Жамият | 16:19 / 03.06.2024
23496
6 дақиқада ўқилади

“Биткоин, ноткоин ва криптовалюталар билан муомала шаръан жоиз эмас” – Фатво ҳайъати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази Ислом динида биткоин, ноткоин ва бошқа шу каби криптовалюталарда савдо-сотиқ қилишга муносабат қандайлиги ҳақидаги саволга жавоб берди. Фатво ҳайъатига кўра, криптовалюталарни ўзаро айирбошлаш ва улар билан савдо-сотиқ қилиш шаръан жоиз эмас. Чунки криптовалюталар шариат томонидан пулга қўйилган талабларга мос эмас.

Фото: Kun.uz

Биткоин, ноткоин ва бошқа шу каби криптавалюталарда савдо-сотиқ қилиш Ислом динида шаръан жоиз ҳисобланмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази маълум қилди.

“Криптовалюта бу – транзакцияларни ҳимоя қилиш ва янги бирликларни яратишни назорат қилиш учун криптографиядан фойдаланадиган рақамли ёки виртуал валюта. Криптовалюталар банк ёки ҳукумат каби марказий ҳокимият томонидан тартибга солинмайди, аксинча улар марказлаштирилмаган, яъни улар компютерлар тармоғи томонидан бошқарилади.

Шариатимизга кўра криптовалюталарни ўзаро айирбошлаш ва улар билан савдо-сотиқ қилиш жоиз эмас. Чунки ушбу криптовалюталарда шариатимиз томонидан пулга қўйилган талаблар топилмайди. Қолаверса, уларни бирор давлат ишлаб чиқармагани ёки расман тан олмагани, уларнинг нархини кескин ўзгарувчанлиги ҳамда унда қимор аломатлари борлиги унинг ҳаром эканига асос бўлади.

Динимиз қоидаларига кўра тилла ва кумуш асл пулдир. Қолган кўринишдаги пуллар уларнинг ўринбосарларидир. Улар турли кўринишда, жумладан, электрон бўлиши ҳам мумкин. Лекин улар пул деб ҳисобланиши учун бир қанча шартларга жавоб бериши керак. “Рақамли пуллар” ёки “виртуал пуллар” дейилаётган, нақд кўринишда мавжуд бўлмаган криптовалюталар пулнинг қуйидаги талабларига жавоб бера олмайди ва баъзи хатарларга эга:

1. Криптовалюталарда пул бўлиш талаблари топилмайди

Пул – тилла ва кумуш ёки уларнинг ўрнини босувчи, маълум бир қийматга эга бўлган, ҳукумат тарафидан тан олинган ва кафолатланган ҳамда инсонлар орасида ўзаро айирбошлаш воситаси сифатида муомалага киритилган нарса (валюта)дир ("Ал-Мавсуатул фиқҳийя ал-Кувайтийя" китоби).

2. Пул чиқариш давлатнинг ҳаққидир

Ҳозирда машҳур бўлган криптовалюталарнинг бирортасини ҳам расман давлатлар чиқармаган. Аксарининг эгалари номаълум, нари борса бир-икки шахсдир. Динимиз қоидаларига кўра пулни давлат ишлаб чиқаради. Уни ҳар ким ишлаб чиқаришга ҳаққи йўқ.

3. Пулни ҳамма қабул қилган, уни ишлатишга ҳамманинг имконияти бўлиши керак

Криптовалюталар маълум бир тизимга уланган кишиларгина ишлата олади ва ҳозирда ҳамма уни муомала учун қабул қилмайди. Шу жиҳатда у ҳали тўлиқ пулга айланмаган. Савдо-сотиқда маҳсулот (товар) учун тўланадиган нарса пул ёки товар бўлиши лозим. Пулликка ярамайдиган нарса билан тўлов қилинса, бу савдо дуруст бўлмайди ва бекор бўлади. Ундан олинган фойда ҳам ҳалол экани шубҳа остида қолади.

4. Уларнинг натижаси номаълумлиги

Криптовалюталарнинг келажаги мавҳум. Унга ҳеч ким кафолат бермайди, ортида турмайди. Эрта-индин йўқолиб кетадими ёки барқарор валютага айланадими, номаълум. Криптовалюталар доимий резерв билан таъминланмаган ва бу уларнинг қиймати кутилмаган пайтда йўқ бўлиб кетишига олиб келади. Бундай валюталар билан савдо-сотиқ қилиш молни хатарга қўйишдир. Динимиз молни бекорга зое қилиш ва хатарга қўйишдан қайтарган.

5. Қийматининг кескин тушиб-кўтарилиб туриши

Криптовалюталарнинг нархлари кескин кўтарилиб-тушиб туриши ва кўпчилик фақат шу ўртадаги фарқдан фойда кўришга интилиши унда қимор аломатлари борлигини кўрсатади. Яъни аксар одамлар ўзига керак бирор маҳсулот сотиб олишни эмас, балки нархнинг кўтарилиб-тушишига пул тикишни мақсад қилади. Бу эса савдонинг асосий ғоясига зиддир. Динимиз мусулмонларни қимор ва унга ўхшаш фаолиятлардан ман қилган.

6. Криптовалюталар савдосида фирибгарлик эҳтимоли катталиги

Биткоин ва бошқа криптовалюталар ҳамёни эгаси ким эканини билиб бўлмаслиги сабабли ноқонуний пул айлантириш ва фирибгарликка йўл очилади. Криптовалюта ўтказмалари банксиз амалга оширилиши ҳам унинг хавфини оширади ва ўтказилган маблағларни қайтариб олиб бўлмайди”, дейилади Фатво ҳайъати жавобида.

Қўшимча қилинишича, бугунги кунда халқаро фатво уюшмалари ва фиқҳ академиялари криптовалюталар масаласини чуқур ўрганиб, улар билан савдо қилиш жоиз эмас, деган фатво берган. Жумладан, Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг ижтиҳод ва фатво қўмитаси томонидан биткоин ва криптовалюталар қилиш борасида баҳс ва мунозаралардан кейин улар билан муомала шаръан жоиз эмас деган қарорни қабул қилган. Мисрнинг марказий Фатво уюшмаси ҳисобланмиш “Миср фатво уйи” томонидан эълон қилинган фатвода эса криптовалюталар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилган бўлиб, иқтисодчилар ва соҳага алоқадор мутахассисларнинг фикрлари ҳам таҳлил қилинган.

“Юқоридагиларга биноан биткоин билан савдо қилиш ва у орқали сотиб олиш, сотиш, ижарага бериш ва ҳоказолар билан шуғулланиш шаръан жоиз бўлмаган амалиётлардир. Балки ушбу амалиётларда иштирок этиш тақиқланади.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳозирда фақат электрон кўринишда мавжуд бўлган рамзий “пул”лар вақт ўтиши билан шариатимиз манбаларига мувофиқ товар ва пулга қўйилган шартларга тўлиқ жавоб бера олса, шундагина улардан фойдаланишнинг ҳукми ҳам ўзгариши мумкин. Демак, криптовалюталарнинг ҳукми ҳалол бўлмагунча мўмин мусулмонлар бу пуллар билан савдо қилмай туришлари лозимдир”, дейилади маълумотда.

Фатво маркази зарурат бўлса, криптовалюталарнинг ўрнини босадиган рақамли пулларни расмий доиралар муомалага киритиши мақсадга мувофиқ бўлишини эслатиб ўтган. 

Мавзуга оид