда эвакуация қилинган. Вертолёт Россиянинг Арманистондаги ҳарбий базаси автоколоннасини базага кузатиб бораётган бўлган.
Россиянинг Арманистондаги 102-ҳарбий базаси Гюмри шаҳрида жойлашган. Келишувга кўра, ҳарбий база бу ерда 2044 йилгача қолади.
Мавзуга оид
12:39 / 30.05.2026
Исроил ва Россия кучлари можаро зоналаридаги жинсий зўравонлик учун БМТ қора рўйхатига киритилди
22:33 / 29.05.2026
Путин Арманистоннинг Евроиттифоққа интилишига муносабат билдирди
20:49 / 29.05.2026
Россия Ўзбекистоннинг 10 та корхонасига сабзавот ва меваларни олиб киришни тақиқлади
18:31 / 29.05.2026