Ўзбекистон | 10:08 / 27.01.2023
50106
2 дақиқада ўқилади

Янги ҳоким «тозалаш» ўтказмоқда. Ортиқхўжаевнинг ёрдамчиси ортидан 2 та ДУК раҳбари ишдан олинди

Тошкент шаҳар ҳокимлигида кадрлар алмашинуви бошланди. Пойтахтнинг янги раҳбари сўнгги 10 кунда 3 кишини ишдан олди.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов муҳим лавозимлардаги кадрларни алмаштиришни бошлади. Жорий ҳафтада 2 та давлат унитар корхонаси раҳбари алмаштирилди.

16 январ куни, Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан олинган кунда, унинг ҳокимлиги даврида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган Музаффар Абдураҳмонов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган эди.

23 январ куни эса Бахтиёр Раҳмоновнинг тегишли қарори билан «Тошшаҳарнур» давлат унитар корхонаси раҳбари Умидбек Ражабовнинг «ўз хоҳиши билан» ишдан бўшаш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилган. Унинг ўрнини Шомансур Аҳмедов эгаллаган.

7 декабр куни Умидбек Ражабовга «ўз вазифасига масъулият билан ёндашмагани» учун ҳайфсан берилганди.

Шунингдек, 25 январ куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси раҳбари Раҳматиллахўжа Қўчқоров ишдан олинган. Қарорда у ҳам «ўз ҳоҳишига кўра» лавозимдан озод этилгани айтилади. Қўчқоров ўрнига Собиржон Орипов тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Ортиқхўжаев қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун 16 январ куни ишдан олиниб, унинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Мавзуга оид