Спорт | 07:22 / 19.03.2026
11972
13 дақиқада ўқилади

«Барса»да 7 гол, «Ливерпул»да камбэк. ЕЧЛда кун ўйинлари

Англиянинг олти жамоасидан тўрттаси турнирни тарк этди. Чоракфиналнинг барча жуфтликлари аниқ бўлди.

«Камп Ноу»да рекордлар ва антирекорд

«Барселона» – «Нюкасл» 7:2
Голлар:
Рафиня, 6 (1:0). Эланга, 15 (1:1). Бернал, 18 (2:1). Эланга, 28 (2:2). Ямал, 45+7 – пеналти (3:2). Фермин Лопес, 51 (4:2). Левандовски, 56 (5:2). Левандовски, 61 (6:2). Рафиня, 72 (7:2)
«Барселона»: Х. Гарсия (Шченсни, 82), Кубарси, Мартин, Жоау Канселу (Эспарт, 66), Э. Гарсия (Араухо, 21), Педри, Бернал, Фермин Лопес (Олмо, 66), Рафиня, Ямал, Левандовски (Торрес, 66)
«Нюкасл Юнайтед»: Рамсдейл, Тиау, Бёрн, Ҳолл, Триппиер (Ливраменто, 46), Жоэлинтон (Ботман, 64), Тонали (Уиллок, 55), Рэмси, Барнс, Эланга (Мёрфи, 64), Гордон (Осула, 81)
Огоҳлантиришлар: Кубарси, 44 – Жоэлинтон, 17. Триппиер, 45. Уиллок, 60
Биринчи ўйин: 1:1

«Камп Ноу»даги ўйин турли-туман рекордлар жамланмасига айланди. Биринчидан, Англиянинг ҳеч бир клуби бунгача Чемпионлар лигаси плей-оффидаги бир ўйинда 7 гол ўтказиб юбормаганди. «Нюкасл» эса шундай имконсиз кўринган ишни уддалади. Ўз майдонида тўлиқ устунлик қилган ва сўнгги дақиқаларда пеналти туфайли ғалабани қўлдан чиқарган АПЛ вакили жавоб ўйинининг биринчи бўлимида ҳам муносиб қаршилик кўрсатди. Меҳмонлар учта гол ўтказиб юборган бўлса-да, ўзи ҳам рақиб мудофаасидаги қўпол хатолардан фойдаланиб, иккита гол урди.

Аммо Киран Триппиер биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда пеналтига сабабчи бўлди ва Ламин Ямал учинчи бор жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Танаффусдан кейин эса «Нюкасл»ни таниб бўлмай қолди. Эдди Ҳау жамоаси шунчаки сочилиб кетди ва 10 дақиқа ичида учта гол қўйиб юборди. Бундай ҳимоя чизиғи билан кўп нарсадан умид қилиб бўлмасди. Айниқса Жейкоб Рэмсининг хатоси йилнинг энг кулгили ҳолатлари коллекциясидан ўрин олиши тайин. Унинг қўпол хатоси еттинчи гол ўтказилишига олиб келди.

Рафиня бу ўйинда «гол+пас» тизимида 4 (2+2) очко ишлади, Роберт Левандовски дублни расмийлаштирди. Поляк ҳужумчиси бирданига бир неча рекордни урди. У Чемпионлар лигасида урган голлари сонини 41 тага етказиб, бу борада Лионел Мессининг рекордини янгилади. Бундан ташқари, Роберт энди Чемпионлар лигасида дубл қайд этган энг катта ёшли футболчи ҳисобланади – у ҳозир 37 ёшда. «Барса» учун ягона минус – дарвозабон Жоан Гарсия жароҳат олиши бўлди. Чоракфиналда жамоа усиз қийналиши мумкин.

Салоҳнинг бенефиси

«Ливерпул» – «Галатасарой»
Голлар:
Собослаи, 25 (1:0). Экитике, 51 (2:0). Гравенберҳ, 53 (3:0). Салоҳ, 62 (4:0)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Салоҳ, 45+4’
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате, Керкез, Фримпонг (Жонс, 67), Гравенберҳ (Ниони, 89), Вирц (Киеза, 89), Собослаи, Макаллистер, Салоҳ (Гакпо, 74), Экитике (Нгумоҳа, 89)
«Галатасарой»: Угуржан Чақир, Абдулкарим Бардакчи (Эрен Элмали, 73), Синго, Якобс, Боэ (Сане, 46), Торрейра (Юнус Оқгун, 60), Лемина, Сара, Бариш Йилмаз, Шоллои, Осимҳен (Ланг, 46, Икарди, 80)
Биринчи ўйин: 0:1

Чоршанба кунги ўйинларда чинакамига интрига сақланиб қолган ягона ўйин «Энфилд»да эди, бу ерда мезбонлар минимал фарқни йўққа чиқариши талаб этиларди. Мезбонлар биринчи бўлим ўрталаридаёқ бу вазифани уддалашди. Мак Аллистер бурчак зарбасини ижро этишда рақибларни доғда қолдириб, тўпни ерлатиб жарима майдони чизиғи ҳудудига етказиб берди, у ерда ортдан келган Собослаини эса ҳеч ким кутиб олмади.

«Ливерпул»нинг бу мавсумдаги энг яхши футболчиси бўлиб турган венгриялик яримҳимоячи жамоаси танаффусга икки гол фарқи билан чиқиб кетиши учун барча ишни қилди. Аммо у ишлаган пеналтини Салоҳ аниқ ижро эта олмади.

Мисрлик ҳужумчи ўз вазиятларидан фойдалана олмаган бўлса-да, иккинчи бўлим бошида икки дақиқа ичида урилган икки голда ҳам иштирок этди. Аввалига тезкор қарши ҳужумда у Экитикега идеал узатма берди, бироз ўтиб унинг зарбасидан кейин дарвозабондан қайтган тўпни Гравенберҳ дарвозага киритиб юборди ва «Галатасарой» амалда чоракфиналга чиқишдан умид узди. Салоҳнинг ўзи ҳам якунда ўз номини таблога ёздириб қўйди – Вирц товонида узатган пасдан кейин ўзининг энг яхши йилларида бўлгани каби айланма зарба йўллади.

Бироз ўтиб «Энфилд»да йиғилганлар захирага олинаётган ўз кумирини олқишлар остида кузатиб қўйди. Бу оқшомдаги гол унинг учун ЕЧЛдаги 50-голи эди. У шундан 47 тасини «Ливерпул» сафида урган («Базел»да 2 ва «Челси»да 1). Салоҳ – бундай кўрсаткичга эришган илк африкалик футболчи бўлди. Олдинда эса Арне Слот жамоасини чоракфиналда «ПСЖ»га қарши ўйинлар кутмоқда. Мерсисайдликлар учун бу ўтган мавсумдаги мағлубият учун реванш олиш имкониятидир.

Инглизларнинг яна бир жамоасини испанлар чиқариб юборди

«Тоттенҳэм» – «Атлетико» 3:2
Голлар:
Коло Муани, 30 (1:0). Алварес, 47 (1:1). Симонс, 52 (2:1). Ганцко, 75 (2:2). Симонс, 90+1 – пеналти (3:2)
«Тоттенҳэм Ҳотспур»: Викарио, Ромеро (Дансо, 81), ван де Вен, Спенс, Дрэгушин (Удожи, 66), Грэй (Галлаҳер, 81), Сарр, Симонс, Тел (Олусеси, 81), Порро (Бергвалл, 74), Коло Муани
«Атлетико»: Муссо, Ганцко, Ле Норман, Руджери, Молина (Коке, 64), Кардозо, Лиоренте, Лукман (Сёрлот, 64), Симеоне (Хименес, 87), Гризманн (Баэна, 84), Алварес (Гонсалес, 84)
Огоҳлантиришлар: Порро, 57. Викарио, 58. Ромеро, 70. Удожи, 72 – Руджери, 28. Лукман, 56. Сёрлот, 90
Биринчи ўйин: 2:5

Яқинда «Атлетико» Испания кубоги яримфиналида «Барселона»га қарши биринчи учрашувда йирик ғалабага (4:0) эришгач, «Камп Ноу»даги жавоб ўйинида бу устунликни сақлаб қолиш учун тўлиқ ҳимоявий ўйин услубини танлаганди. Лондонда эса барчаси бутунлай бошқача кечди ва дастлабки 45 дақиқаликда меҳмонлар саккизта зарба беришди, Лукман эса дарвозани ишғол этишга ҳам муваффақ бўлди. Аммо – офсайддан. Яна бир неча хавфли ҳужумлар уюштирилди, аммо якунда Диего Симеоне жамоаси йўқ жойдан «Тоттенҳэм»га ўйинга қайтиш имконини берди. Аутдан тўп ташланиши, Телнинг жарима майдони марказига узатмаси, у ерда эса ёлғиз қолдирилган Коло Муани.

Мезбонлар иккинчи голни ҳам уришганида испанлар оғир вазиятга тушиб қолган бўларди, фақат дарвозабон Муссо жамоа жонига ора кирди. Аргентиналик посбон Телнинг бурчакка йўналтирилган зарбасини оёқлари билан тўсиб қолди. Биринчи бўлимдан кейин барибир интрига сақланиб қолди ва бунинг учун мезбонлар Викариога миннатдорчилик билдириши керак бўлади. Жулиано Симеоне узоқ масофадан зарба йўллаганида тўп Ромерога теккан ҳолда ўз траекториясини ўзгартирди, аммо аллақачон тўп йўлига ётган италиялик дарвозабон ўрнидан туриб, хавфни бартараф этишга улгурди.

Аммо иккинчи бўлим бошида «Атлетико» барибир интригани ўлдирди.  Аввалига Хулиан Алварес Симонс гол уришига тўсқинлик қилди (мезбонлар унинг ҳаракатини фол деб эътироз билдиришди) ва қарши ҳужумни ўзи гол билан якунланди. У жарима майдонида Лукмандан пас қабул қилиб олди ва тўпни юқори бурчакка аниқ йўллади.

Ҳакамдан ва рақиблардан ранжиган Симонс бир неча дақиқа ўтиб барибир ўз мақсадига эришди ва жамоасини яна олдинга олиб чиқди. Бир неча дақиқа ўтиб Муссо яна мадридликларни қутқариб қолди – у Порронинг шведка услубида олис бурчакка йўллаган зарбасига қўлларининг учи билан етиб борди. «Матрасчилар» мухлислари Алвареснинг бурчакдан оширган тўпи Ҳанцко томонидан дарвозага киритилганидан кейингина енгил тин олишди. Ўйин охирида Симонс ўзи ишлаган пеналтини аниқ ижро этиши эса умумий натижани ўзгартирмади.

Мадриддаги биринчи ўйинда лондонликлар бош мураббийи Игор Тюдор дарвозабон бўйича муваффақиятсиз тажриба ўтказмаганида «Тоттенҳэм» «Атлетико» билан тенгма-тенг курашиши мумкин эди, аммо мураббийнинг ўша қарори биринчи ўйинда «шпорлар»нинг имкониятларини кескин пасайтириб юборганди. Натижада икки ўйинда худди «Челси» каби саккиз гол ўтказиб юборган «Тоттенҳэм» турнирни тарк этди, «Атлетико» эса «Барселона» билан ўйинларга тайёргарликни бошлайди.

«Аталанта» тарихга кирди

«Бавария» – «Аталанта» 4:1
Голлар:
Кейн, 25 – пеналти (1:0). Кейн, 54 (2:0). Карл, 56 (3:0). Диас, 70 (4:0). Самаржич, 85 (4:1)
«Бавария»: Урбиг, Ким Мин Жэ, Та, Бишоф (Павич, 72), Станишич (Гнабри, 72), Горецка, Павлович (Офли, 55), Рафаэл Геррейру (Ито, 83), Диас, Карл, Кейн (Жексон, 72)
«Аталанта»: Спортелло, Ҳин, Скалвини (Аханор, 83), Коссуну, Пашалич, Эдерсон (Самаржич, 57), Бернаскони, Белланова, Сулемана (Распадори, 71), Де Кетеларе (де Рон, 57), Скамакка (Крстович, 71)
Биринчи ўйин: 6:1

Бергамодаги теннисча ҳисобдан (6:1) кейин ҳам «Бавария» мухлисларида дарвозабон позицияси туфайли хавотир сақланиб қолганди. Заявкадаги тўрт дарвозабон – Нойер, Улрайҳ, Кланац ва Урбиг – барчаси жароҳат туфайли сафдан чиққанди. Фақат уларнинг тўртинчиси сўнгги кунларда сафга қайтди ва Венсан Компани дарвозага ўсмирлардан бирини қўйишига тўғри келмади.

Умуман олганда, хавотирлар ўринсиз эди. Барибир дарвозабонга амалда иш топилмади. Бергамоликлар ҳам бу ўйинда дарвозабонни алмаштирганди ва бу мавсумда деярли ўйнамаган 33 ёшли Спортелло Кейн ижросидаги пеналтини қайтарди. Аммо у дарвоза чизиғидан эртароқ олдинга чиқиб кетгани маълум бўлди, Ҳарри эса такрорий зарбада адашмади.

Иккинчи бўлимда эса мюнхенликларни тўхтатиб бўлмади. Аввалига Кейн ўйиндан ҳам гол урди, кейин эса Диас ва Карл тандеми биттадан гол урди (улар бир-бирига голли узатма беришди). Бергамоликлар эса бу ўйинда ҳам битта жавоб голи уришга эришди, аммо Италиянинг еврокубоклар плей-офф босқичида икки ўйинда 10 гол ўтказган илк жамоаси сифатида тарихга кирди. «Бавария»ни эса навбатдаги босқичда «Реал»га қарши жанглар кутмоқда.

ЕЧЛда 8 жамоа қолди

Чемпионлар лигаси 1/8 финал натижалари

«Реал» – «Манчестер Сити» – 5:1 (биринчи ўйин – 3:0, жавоб ўйини – 2:1).
«ПСЖ» – «Челси» – 8:2 (5:2, 3:0).
«Спортинг» – «Будё-Глимт» – 5:3 (0:3, 5:0).
«Арсенал» – «Байер» – 3:1 (1:1, 2:0).
«Атлетико» – «Тоттенҳэм» – 7:5 (5:2, 2:3).
«Барселона» – «Нюкасл» – 8:3 (1:1, 7:2).
«Ливерпул» – «Галатасарой» – 4:1 (0:1, 4:0).
«Бавария» – «Аталанта» – 10:2 (6:1, 4:1).

Плей-оффнинг тўлиқ сеткаси олдиндан маълум эди, бундан кейин бошқа қуръа ташланмайди. Чоракфиналга чиққан жамоалар ўзларининг навбатдаги рақибларини аллақачон билишади.

1/4 финал жуфтликлари

«Реал» – «Бавария»
«ПСЖ» – «Ливерпул»
«Спортинг» – «Арсенал»
«Барселона» – «Атлетико»

Биринчи бўлиб кўрсатилган жамоалар биринчи ўйинни ўз уйида ўтказади.

1/4 финал ўйинлари тақвими

Кейинги босқич деярли уч ҳафтадан кейин, март ойидаги ФИФА кунлари ортидан бошланади. Чоракфиналдаги уй ва сафар учрашувлари ораси бир ҳафтани ташкил этади.

Март ойи охирида Европа ёзги вақтга ўтади, шунинг учун Чемпионлар лигаси яна Тошкент вақти билан соат 23:59 дан бошланади.

7–8 апрел. Биринчи ўйинлар

«Реал» – «Бавария»

«ПСЖ» – «Ливерпул»

«Спортинг» – «Арсенал»

«Барселона» – «Атлетико»

14–15 апрел. Жавоб ўйинлари

«Бавария» – «Реал»

«Ливерпул» – «ПСЖ»

«Арсенал» – «Спортинг»

«Атлетико» – «Барселона»

Биринчи ва иккинчи жуфтликлар ғолиблари ҳамда учинчи ва тўртинчи жуфтликлар ғолиблари яримфиналда ўзаро тўқнашади. 

Яримфинал баҳслари 28-29 апрел ва 5-6 май кунларига белгиланган.

Финал 30 май куни Будапештда бўлиб ўтади.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид