Ўзбекистон | 11:47 / 28.04.2023
9305
9 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон санкцияларнинг четлаб ўтилишига қарши эканидан миннатдормиз” — ЕИ махсус вакили

Евроиттифоқнинг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Тошкентга келди. У ЕИда ишлаб чиқарилган, санкциялар доирасига кирувчи маҳсулотлар учинчи давлатлар орқали Россияга кириб бораётганини айтаркан, Ўзбекистон ўз ҳудудидан санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланилишига қарши эканига ишонч ҳосил қилганини билдирди.

ЕИ расмий делегацияси тақдим этган сурат

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди. У президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан сўнг матбуот анжуманида иштирок этди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар бермоқда.

Тадбир аввалида махсус вакил “Катта еттилик” давлатлари ва АҚШ томонидан Россияга қарши ишлаб чиқилган санкциялар фақат битта мақсад – унинг Украинага қарши тажовузкор уруш олиб бориш қобилиятига путур етказишдан иборат эканини эслатди.

“Таъкидламоқчиман: биз учинчи давлатларга, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан санкциялар қўллаш ниятида эмасмиз, шунингдек, Ўзбекистоннинг ривожланишига, унинг бошқа давлатлар, жумладан, Россия билан савдо алоқаларига халақит бериш истаги ҳам йўқ”, – деди Дэвид О’Салливан.

Европа Иттифоқи Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни учинчи давлатлар орқали четлаб ўтиш имкониятидан хавотирда.

“Сўнгги пайтларда биз ноодатий савдо операцияларини ҳамда ЕИ мамлакатларида ишлаб чиқарилган ва санкциялар тоифасига мансуб маҳсулотлар учинчи давлатлар ҳудуди орқали Россия ҳудудига қандайдир тарзда кириб боришини кузатдик”, – деди махсус вакил.

Унинг таъкидлашича, бир қатор мамлакатларда ЕИ давлатларида санкция остига киритилган товарлар импорти кўпайиши кузатилмоқда.

“Шу боис Ўзбекистонга келишимдан олдин БАА, Туркия, Қозоғистонда бўлдим. Грузия, Арманистон ва Сербияга бориш ниятим ҳам бор. Яна бир бор таъкидлайманки, Ўзбекистон биз ўз миссиямиз билан борадиган давлатлардан бири, холос”, – деди ЕИ махсус вакили.

Дэвид О’Салливаннинг сўзларига кўра, сўнгги ойларда Евроиттифоқ молиявий масалалар бўйича Ўзбекистон Божхона қўмитаси ва Марказий банки билан самарали ахборот алмашган. “Биз ушбу мулоқотда баъзи муаммоларни иш тартибида ҳал қила олдик”, – деди у.

“Биз Ўзбекистоннинг [Россиянинг Украинага қарши уруши масаласида] бетараф қолиш истагини ҳурмат қиламиз ва шунга қарамай, катта иштиёқ ва миннатдорчилик билан Ўзбекистон ўз ҳудудидан жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланишга қарши эканига ишонч ҳосил қилдик. Бу давлатнинг сиёсий танлови эканини тушунамиз”, – деди Дэвид О’Салливан.

Унинг таъкидлашича, амалий алоқалар чоғида ЕИ Ўзбекистон томонига Евроиттифоққа аъзо давлатда ишлаб чиқарилган икки томонлама ёки ҳарбий мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган ҳамда “Россия ҳарбий машинасининг Украина халқига қарши қотиллик урушини олиб бориш қобилиятига ҳисса қўшадиган” маҳсулотлар рўйхатини топширган.

Унинг сўзларига кўра, гап юқори технологияли блок-схемалар, микрочиплар, қурол-яроғлар, бошқарув тизимлари, артиллерия ва қанотли ракеталар учун ишлатилиши мумкин бўлган оптик жиҳозлар ҳақида кетмоқда.

“Бу маҳсулотларни биз Россия ҳарбийларидан тортиб олинган, қўлга киритилган ҳарбий техникаларда топмоқдамиз. Биламизки, улар украиналикларни ўлдириш учун бир қатор маҳсулотлар ва қурол қисмларидан фойдаланадилар. Ва шунинг учун биз ушбу маҳсулотларни чегаралар орқали олиб ўтишга алоҳида эътибор беришни сўрадик”, дея тушунтирди ЕИ махсус вакили. Унинг қўшимча қилишича, гап Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ўхшаш маҳсулотлар ҳақида кетаётгани йўқ.

“Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиздан [ЕИда ишлаб чиқарилган] маҳсулотлар рўйхатини Ўзбекистон орқали олиб ўтиш имкониятига алоҳида эътибор қаратишларини сўрадик, боиси яқинда ушбу рўйхатдаги товарларни Ўзбекистон ҳудуди орқали экспорт қилиш ҳажми сезиларли даражада катта – 126 фоизга ошганини кузатдик”, деди О’Салливан.

Унинг қўшимча қилишича, ЕИ санкциялар бизнес учун сиёсий омиллар туфайли хавотирларни келтириб чиқариши мумкинлигини тушуниб, ҳукумат ташкилотлари ва хусусий сектор учун ушбу санкцияларнинг моҳиятини етказиб бериш мақсадида “одамлар нима ҳақида қайғуриш ва нимадан хавотирланиш кераклигини билишлари учун” икки кунлик семинар ўтказмоқда.

“Биз бу мулоқотни келажакда давом эттиришга умид қиламиз, чунки, афсуски, бу санкциялар узоқ вақт, кўп йиллар давом этади, деб ўйлаймиз. Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатлар кейинги ойда тугайди, деб ҳисобласак ҳам (бу ҳақда бизда ҳеч қандай далил йўқ), ҳал қилиниши лозим бўлган қатор масалалар пайдо бўлади. Хусусан, бу уруш жиноятларини текшириш, товон тўлаш масалалари, Украинанинг вайрон қилинган инфратузилмасини тиклаш масалалари. Бошқача қилиб айтганда, ушбу санкциялар остида яшашни ўрганишимиз керак. Шунинг учун бу масала Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги икки томонлама муносабатлар йўлида тўсиқ бўлишини истамаймиз, биз бунга катта илҳом ва умид билан қараймиз”, – дея таъкидлади ЕИ расмийси.

Ўзбек бизнесининг Россияга қарши жорий этилган санкциялар доирасига тушиб қолиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берар экан, махсус вакил бу ҳолат фақатгина юқорида қайд этилган Европа маҳсулотлари Россияга ноқонуний равишда қайта экспорт қилинган тақдирда рўй бериши мумкинлигини айтди.

“Агар қонунга хилоф битимлар бўлса, айтайлик, бунда Ўзбекистоннинг айрим хўжалик субъектлари иштирок этганини кўрсак, албатта, улар санкциялар доирасига тушади. Лекин, такрор айтаман, бизнинг мақсадимиз Ўзбекистон иқтисодиётига нисбатан санкциялар қўллаш эмас. Биз фақат жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган ноқонуний операциялар ҳақида гапирамиз. Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар эса бу икки давлатнинг ички иши”, – деди ЕИ махсус вакили.

У яна бир бор Евроиттифоқ эътирозини келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларга тўхталиб ўтди: “Агар санкциялар рўйхатидаги маҳсулотлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилса ва Россияга етказилса, бу борада муаммо бўлмайди. Агар улар учинчи давлатлардан (Европа Иттифоқидан ташқари — таҳр.) импорт қилиниб, яна Россияга реэкспорт қилинса, бу борада ҳам муаммо йўқ. Европа Иттифоқи томонидан ишлаб чиқарилган ушбу рўйхатдаги санкцияланган маҳсулотлар ЕИ ҳудудидан олиб кирилиб, Ўзбекистон ҳудуди орқали Россияга кирганда муаммо юзага келади. Бу – жорий қилинган санкцияларни ноқонуний айланиб ўтишдир”.

Дэвид О’Салливаннинг айтишича, Ўзбекистонда молиявий оқимларни ва савдони назорат қилиш соҳасида мавжуд бўлган мониторинг тизими унда “катта таассурот қолдирган”. “Ишончим комилки, Ўзбекистон ҳукумати санкциялар рўйхатидаги ушбу маҳсулотларнинг эҳтимолий қайта экспортини самарали назорат қилиш йўлини топади”, – дея қўшимча қилди у.

Махсус вакил Европа Иттифоқи инсонлар ҳаётига зомин бўлаётган ҳарбий амалиётлар ҳақида гап кетаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматидан бундай маҳсулотлар устидан назоратни кучайтиришни сўрагани, шунингдек, бу чоралар мамлакат томонидан қандай йўллар билан амалга оширилаётгани унинг ички иши экани, ЕИ эса назорат чораларини имкон қадар тезроқ жорий қилиш кераклигини тушунтиришини таъкидлади.

“Биз тушунтиришларни эшитамиз ва буни амалга ошириш йўлларини муҳокама қиламиз. Умид қиламизки, ўз миссиямиз натижасида тез орада бу кўрсаткичлар, юқоридаги рўйхатдаги товарларнинг реэкспорти бўйича статистик маълумотларнинг камайишига гувоҳ бўламиз”, – дея Европа Иттифоқи махсус вакилининг сўзларини келтирмоқда Gazeta.uz.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойлар давомида Ғарб нашрларида Россия бир қатор давлатлар, жумладан, Марказий Осиё билан савдо айланмасини кескин оширгани ҳақида кўплаб хабарлар эълон қилинмоқда.

Мавзуга оид