Ўзбекистон | 20:57 / 09.04.2021
28597
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида икки поезд тўқнашгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат бўйича расмий изоҳ берилди

Расмий изоҳга кўра, «Ғофур Ғулом» бекатида техник сабаблар туфайли йўловчилар поезддан туширилиб, захирага келган навбатдаги поездга ўтказиб юборилган. Бўшаган поездни бошқа поезд шатакка олиб, «Беруний» бекатига олиб келган.

Ижтимоий тармоқларда «Беруний» метро бекатида икки поезд тўқнашгани айтилган видео тарқалди. Тошкент метрополитени ҳодиса юзасидан расмий изоҳ берди.

Қайд этилишича, ҳодиса 7 апрель куни содир бўлган.

«7 апрель куни соат 8:40да, техник сабабларга кўра «Ғофур Ғулом» бекатида йўловчилар поезддан туширилиб, захирага келган навбатдаги поездга ўтказиб юборилган. Йўловчилар туширилган поезд бошқа поезд ёрдамида шатакка олиниб, «Беруний» бекатига олиб келинган. Ушбу вақтда ҳолат йўловчи томонидан видеога олинган», дейилади хабарда.

Компания томонидан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернетда ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик борлиги эслатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, 8 апрель куни Сергели ерусти метросида поезд ярим йўлда авариявий тўхтаб қолиб, йўловчилар темир йўл бўйлаб пиёда юришга мажбур бўлганди. Март ойида эса Сергели метросида бир йўналишдаги икки поезд тўқнашиб кетганди.

Февраль ойида транспорт вазири лавозимига Илҳом Маҳкамов тайинланган эди. У бунгача тўрт ой вазир вазифасини вақтинча бажарувчи бўлган, ундан олдин эса асосан коммунал соҳада фаолият юритган: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бинолардан фойдаланиш департаменти, «Сувсоз» ДУК, Тошкент шаҳри Ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, Вазирлар Махкамаси Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти кабиларда раҳбар лавозимларида ишлаган.

Мавзуга оид