Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Назарияда 25, низомда 35, амалда эса 45». Синфларда ўқувчилар тақсимотига нега риоя қилинмаяпти?
«Мактабларда таълим сифатига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар қайси?» саволи билан ўтказилган сўровномада ўзини педагог сифатида таништирган респондентларнинг бири «53 фоиз синфларда ўқувчилар сонининг ҳаддан ташқари кўп»лигини сабаб қилиб кўрсатди.
Умумтаълим мактабларида ҳар бир синфда 30-35 нафардан ўқувчи таҳсил олаётганини кузатиш мумкин, марказий туман ва шаҳарларда, айниқса, Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 45-50 нафар ўқувчига етиб боради.
Меъёр қанча бўлиши керак?
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги «Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, синфда ўқувчилар сони 35 нафардан ортмаслиги белгиланган.
Ҳужжатга кўра, намунавий лойиҳа бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда ҳамда ўқувчилар сони етарли бўлмаган, олис тоғли ҳудудларда жойлашган, таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган мактабларда ўқувчилар сони синфлардаги мавжуд шарт-шароитдан келиб чиқиб белгиланади.
Ўқувчиларнинг ўзлаштириши бирмунча қийин бўлган фанлар ─ чет тили, информатика, қиз болалар ва ўғил болалар учун ўқув дастурлари икки хил бўлганлиги учун меҳнат, жисмоний тарбия фанлари 2 гуруҳга бўлиб ўқитилади. Малакали ўқитувчилар етарли бўлганда ўқувчилар сони 25 нафар ва ундан зиёд бўлган умумий ўрта таълим муассасаларининг I-XI синфларида «Чет тили» фани,V-XI синфларда «Информатика» ва «Меҳнат таълими» (Технология) икки гуруҳга бўлиб ўқитиш белгиланган.
45 дақиқада 45 нафар ўқувчини қамраб олиш мумкинми?
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 140-сон қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги низом ҳамда белгиланган санитар меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ дарс машғулотининг давомийлиги 45 дақиқа этиб белгиланган.
Соҳа мутахассислари томонидан дарс машғулоти учун ажратилган 45 дақиқа вақт қуйидагича тақсимланиши тавсия этилган:
1. Ташкилий қисм (3 минут)
2. Ўтилган мавзуни такрорлаш (7 минут)
3. Янги мавзуни тушунтириш (15 минут)
4. Янги мавзуни мустаҳкамлаш (10 минут)
5. Ўқувчиларни баҳолаш (7 минут)
6. Уйга вазифа бериш (3 минут)
Педагог Лобар Тўхлиеванинг айтишича, амалда ҳар бир синфда 35-40 нафардан ўқувчи ўтирган ҳолда, 1 академик соат (45 дақиқа) ичида ҳамма ўқувчиларни машғулотларга қамраб олиш —қийин масала.
«Ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтишим мумкинки, синфхонада 20-25 нафар бола бўлганда дарс анча самарали кечади.
Ҳар бир ўқувчи билан индивидуал шуғулланишингиз, мавзуни батафсил тушунтириб, уни мустаҳкамлашга вақт ажратишингиз мумкин. Тўғри, кўп нарса педагогнинг салоҳияти, малакасига боғлиқ.
Лекин ўқувчи кўп бўлса, вақт чегараланган бўлса, педагогга боғлиқ бўлмаган ҳолда дарснинг сифати пасаяди. Айниқса, ҳали етарлича тажрибага эга бўлмаган ёш ўқитувчилар бу борада қийналади. Болаларни тинчлантириб, диққатини дарсга қаратиш осон иш эмас», — дейди Бухоро шаҳридаги 17-мактаб ўқитувчиси Лобар Тўхлиева.
«Ўтилган мавзуни сўрашга 7 дақиқа, янги мавзу баёнига 10 дақиқа, мустаҳкамлашга 10 дақиқа ажратилган. Синфда 35 нафар ўқувчи бўлса, ҳар биридан бир оғиздан гап сўраб, 1 дақиқадан вақт ажратганда ҳам 35 дақиқа тугади, деяверинг. Ўқувчилар сонини меъёрлаштириш керак. Ҳеч бўлмаганда математика, она тили ва адабиёт, кимё, физика фанларида ҳам иккига бўлиб дарс ўтилса, натижа анча юқори бўларди», —дейди Зарафшон шаҳридаги 2-мактаб ўқитувчиси Меҳринисо Бобомуродова.
Психология фанлари номзоди Маҳмуд Йўлдошевнинг таъкидлашича, одам бир вақтнинг ўзида 7тагача объектни тўла қамраб олиши мумкин.
«Лекин бизда синфлардаги ҳолат педагогга ҳар бир ўқувчи билан индивидуал ёндашув асосида ишлашга имкон бермайди. Ваҳоланки, шу фанга иқтидори бўлган болаларга кўпроқ юклама бериш, ўзлаштиришда қийналаётган ўқувчиларга ёрдам бериш керак. 40 нафар бола ўтирган синфда вундеркинднинг етишиб чиқиш эҳтимоли пасаяди. Ўқувчи сони 25 нафардан ошмаслиги кераклигини руҳшунослар бир овоздан маъқуллайди. Маориф тизимида мактаблар сонини икки ҳиссага ошириш чорасини кўриш лозим. Нега ҳашаматли турар-жойларни қаторлатиб қуряпмиз, лекин катта қамровли мактабларни бунёд этиш ҳақида ўйламаймиз?», —дейди у.
Скандинавия тажрибаси
Таълим сифати рейтингида етакчилик қиладиган Скандинавия мамлакатларида битта синфда 19-20 нафардан ўқувчи жамланади. Ўқувчиларни тўлақонли қамраб олиш мақсадида битта синфга асосий фан ўқитувчисидан ташқари ёрдамчи педагог ҳам киради.
Мактабларда ўрта ҳисобда 400 нафар ўқувчи таълим олади, 40-45 нафар педагог кадр мавжуд. Демак, ҳар бир ўқитувчига 10 нафардан бола тўғри келади.
Нега низомда меъёр белгиланган бўлса ҳам амалда ўқувчилар сони бунчалик кўп?
Низомда белгиланган кўрсаткич амалдаги ҳолат билан мувофиқ келмаётганлиги юзасида Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилинганда, синфларда ўқувчи тақсимоти (комплектование) вилоят молия бошқармалари томонидан тасдиқланишини маълум қилишди.
Масъулларнинг қайд этишича, баъзи мактабларда ўқувчилар сонининг меъёридан ортиб кетишига малакали кадрларнинг марказий ҳудудларда эканлиги, ота-оналарнинг фарзандини кўпроқ таълим рус тилида олиб бориладиган таълим муассасаларига беришга интилиши сабаб бўлмоқда.
Хоразм вилояти Халқ таълими бўлим бошлиғи Ҳамро Бектемиров:
─ Урганч шаҳри ва баъзи туманлардаги нуфузли мактабларда, таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда ўқувчилар кўплигини кўриш мумкин. Бунга бир неча сабаблар бор.
Биринчидан, муаммо ота-оналарнинг танловидан келиб чиқяпти, фарзанди маълум бир мактабда ўқишини ёки айнан бир ўқитувчи қўлида ўқишини истаяпти. Ана шундай рад қилиб бўлмайдиган ҳолатлар келиб чиқади. Буни иложи йўқ, синфдаги ўқувчи сони ошиб кетяпти, десак ҳам фойдаси йўқ.
Иккинчидан, умумий таълим 11 йиллик бўлиши муносабати билан шундай муаммо келиб чиққан мактаблар бор. Яъни синф хоналарининг етишмаслиги натижасида ҳам шундай ҳолатлар бор. Бунинг ечимини қўшимча бино қуриш орқали ҳал қилиш режалаштирилмоқда. Аҳоли энг кўп яшайдиган 9та ҳудудда 2020 ─ 2022 йилларда мактаб қуриш бўйича таклиф берилди.
Хоразм вилоят Молия бошқармаси таълим муассасаларини молиялаштириш бўлими бошлиғи Илҳомжон Мамажонов:
─ Туман ва шаҳарлардаги умумтаълим мактабларида битта синфда 40 нафардан зиёд ўқувчи ўқиётган синфлар бўлиши мумкин.
Бу ҳолатга изоҳимиз қуйидагича: айнан 2017 йилгача синфлардаги ўқувчилар сони қамрови бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 352-қарорига асосан иш олиб борилган. Шунинг учун вилоятдаги таълим муассасаларининг 3,4,5,6-синфларида ўқувчи сони 35 нафардан кўплари ҳам мавжуд.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги низомда битта синфда ўқувчи сони 35тадан ошмаслиги кераклиги белгилангач, 2017 йилги ўқув йилидан бошлаб, биринчи синфларни шакллантиришда қатъий равишда ўқувчилар сони 35 нафардан оширилмаган. Ҳозир вилоятдаги мактабларнинг 1-,2-синфларида ўқувчилар сони 35 нафардан кўп эмас.
Андижон вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фурқатбек Бузруков:
─ Вилоятда 741та умумтаълим муассасаси фаолият юритади. Улардаги жами 15,496 синфда 531,167 нафар ўқувчи таълим олмоқда.
Андижон халқ таълими бошқармаси томонидан олиб борилган таҳлиллар натижасида,ўқувчилар сони кўпайиши ҳисобга олиниб, 2022 йилгача вилоятда 21та янги мактаб қурилиши бўйича таклифлар берилган (2020 йили 10та, 2021 йили 7та, 2022 йили 4та).
Жиззах вилоятидаги баъзи мактабларда (хусусан, Жиззах шаҳридаги 1- ва 19-мактабда) эса битта синфда 40-48 нафар ўқувчи (айрим синфларда битта партага 3 нафар бола ҳам ўтиради) борлигини, дарслар уч сменада олиб борилганлиги боис, дарс соати 35 дақиқа этиб белгиланганлигини кузатиш мумкин.
Мазкур ҳолатга вилоят Молия бошқармаси раҳбари Баҳодир Ўролов айнан шу мактабларда таълим сифатининг яхшилиги, малакали ўқитувчиларнинг кўплиги боис уларга талабнинг юқори эканлигини сабаб қилиб кўрсатган.
Халқ таълими вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, мактабларнинг қамров қувватини ошириш бўйича яқин йилларда қуйидаги ишлар амалга оширилади:
─ нисбатан кам ўқувчи таълим олаётган мактабларда ўқувчилар қамровини ошириш ва уларда таълим олишда унинг жозибадорлигини ошириш мақсадида юқори коэффициентда фаолият юритаётган намунали, таълим сифати юқори бўлган мактабларга тармоқ мактаби сифатида бириктириш;
─ умумтаълим муассасаларининг фойдаланилмаётган бинолардан самарали фойдаланиш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат таълим муассасалари ташкил этиш;
─ ўқувчилар сони нисбатан кам бўлган мактабларда кадрлар сифат таркибини яхшилаш, педагогларнинг маҳоратини ошириш, мактабларга тажрибали ўқитувчиларни жалб қилиш орқали таълим сифатини ошириш;
─ ота-оналар ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш орқали микроҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни мактабга тўлиқ қамраб олинади.
11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизимига ўтилиши муносабати билан жорий ўқув йилида республика бўйича 9691та (2016 йилга нисбатан 34тага ортган) умумий ўрта таълим муассасаларидаги 5,821,861 нафар (2016 йилга нисбатан1 013 803 нафарга кўп) ўқувчига 442,881 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда. Айни ҳолатда ҳар ўқитувчига ўртача 13 нафар ўқувчи тўғри келади.
Демак, ҳолатни таҳлил қилиб кўрганда қуйидагича манзара ҳосил бўлади:
─ ота-оналар фарзандини фақатгина саноқли мактабларда ўқитишни истайди, демак, ўз-ўзидан маълум бўладики, бошқа мактабларда таълим сифати талаб даражасида эмас;
─ марказдаги мактабларда ўқувчи сони меъёридан кўп, чекка ҳудудларда эса белгиланган қамров ҳажми ёки тўлади, ёки йўқ. Демак, чекка ҳудудларда инфратузилма яхши йўлга қўйилмаган, ҳамма марказга интилади;
─ ота-оналар боласини айнан «фалончи ўқитувчи» ўқитишини истайди. Маълум бўладики, талабга жавоб бермайдиган педагоглар ҳам талайгина, уларнинг хизматидан истеъмолчининг, яъни ота-она ва ўқувчининг кўнгли тўлмаяпти. Малакали кадрлар етарлича эмас;
─ таълимда 11 йиллик ўқитиш тизимига ўтилди, лекин мавжуд инфратузилма ҳали бунга тайёр эмас. Керакли барча шароит ҳали номаълум муддатларда ҳосил қилингунга қадар ўқувчилар сифатсиз таълим олишга мажбур бўлади.
Тўғри, ҳамма нарсага босқичма-босқич эришилади, ҳар қандай ижобий ўзгариш учун вақт керак. Лекин таълим тизими учун йўқотилган ҳар қандай вақт катта зарар бўлиши мумкин. Ахир мактаблар мамлакат учун керакли кадрларнинг генератори ҳисобланади.
Саодат Абдураҳмонова
Мавзуга оид
09:37 / 08.12.2025
Нигерия: жангари гуруҳ қўлидан 100 нафар мактаб ўқувчиси қутқарилди
12:00 / 26.11.2025
Якка тартибда ўқитиладиган ўқувчиларга дарс берганлик учун йўл компенсацияси тўланади
09:54 / 15.10.2025
Тошкентда 9-синф ўқувчиси билан жанжалдан кейин 3-синф ўқувчиси касалхонага ётқизилди
10:30 / 01.10.2025