Жаҳон | 15:20 / 06.02.2026
3373
8 дақиқада ўқилади

Якунланган АҚШ–Россия ядровий келишуви, Ғазо сафарига тайёрланаётган ёрдам флоти ва Покистоннинг Балужистондаги ҳарбий операцияси – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ғазога яна ёрдам флоти боради

Ўтган йили Ғазога ёрдам етказишга уринган ва Исроил томонидан тўхтатилган флотилия бу йил яна уриниб кўрмоқчи. Фаолларга кўра, бу сафар таркибда икки баравар кўпроқ кема бўлади ва унда минг нафаргача тиббиёт ходими қатнашади.

Йоханесбургдаги Нелсон Мандела жамғармасида йиғилган ташкилотчилар навбатдаги уринишда 100 та кемани сафарбар этишга умид қилаётганини билдирди.

«Бу — адолат ва барчанинг қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун бош кўтариб, сафда туришни истаганлар иши», деди Манделанинг набираси Мандла Мандела.

Агар флотилия яна тўхтатилса ҳам, фаоллар Ғазо фожиасига эътибор қаратиш учун бунга барибир арзийди, дея таъкидлаган.

«Биз Ғазога жисмонан етиб бормаган бўлишимиз мумкин, аммо Ғазодаги одамларга етиб бордик», деди фаоллардан бири.

Ғазо секторини блокада қилган Исроил ҳудуддаги 2 миллиондан ортиқ аҳоли учун таъминотни чеклаб келмоқда. Фаластинликлар ва халқаро ёрдам ташкилотлари сулҳ келишувига қарамай, ҳудудга етиб келаётган ёрдам ҳануз етарли эмаслигини айтмоқда.

Исроил ҳарбийлари ўтган йил октябрида Global Sumud флотилиясининг қарийб 40 та кемасини Ғазога етиб боришга уринган пайтда тўхтатиб, 450 дан ортиқ иштирокчини ҳибсга олган эди.

Трамп янги ядровий келишув хоҳламоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия билан стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича шартнома — «New START»ни узайтириш ўрнига «янги, яхшиланган ва модернизация қилинган» келишувга интилиши кераклигини айтди.

Унинг бу баёноти 5 феврал куни «New START» келишувининг муддати тугаб, стратегик ядровий кучларини чеклаб турган сўнгги ҳуқуқий мажбурият якунланган бир пайтга тўғри келди. Россия ҳам чоршанба куни шартнома томонлари энди унинг мажбуриятларига боғлиқ эмаслигини билдирди.

Келишувни вақтинча узайтириш эҳтимоли бор-йўқлиги сўралганда, Оқ уй матбуот котиби Каролин Левит «буни билмаслигини» айтди.

Москва эса шартномани узайтиришга интилганини айтмоқда. Хусусан, Владимир Путин ўтган йили 22 сентябр куни шартнома тугаганидан кейин камида бир йил давомида амалдаги чекловларни сақлаб қолишни таклиф қилган. АҚШдан эса икки томонлама каналлар орқали расмий жавоб олинмаган.

Узоқ масофага учадиган ядровий қуроллар ва уларни ташувчиларни чекловчи ушбу шартнома 2010 йил 8 апрелда Прагада имзоланган эди. Унга собиқ президентлар Барака Обама ва Дмитрий Медведов қўл қўйган.

Балужистондаги операция

Покистон ҳарбийлари пайшанба куни Балужистонда айирмачи гуруҳларга қарши бир ҳафталик амалиёт якунланганини маълум қилди. Ушбу амалиёт давомида айирмачилар ўнлаб жойларга бостириб кириб, одамларни гаровга олган, портлашлар уюштирган ва хавфсизлик кучлари билан қуролли тўқнашувлар олиб борган.

Ўтган ҳафта айирмачи Балуж озодлик армияси мувофиқлаштирилган ҳужум бошлагач, ҳудуд деярли бутунлай фалаж ҳолатга келиб қолган эди.

Шундан сўнг Покистон ҳарбийлари бетартибликка қарши операция муваффақиятли якунлангани, «уйқудаги» ячейкалар фош этилганини билдирди. Амалиёт давомида 216 нафар жангари йўқ қилинган. Шунингдек, жангларда 22 нафар хавфсизлик ходими ва 36 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Айирмачилар эса ўзларининг «Қора бўрон» операцияси ҳануз давом этаётганини айтиб, Покистон армиясининг 310 нафар аскарини ўлдирганини даъво қилди.

Покистон далил келтирмаган ҳолда ҳужумларда Ҳиндистонни айбламоқда: «Ҳиндистон ўз вакиллари орқали Покистонда терроризмни яна кучайтирди», деди пайшанба куни бош вазир Шаҳбоз Шариф. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни рад этиб, Исломобод «минтақа аҳолисининг узоқ йиллик талабларини ҳал этишга эътибор қаратиши кераклигини» билдирди.

Минераллар ва табиий ресурсларга бой Балужистон Эрон ва Афғонистон билан чегарадош, у ерда Хитойнинг катта инвестициялари жойлашган. Сепаратистлар кенгроқ мухторият ва бойликлардан кўпроқ улуш талаб қилмоқда.

Мерц Яқин Шарқда

Яқин Шарққа келган Германия канцлери Фридрих Мерц Қатар ва Саудия Арабистони каби мамлакатларни «ишончли шериклар» сифатида кўриб, уларга қурол-аслаҳа экспортини оширишга тайёр эканини билдирди.

Мерц уч кунлик сафари доирасида ҳамкорлар билан нефт, газ ва қурол бўйича эҳтимолий битимларни ўрганмоқда.

Германия канцлери дастлаб Ар-Риёдда Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан икки соатдан ортиқ учрашув ўтказди. Мерц Саудия Арабистони билан алоқаларни «янги босқичга» кўтаришни истаётганини айтди.

Доҳада эса Мерц минтақадаги ҳамкорлар билан «сўнгги йилларга қараганда анча интенсив тарзда қурол соҳасида ҳамкорлик қилишини» айтди. У шунингдек, Қатардан кўпроқ суюлтирилган табиий газ импортини мақсад қилганини қўшимча қилди.

«Глобал иқтисодий силкинишлар, геосиёсий ноаниқликлар ва технологик трансформация даврида Германия ва Қатар онгли равишда мулоқотни диверсификация қилиш ва инвестицияларга эътибор қаратмоқда», деди Мерц Қатар амири Ол Соний билан учрашувдан сўнг.

Шу билан бирга Канцлер Германия қурол-аслаҳани назоратсиз экспорт қилмаслигини алоҳида таъкидлади.

Германия авваллари инсон ҳуқуқлари масалалари ва Ямандаги уруш каби минтақавий можароларни сабаб қилиб, авторитар бошқарувдаги Форс кўрфази давлатларига қурол экспортини чеклаб келганди. Лекин ўтган йили бу сиёсатни юмшатиб, Саудия Арабистонига Eurofighter қирувчи самолётларини экспорт қилишга рухсат берган.

Россия–Украина уруши

Россия армияси Абу-Дабида ўтаётган уч томонлама музокаралар фонида Украинага навбатдаги комбинацияланган зарбалар берди. Хусусан, пайшанбага ўтар кечаси Россия Украинага иккита «Искандер-М» баллистик ракетаси, 183 та зарбдор дронлар билан ҳужум қилган.

Ракеталар аннексия қилинган Қрим ҳудудидан, дронлар эса Брянск, Орёл, Курск вилоятлари ҳамда босиб олинган Донецк шаҳридан учирилган. Маълумотларга кўра, Украина бўлинмалари душманнинг 156 та дронини уриб туширган.

Россия зарбалари Суми вилоятининг темирйўл инфратузилмасига қаратилган бўлган.

Худди шу куни эса БААда Украина, Россия ва АҚШ делегациялари ўртасидаги музокаралар давом этди. Томонлар музокараларнинг илк кунини ижобий баҳолади. Бироқ АҚШ давлат котиби Марко Рубио энг мураккаб масалалар ҳануз ечимсиз қолаётганини айтди.

Испания ва Португалияга бўрон ёпирилди

Сўнгги кунларда Леонардо бўрони ёпирилиши ортидан Испания ва Португалияда сув тошқинлари, кўчкилар ҳамда кенг кўламли узилишлар содир бўлди. Камида бир киши ҳалок бўлган, минглаб одамлар эвакуация қилинди.

Португалия тинимсиз ёмғирлар туфайли кучли сув тошқини хавфи юзага келгани сабаб Тагус дарёси ҳавзасида қизил даражадаги огоҳлантириш эълон қилди. Айрим жойларда аҳоли эвакуация қилинди, қарийб юз киши қутқариб олинган.

Испанияда эса бўрон Андалусияга катта талафот келтирди. Бир ҳафтадан буён давом этаётган кучли ёғингарчилик дренаж тизимларини издан чиқарди. Шундан сўнг Гразалема шаҳарчаси тўлиқ эвакуация қилинди.

Шиддатли ёмғирлар уйлар ва кўчаларни сув остида қолдирди, шаҳарнинг юқори қисмида кўчки ҳолатлари юз берди.

Бўрон Андалусияда транспорт ҳаракатини ҳам издан чиқарди. Темирйўл қатнови деярли тўлиқ тўхтатилган, 150 дан ортиқ автомобил йўллари ёпилган, аэропортда эса кучли шамоллар сабаб бир қатор рейслар бекор қилинган.

Метеорологлар яқин кунларда икки давлатда ҳам кучли ёмғир ва шамоллар давом этишидан огоҳлантириб, аҳолини хавфсизлик кўрсатмаларига қатъий риоя қилишга чақирди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид