Ўзбекистон | 12:18 / 25.01.2022
25857
2 дақиқада ўқилади

Энерготизимдаги ялпи узилиш: Мутахассис ҳакерлар ҳужуми эҳтимолини рад этмади

Фото: Chris Ratcliffe / Bloomberg

Ўзбекистон энергетик коллапс юзага келиши сабаблари ҳақида турли тахминлар билдирилмоқда. Носозлик бир вақтнинг ўзида учта давлатни қамраб олгани, бунақаси охирги йилларда деярли кузатилмагани воқеада ташқи кучлар таъсири бўлиши эҳтимоли ҳақида фикрларга ундайди.

Кибержиноятчиликка қарши кураш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича мутахассис Kun.uz билан суҳбатда ҳакерлар ҳужумини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмаслигини айтди.

“Ҳакерлар ҳужуми эҳтимоли бор албатта. Бундай ҳолатлар дунё амалиётида бир неча марта учраган. МДҲ давлатларидан Украина энерготаъминоти секторига киберҳужумлар бўлгани тасдиқланган. Шунингдек Европа давлатларида ва ҳатто АҚШда ҳам бундай кибержиноятлар кузатилган, таъминот бир неча соатга узилган ва давлатга миллиардлаб доллар зарар етказилган. Албатта, ҳакерлар ҳам анойи эмас, из қолдирмасликка ҳаракат қилишади.

Ҳакерларга бундан нима фойда, деган савол туғилиши табиий. Аксарият ҳакерлар реалликдан узоқлашган, ўз оламида яшайдиган одамлар бўлишади. Улар ўзларини кўрсатиш учун ҳам шундай ҳаракатларга қўл уришади.

Ўзбекистонда бугун кузатилаётган ҳолатни ҳакерлик ҳужуми деб баҳолашга ҳали эрта. Буни чуқур ўрганиш лозим ва фақат ваколатли органларгина бундай хулоса беришга ҳақли.

Лекин бир жиҳат бор – Ўзбекистон энерготизими ривожланган давлатлар сингари тўлиқ рақамлаштирилмаган. Бу ҳолат бугунгидек вазиятларда фойда бериши мумкин, яъни киберҳужумлар эҳтимоли ва самарадорлиги паст бўлади”, – деди мутахассис.

Мавзуга оид