Москвадаги калтаклаш, танқидга учраган сертификация ва Андижондаги “радар овчиси” — ҳафта дайжести
Москвада қирғизистонликлар таҳқирланди: Ўзбекистон бундай ҳолатларнинг олдини олмоқчи. Ўзи 300 доллар турадиган мопедни сертификатлаш ҳам 300 долларга боряпти: президент эскирган талабларни танқид қилди. Жиззахда АЭС қурилиши бошланди: лойиҳа қиймати ҳамон номаълум. Марғилонда метан шохобчасида портлаш: пропан баллонга метан қуйилган. Ҳафтанинг асосий воқеалари – Kun.uz дайжестида.
Москвада калтакланган қирғизистонликлар ва Бахтиёр Саидовга парламент сўрови
Ўзбекистонда Россия фуқароларини биров камситмайди, ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни хўрлаб, калтакламайди. Шундай экан, Россияда ҳам ўзбекистонликлар камситилмаслиги, хўрланмаслиги ва калтакланмаслиги керак. Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов айримларга шу оддий мантиқни эслатиб, икки ўртадаги иттифоқчилик ана шундан бошланишини айтди.
Бекмуродовнинг бу баёноти ташқи ишлар вазирига парламент сўрови юборилгани ортидан янгради. Вазир Бахтиёр Саидовга йўлланган сўровда хориждаги ватандошларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўралган. Бу сўровнинг юборилиши Москвадаги ҳаммомга рейд уюштирган ФСБ ва полициячилар бир гуруҳ қирғизистонликларни таҳқирлагани ортидан рўй бермоқда. Турган гапки, Россия идоралари учун одатий ҳол бўлган бундай рейдда, калтакланган қирғизлар ўрнида ўзбеклар бўлиши ҳам мумкин эди.
Интернетда тарқалган видеоларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ерда ётган муҳожирларни тепиб, уларнинг устидан юриб ўтгани, ходимлардан бири хонадаги кузатув камерасига лента ёпиштириб, камерани тўсиб қўйганини кўриш мумкин. “Ҳаммани юзтубан ерга ётқизишди, худди ҳайвонлардек. Кўпчиликнинг танасида кўкаришлар бор. Бу текширув эмас, бу қийноқ”, деган воқеа иштирокчиларидан бири. “Ҳаммани калтаклай бошлашди. Ким ураётгани ҳам тушунарсиз, кўриб бўлмасди. Бош кўтаришга қўйишмайди. Нима учун урушаётганини тушунмасдик, ҳеч ким ҳужжат сўрамади”, дея воқеани ҳикоя қилиб берган бошқа бир қирғизистонлик.
Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги рус элчисини чақириб, ҳолат юзасидан тушунтириш бериш ва куч ишлатган ходимларга чора кўриш талаб қилинган нотани топширди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса куч ишлатган орган ходимларини оқлаб баёнот берди. Баёнотда “Бодрост” номли ҳаммомда қўлга олинганлардан 25 нафари ноқонуний мигрант экани, айримлари радикал гуруҳларга алоқадорликда айбланаётгани, ходимларга қаршилик кўрсатган айрим чет элликларга нисбатан куч тузилмалари “ваколатлари доирасида чора кўргани” айтилади. Худди шундай, Россия Ички ишлар вазирлигининг баёнотида ҳам видеоларда яққол кўриниб турган таҳқирлаш ва ноинсоний муносабат тўлалигича оқланган. “Полициячилар қонунга зид ҳеч қандай хатти-ҳаракат қилмаган”, дейилади вазирлик баёнотида.
Мопед ва скутерлар учун авторақам ва гувоҳнома талаби кечиктирилди
Ўзбекистонда мопед ва скутерлар учун техпаспорт, давлат рақами ва ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш муддатлари узайтирилди. Ҳукуматнинг ўтган йилги қарори билан, бунинг учун 1 мартгача муддат берилганди, эндиликда шу муддат 1 октябргача узайтирилди. Шу тариқа, 1 октябрдан бошлаб, тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда мопед ва скутерларни бошқариш, шунингдек, рўйхатдан ўтмаган ва давлат рақамисиз мопед ва скутерлардан фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлади.
Мопедлар ҳақида жума кунги президент селекторида ҳам сўз борди. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, курьерлик хизмати корхоналари мопед олиб келиб, одамларни ишли қиляпти, лекин мопеднинг ўзи 300 доллар турса, уни стандартдан ўтказиб, сертификат олишга яна шунча маблағ кетяпти. Давлат раҳбари шу ва бошқа мисолларни келтириб, сертификатлашдаги бундай тўлов ва тартиботлар мутасаддилар томонидан қанчалик чуқур ўйланганини савол остига олди.
“Стандарт ва сертификация тизимидаги эскирган талаблар ва бюрократия тадбиркорларнинг қўлини боғлаяпти, соҳада коррупцияни келтириб чиқаряпти. Ҳозирда 13 мингга яқин турдаги товарнинг 6,5 мингтаси мажбурий сертификатланади. Вазирлар, ҳокимлар қўлига қалам олиб, тадбиркорларни эшитиб, қайси стандартни янгилаш, қайси бирини бекор қилиш, нима маҳсулотни мажбурий сертификация рўйхатидан чиқаришни ўйлаб кўрдими?” – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент топшириғи билан, тагликлар ва тиш чўткалари каби “юқори хавф даражасига эга” деб топилган 7 хил товарларни рўйхатдан ўтказиш бекор қилинадиган бўлди. Аввалроқ хабар берганимиздек, ҳукумат қарори билан ўтган йили ноябрдан йўлга қўйилган бу талаб фонида болалар тагликлари импорти кескин қисқариб кетган, биз билан суҳбатлашган тадбиркор буни “сунъий тўсиқлар билан рақобатни чеклаш” деб атаганди. Тармоқларда эса тагликларнинг айрим турларини дўконлардан топиб бўлмай қолгани ҳақида ёзишганди.
Йиғилишда президент қуруқ сут импортига қўйилган чекловлар ҳам олиб ташланишини айтди. 4 йил олдин киритилган шакар учун 20 фоизлик акциз солиғи ҳам бекор қилинадиган бўлди. Шунингдек, 1 июлдан бошлаб бирорта ҳам товар экспортига чеклов бўлмаслиги эълон қилинди. Шу санадан эътиборан, экспортга оид айрим рухсатномалар ва турли йиғимлар бекор қилиниб, 86 турдаги хомашё ва ижтимоий аҳамияти юқори товарларга нисбатан экспорт божлари амал қила бошлайди.
Айрим ҳибрид автомобилларни олиб кириш тўловлари ошади
Бюрократия сабаб сертификатлаш тизимининг танқидга учраши транспорт воситалари импортидаги вазиятга таъсир қиладими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Ҳозирча эса бу йўналишда иккита янгилик бор. Биринчиси – Leapmotor “сериали”нинг тугагани бўлса, иккинчиси – айрим турдаги электромобиллар импортининг қимматлашиши.
Душанба куни Пискентда Leapmotor компанияси вакили иштирокида C16 русумли бошқа бир электромобил синовдан ўтказилиб, ижобий натижа олингани эълон қилинди. Лаборатория мудири Kun.uz'га берган изоҳида айтишича, уч ҳафта олдин электромагнит мослашувчанлик тестидан ўтолмаган C16'да “айрим деталлар ўзгартирилган бўлиши мумкин”. Ўтказилган янги синов ва Leapmotor билан музокаралардан кейин, бу бренд автомобилларини сертификатлашга тақиқ бекор қилинди. Техник тартибга солиш агентлигига кўра, Leapmotor Ўзбекистондаги фаолиятини расмий дистрибютор орқали давом эттиришга рози бўлган. Яқин кунларда Ўзбекистон расмийлари Хитойга бориши, улар иштирокида Leapmotor заводида техник аудит ўтказилиши маълум қилинди.
Тақиқ ечилган бўлса ҳам, Leapmotor'нинг бир қатор моделлари, хусусан C16'ни Ўзбекистонда ёрқин келажак кутяпти деб бўлмайди. Чунки бу модел “кенгайтирилган диапазонли электромобил” (EREV) тоифасига киради. Бундай тоифадаги автомобилларни божхонадан ўтказиш тўлови эса ошиши кутиляпти. Бу божхонада алоҳида товар коди киритилиши билан боғлиқ. Гап шундаки, кенг диапазонли электромобилларда электр двигателидан ташқари, ички ёнув двигатели ҳам бўлади. Бундай машиналарнинг соф ҳибрид моделлардан фарқи – машинани фақат электродвигател ҳаракатга келтиради, ички ёнув двигатели эса ғилдиракларга тўғридан тўғри боғланмаган, фақат батареяни зарядлаш вазифасини бажаради. Ҳозир бу тоифа машиналарга соф электромобиллар каби божхона тўловлари ҳисобланяпти, лекин яқин орада уларни ҳибрид моделлар тоифасига ўтказиш режа қилинган. Бу эса божхона тўловлари ошишини англатади.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Андижонда милтиқ билан 52 та радарни отган ҳайдовчи ижтимоий тармоқлар қаҳрамонига айланди. Вилоят ИИБга кўра, 49 ёшли эркакнинг қилмиши натижасида етказилган зарар миқдори жами 1 млрд 147 млн сўмга баҳоланган. Жиноят иши доирасида айбланувчига нисбатан ҳеч қандай эҳтиёт чораси қўлланмаган. Айбланувчининг ижтимоий тармоқлардаги чиқишларига қараганда, у қилмишидан пушаймон эмас, аксинча, фахрланаётгандек кўринади. Эркак пластик картаси рақамини эълон қилиб, одамлардан зарарни қоплаш учун пул ўтказишни сўраб чиқди. Тармоқлардаги изоҳларда жуда кўпчилик уни қўллаётганини кўриш кишини ўйга толдирмай қўймайди.
Андижон шаҳри яқинида қурилган Янги Андижон шаҳрига Бобур номи берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи вақтида маълум қилинди. Янги массивга Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали ўрнатилади. Бобурни Андижон шаҳри ва бошқа ҳудудлар билан боғлаш учун 56 километрлик ҳалқа йўли қурилади. Шунингдек, Хонободдан ўтувчи Қорадарё устидаги кўприк реконструкция қилиниши, “Андижон турмаси” шаҳар ташқарисига кўчирилиб, ўрнида савдо ва сервис маркази қурилиши кутилмоқда.
Жиззахда атом электр станцияси лойиҳаси доирасида биринчи бинолар қурилиши бошланди. 15 апрел куни “Ўзатом” ва “Росатом” расмийлари Жиззах туманида АЭСнинг қурилиш-монтаж базаси – маъмурий бинолар, омборлар ва йиғиш корхоналари қурилишига старт берди. Жараённинг бориши, АЭС борасидаги музокаралар ва келишувлар ҳақида жума куни давлат раҳбарига тақдимот қилинди. Аввалроқ “Ўзатом” раҳбари станциянинг нархи техник-иқтисодий асослар тасдиқланганидан кейин маълум бўлишини айтганди.
Марғилондаги метан шохобчасида Matiz'га ўрнатилган газбаллон портлаб кетди. Расмий хабарга кўра, ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмаган, ҳалок бўлганлар йўқ. Воқеа сабаби ўта ҳайратланарли: шохобчада Matiz'даги пропан баллонини метан билан тўлдирмоқчи бўлишган. Метан ва пропан баллонларининг босимга чидамлилик даражаси ер билан осмончалик фарқ қилишини билишмагани таажжубланарли. Портлаш натижасида тўкилиб қолган машинанинг аҳволига қараганда, яқин атрофдаги одамлар мўжиза туфайли омон қолган дейиш мумкин.
Футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар миллий жамоаси Осиё чемпионатида финалга чиқди. Жамоа яримфиналда КХДРни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ислом Исмоилов шогирдлари финалгача бўлган 5 та ўйиндан 4 тасида учта ёки ундан кўпроқ гол ургани диққатга сазовор. Асилбек Алиев 5 та гол билан чемпионат тўпурарлари рўйхатида биринчи ўринда боряпти. Жамоа 20 апрел, якшанба куни финалда мусобақа мезбони Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади. Икки жамоанинг ўн кун олдин гуруҳ босқичидаги тўқнашуви 3:0 ҳисобида, Ўзбекистоннинг ғалабаси билан якунланган эди.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Филиппинда юз берган ЙТҲда 10 киши ҳалок бўлди
Жаҳон | 01:24
-
Зеленский Трампдан энг кучли қарталар тўпламини олди — АҚШ молия вазири
Жаҳон | 00:52
-
NASA’нинг икки аёл астронавти ХКС бортидан очиқ космосга чиқди
Фан-техника | 00:20
-
Пайариқ ҳокимининг таъқиби ортидан қамалган тадбиркорни Олий суд озод қилди
Ўзбекистон | 23:37 / 01.05.2025
Мавзуга оид

16:03 / 30.04.2025
Россия Бош прокуратураси ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш мажбуриятини олди

20:46 / 29.04.2025
БМТ: 2014 йилдан бери дунёда 72 мингдан ортиқ мигрант ҳалок бўлди

17:03 / 28.04.2025
Бош прокуратура, ДХХ ва ТИВ вакиллари мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича йиғилишда қатнашиш учун Россияга кетди

23:15 / 26.04.2025