Ўзбекистон | 22:57 / 04.08.2022
9280
2 дақиқада ўқилади

Президент аҳоли фикри асосида қилинадиган лойиҳаларни кўпайтиришга топшириқ берди

“Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига иккинчи ярим йилликда яна 1 триллион сўм йўналтирилади. “Бизнинг тажрибамизда бу биринчи марта ва жуда катта ижобий натижа беряпти. Одамлар шу жараёнларда бевосита ўзлари иштирок этяпти”, – деди Шавкат Мирзиёев. Президент аҳоли фикри асосидаги лойиҳалар кўламини кенгайтириш бўйича кўрсатма берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 4 август куни давлат хизматини ислоҳ қилиш мавзусидаги йиғилишда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Маҳаллада боғча, мактаб, йўл қуриш ва сув, электр тармоқларини тортиб келиш ишларига аҳоли фаол иштирок этадиган тизимлар яратилди.

“Очиқ бюджет” доирасида ўтган 6 ойда аҳоли талабига мос 2 мингдан зиёд лойиҳалар бошланди, маблағлар тежалиб, манзилли сарфланди.

Маҳаллаларда 953 та мактаб ва боғча, 447 км ички йўллар, 27 та қудуқ, 60 км ичимлик суви ва канализация тармоқлари учун 4,5 млн аҳоли овоз берди ва 1,1 трлн сўм йўналтирилди.

Бизнинг тажрибамизда бу ҳам биринчи марта ва жуда катта ижобий натижа беряпти. Одамлар шу жараёнларда бевосита ўзлари иштирок этяпти. Бундай лойиҳалар учун яна 1 трлн сўм беришга мўлжал қилганмиз. Энг муҳими, одамлар бундай лойиҳаларга дахлдор бўлиб, бунёд қилинган инфратузилмадан фахрланиб, уларни асраб-авайлаб фойдаланяпти”, – деди давлат раҳбари.

Президент мутасаддиларга аҳоли фикри асосида қилинадиган лойиҳалар кўламини кенгайтириш бўйича топшириқ берди.

Мавзуга оид